loader
Foto

Ар-Рашид Ҳорун Абу Жаъфар

Ар-Рашид Ҳорун Абу Жаъфар ибн ал-Махди Муҳаммад ибн ал-Мансур Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Али ибн Абдуллоҳ ибн ал-Аббос.

Отаси қолдирган васиятга биноан 170 (786-87) йили рабиул-аввалдан 14 кун қолганда шанба кечаси акасининг ўлими олдидан халифа бўлди. Ас-Сувлий деди: шу кеча Рашид Абдуллох ал-Маъмун номли ўғил кўрди. Бошқа ҳеч бир замонда шундай бир кеча бўлмаганки, унда бир халифа ўлиб бошқаси ўтириб. яна бири туғилган бўлса. Унинг куняси Абу Мусо эди, кейин Абу Жаъфар бўлди.

У отасидан, бобосидан ва Муборак ибн Фазоладан ҳадис айтган. Ўзидан эса ўғли Маъмун ва бошқалар ривоят этдилар. У мўминларнинг амири, дунё подшоҳларининг энг улуғларидан эди. Кўп ғазот ва ҳажлар қилган.

У 148 (765-64) йили отаси Рай ва Хуросон амири бўлган вақтда Райда туғилди. Онаси - Хайзурон исмли канизак. Ҳодининг ҳам онаси ўша.

У оқ танли, узун бўйли, чиройли, хушсурат ва нутқи равон киши эди. Илм ва адабдан (адабиётдан) бохабар эди. Халифалик вақтида умрининг охиригача кечалари юз ракатдан намоз ўқиган. Касал бўлсагина қолдирган. Кунига ўз ҳалол молидан минг дирҳамдан садақа берган. Илм ва илм аҳлини севар, ислом қоидаларини қаттиқҳурмат қилар эди. Динда риёкорлик қилганларни ва насга (Қуръон ва ҳадис матнига) хилоф гапларни жуда ёмон кўрар эди. Бишр ал-Мурайсийнинг (мўътазилаларнинг катталаридан) Қуръон яралган деган сўзини эшитганда “уни қўлимга тушса калласини оламан деган эди”. Унингўз ҳавои нафси учун, қилган исроф ва гуноҳлари учун кўз ёш тўккан пайтлари бўлган, айниқса, ваъз эшитганда. Шунингдек, у мақтовномаларни яхши кўрар эди. Бундан мол-дунёни аямас эди. Шеърлари ҳам бор.

Бир гал воиз Ибн Саммокка жуда катта иззат- ҳурмат кўрсатади. Шунда Ибн Саммок: “Сенинг мартабангда кўрсатган камтарлигинг мартабангдан кўра юксакрокдир”, дебди ва ваъз айтиб уни йиғлатибди”.

Фузайл ибн Иёзнинг уйига ўзи борар эди.

Абдурраззоқ деди: “Фузайл билан бирга Маккада бирга эдим. Шу вақт Ҳорун ўтиб қолди. Фузайл деди: “Одамлар буни ёмон кўришади. Мен учун эса ер юзида энг азиз зот шу. У ўлса, даҳшатли ишларни кўрасан”.

Абу Муовия аз-Зарир айтади: “Ҳар вақт Рашиднинг ҳузурида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни зикр этсам, у соллаллоҳу ала саййиди” (саййидимга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин) дер эди. Мен унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Аллоҳнинг йўлида жанг қилсаму ўлдирилсам, сўнгра тирилсаму яна ўлдирилсам”, деган ҳадисларини айтган эдим, шундай йиғладики, дод солди.

Мен бир куни унга “Одам ва Мусо баҳслашиб қолишибди”, деган ҳадисни айтиб бердим. Унинг ҳузурида қурайшнинг катталаридан бири ўтирган эди. “Уни қаерда учратибди?” - деб қолди. Шунда Рашид ғазабга келиб: “Кунда ва қилич! Бу зиндиқ Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисига таъна қилаётир!” деди. Мен шунда: “Эй амиралмўминин, у бир марта шундай деб қўйди (афв этинг)”, деб зўрға тинчлантирдим”.

Абу Муовиядан ривоят: “Бир куни Рашид билан овқатландим. Сўнгра қўлимга бир киши сув қуйди. Мен уни таниёлмадим. Рашид кейин деди: “Сенга сув қуйган кимлигини биласанми?” “Йўқ”, дедим. “Мен эдим, илмингни ҳурмати”, деди у”.

Мансур ибн Аммор деди: “Ушбу учтасидан кўп йиғловчи одамни кўрмадим: Фузайл ибн Иёз, Рашид ва яна бир одам”.

