loader
Foto

36. Аш-Шакур

У озгина тоат учун кўплаб даражалар берадиган Зотдир. Саноқли кунларда (беш кунлик дунёда) қилинган амалга охиратда чексиз неъматлар ато этади.

Одатда, яхшиликка икки ҳисса мукофот берган киши ҳақида гап кетганда у «шу яхшиликка шукр қилди» дейишади. Яна кимки ўзига эҳсон қилувчини мақтаса, унга ҳам «шу яхшиликка шукр қилди» дейилади.

Агар мукофотлашдаги зиёдалик маъносига назар солсанг, Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким мутлақ шакур бўла олмайди. Чунки унинг мукофотлашдаги зиёда этиши ҳадсиздир. Дарҳақиқат, Жаннат неъматининг мисли топилмас! Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

(Жаннат аҳлига): «Ўтган кунларда (дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) ёкимли иштаҳа билан еб-ичаверингиз!» (дейилур) («ал-Ҳаққа» сураси, 24 оят).

Шунингдек, сано-мақтовнинг асл маъносига қарасанг, ҳар бир сано айтувчининг мақтови ўзгаларга бўлади. Агар Парвардигор таоло бандаларнинг амалларини мақтаса, ҳагргқатда, Ўзининг феълига сано айтган бўлади, чунки уларнинг амалларини Ўзи яратгандир.

Шу жиҳатдан, неъмат бериб, яна неъмат берувчига сано айтган зот Шакур исмига ҳақлироқдир.

Аллоҳ таолонинг бандаларига айтган мақтови эса бир эҳсондир. Бунга Қуръони карим оятлари далилдир, масалан:

Албатта, муслим ва муслималар мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳа ромдан) сақловчи эркаклар ва (авратла-рини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар борки, улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир» («Аҳзоб» сураси, 35-оят).

(Яна Биз Айюбга айтдик): «Қўлингга бир боғ (новдани) олиб, у билан (хотинингни) ургинда, қасамингни бузмагин!» Дарҳақиқат, Биз (Айюбни) сабр қилувчи деб топдик. У нақадар яхши бандадир! Ҳақиқатан, у доимо (Аллоҳ йўлига) бутунлай қайтгувчидир. («Сод» сураси, 44-оят).

Танбиҳ. Бир бандани иккинчи бандага ташаккур айтмоғи важҳидан шокир деб тасаввур этилади, қачонки бир гал ўзига қилинган эҳсони учун мақтаса, бошка сафар ўзига қилингандан кўпроқ яхшилик билан мукофотласа. Бу яхши хислатлардан ҳисобланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки инсонларга ташаккур айтмаса Аллоҳ таолога шукр қилмайди», — деганлар.

Банданинг Аллоҳга шукр этмоғи бир мажоз ва кенгчиликдир. Унинг айтган саноси нуҳсонлидир, чунки Аллоҳга сано айтиб тугатиб бўлмас. Агар итоат қилаётган бўлса, ана шу тоати ҳам Аллоҳ таолодан бўлган яна бошқа бир неъматдир. Балки айтаётган шукрининг ўзи ҳам шукрга сабаб бўлган неъматнинг ортидан келиб турган янги бошқа бир неъматдир.

Шу боис Аллоҳ таолонинг неъматларига шукр этмоқнинг чиройли йўли уларни гуноҳга сарфламасдан, тоатга ишлатишдир. Бу ҳам Аллоҳнинг тавфиқи ва банданинг Парвардигорига шокир бўлишини муяссар қилганидир.

Бу маънони тасаввур қилиш учун дақиқ ва кўп сўз юритиш керак. Биз буни «Иҳёу улум ад-дин» китобининг шукр бобида зикр қилганмиз. Шундан излансин, чунки бу китоб кенг тафсилотни сиғдирмайди.

Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг

"Аллоҳнинг гўзал исмлари" китобидан