Убайдуллоҳ Қаворири деди: “Фузайл Рашидга: “Эй хушсуврат киши, бу умматга сен масъулсан-а” деди-да, бизга Лайс Мужоҳиддан ривоят қилди деб шу ҳадисни келтирди: “Ва тақат-таат биҳимул асбоб” ояти (улардаги сабаблар узилади)нинг маъноси: “Қариндош-уруғчилик бўлмайди” (иш бермайди) дегани экан”. Шунда Ҳорун ҳўнграб йиғлаб юборди. (Аббосийлар пайғамбарга қариндош эдилар)”.

Мақтовга лойиқ ишларидан бири, Ибн Муборак ўлганда ўзи аза тутиб ўтирди, аъёнларини ҳам шунга буюрди.

Нефтавайҳ деди: “Рашид бобоси Абу Жаъфарнинг йўлидан борди. Лекин у каби очкўз бўлмади. Ҳақиқатда, саховатда унга тенг халифа ўтмаган. Бир гал Суфён ибн Уяйнага юз минг, Исҳоқ Мавсилийга эса икки юз минг (дирҳам бўлса керак) мукофот берди. Марвон ибн Абу Ҳафсани бир қасидаси учун беш минг динор, усти-бош сарпо, шахсий уюридан яхши бир от ва ўнта румлик қуллар билан сийлади”.

Асмаий айтади: “Менга Рашид, эй Асмаий, нима учун сен бизни эсдан чиқардинг, нима учун биздан узоқлашиб кет-динг?” деди. Мен дедим: “Аллоҳ ҳаққи, эй амиралмўминин, сени олдингга келай десам менга сендан кейин ҳеч бир юрт лойиқ бўлмай қолади”. У жим бўлиб қолди. Одамлар тарқагач, у мендан, “Лойиқ бўлмайди деганинг нима деганинг?” деб сўради. Мен дедим: “Тутиб туролмайди, демоқчи эдим, (кети-шимга тўғри келади, демоқчи бўлса керак). Шоирнинг ушбу сўзларини эшитмаганмисан:

Икки кафтинг, бири лойик, эмас дирҳамга,

сахийлигидан, бошқаси қилични қонга ҳондиради...

Шунда Рашид: “Қойил, мана шундай бўлгин, кўпчиликнинг олдида ҳурмат қил, ёлғиз қолганимизда ўргат”, деди. Сўнг менга беш минг динор беришларини буюрди”.

Масъудий “Марваж”да дебди: “Рашид Рум денгизи (Ўртаер денгизи) билан Қулзум (Кизил денгиз) денгизини Фарама (Мисрдаги шаҳар) тарафидан боғламоқчи бўлди. (канал билан) Шунда, Яҳё ибн Холид Бармакий: румликлар кемалари билан Ҳижозга киришлари ҳамда Масжиди Ҳарамдан одамўғирлашлари мумкин, деди. Шундан кейин бу фикридан у қайтди”.

Жоҳиз деди: “Рашиднинг хизматида бошқаларда бўлмаган одамлар йиғилган эди. Вазирлари Бармакийлар, қозиси - Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳ, шоири - Марвон ибн АбиХафса, надими - Аббос ибн Муҳаммад, ҳожиби (эшик оғаси) уларнинг энг билимдони ва энг улуғи - Фазл ибн Рабеъ, қўшиқчиси - Иброҳим Мавсилий ва хотини Зубайда”.

Бошқа бир одам деди: “Рашиднинг даври бари яхши эди, яхшиликда худди тўйдек эди”.

Заҳабий деди: “Рашид ҳақида узоқ гапириш мумкин, унинг фазилатлари сероб. Шунингдек, ўйин-кулгу, кайфу-сафо қилгани, куй-қўшиқ эшитгани ҳам маълум. Аллоҳ марҳаматини дариғ тутмасин”.

Унинг даврида дунёдан ўтган таниқли шахслар: Молик ибн Анас, Лайс ибн Саъд, Абу Ҳанифанинг шогирди Абу Юсуф, Қосим ибн Муин, Муслим ибн Холид аз-Занжий, Нуҳ Жомеъ, ҳофиз (олим) Абу Аввона Яшкарий, Иброҳим ибн Саъд Зуҳрий, Абу Исҳоқ Фазорий, Шофеъийнинг устози Иброҳим ибн Абу Яҳё, Абу Ҳанифанинг катта шогирдларидан Асад Куфий, Исмоил ибн Айёш, Бишр ибн Фазл, Жарир ибн Абдулҳамид, Зиёд Баккоий, Ҳамзанинг (қори) дўсти Салим қори, араб тили имоми Сийбавайҳ, зоҳид Зайғам, зоҳид Абдуллоҳ Амрий, Абдуллоҳ ибн Муборак, Абдуллоҳ ибн Идрис Куфий, Абдулазиз ибн Аби Хозим, Даровардий, қори ҳамда наҳвчиларнинг шайхи Кисоий ва Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан иккови бир кунда, Али ибн Мусъҳир, Ғанжор, Исо ибн Юнус Субайъий, Фузайл ибн Иёз, воиз Ибн Саммок, шоир Марвон ибн Абу Ҳафса, Муофий ибн Имрон Мавсилий, Муътамир ибн Сулаймон, Миср қозиси Муфаззал ибн Фазола, авлиёлардан Мусо ибн Рабиа Абул Ҳакам Мисрий, Нўъмон ибн Абдуссалом Исфаҳоний, Ҳушайм, Яҳё ибн Абу Зоида, Язид ибн Заре, наҳвчи Юнус ибн Ҳабиб, Мадина қориси Ёқуб ибн Абдурраҳмон, Моликнинг шогирдларидан, Андалус олимларидан Саъсаъа ибн Салом, Моликнинг энг катта шогирдларидан Абдурраҳмон ибн Қосим, машҳур шоир Аббос ибн Аҳнаф, қори Абу Бакр ибн Иёш, Юсуф ибн Можишун ва бошқа улуғлар.

Унинг даврида юз берган воқеалардан баъзилари: 175 йили Абдуллоҳ ибн Мусъаб Зубайрий Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан Алавийга туҳмат қилиб: “У мендан Рашидга қарши бирга исён қилишни сўради”, деб айтди. Шунда Яҳё Рашиднинг ҳузурида Абдуллоҳ билан ўзаро лаънатлашишди ва уни қўлидан ушлаб шундай дегизди: “Эй бор Худоё, агар Яҳё мени амиралмўмининга қарши чиқишга ва исёнга даъват этмаган деб билсанг мени ўз куч-қувватимгагина топшир ва ўзингнинг ғазабинга гирифтор айла, омин ё роббал оламин!” Зубайрий тараддудланиб бўлса-да, дуони такрорлади. Кейин Яҳё ҳам ўшандай қасам ичди ва туриб кетишди. Шундан кейин Зубайрий ўша куниёқ ўлди.

176 йили амир Абдурраҳмон ибн Абдулмалик ибн Солиҳ Аббосий томонидан Дабса шаҳри фатҳ бўлди.

179    йили Рашид рамазон ойида умра қилиб, сўнг ҳаж қилгунча эҳромдан чиқмади. Маккадан Арафотга пиёда борди.

180    (796-797) йили қаттиқ зилзила юз берди. Искандария минорасининг каллаги қулаб тушди.

181-ҳижрийда Сафсоф қалъаси куч билан Рашид томонидан фатҳ этилди.

183 (799-800) йили Хазар (хазарлар бўлса керак) Арманистонга юриш қилдилар. Аҳли исломга ҳужум қилдилар, қонларини тўқцилар, юз мингдан ортиқ аҳолини асир олдилар. Исломга қарши бунгача ҳеч эшитилмаган воқеалар содир бўлди. 187 (803) йили Рашидга Рум подшоси Нақфур (Никифор)дан мактуб келди. Унда мусулмонлар билан Рум маликаси Рене ўртасида тузилган тинчлик битими бузилганлигини маълум килди. Мактубнинг мазмуни шундай: “Рум подшоҳи Нақфурдан араблар подшоси Ҳорунга, шундоқки, мендан аввалги малика аёлларга хос заифлик ва аҳмоқлик боис сенга кўплаб ўз бойликларидан жўнатиб, сени “руҳ” мақомига қўйиб, ўзини "пиёда” мақомига олган экан. Ёзганларимни ўқигач, ундан олган молларингни қайтариб юбор! Йўқса, жанг!”

Рашид мактубни ўқиб шу қадар дарғазаб бўлдики, бирор кимса сўз айтиш тугул унинг юзига қарашга ҳам ботина олмади ва мажлис аҳли қўрқиб тарқаб қолишди. Вазирлардан бирор фикр чиқмагач, Рашид давот келтиришни буюриб шундай деб ёзди: “Бисмиллоҳир раҳмонир раҳийм. Мўминларнинг амири Ҳорундан Румнинг ити Нақфурга! Ёзганингни ўқидим, эй кофир аёлнинг боласи, жавоби эса эшитганинг эмас, кўрганинг бўлади”.

Сўнгра ўша куниёқ йўлга тушиб, шу юрганча Ҳарқал (Геракл) шаҳрига бориб ҳужум қилди ва бу ғазотнинг донғи чикди. Унда тўла ғалабага эришилди. Нақфур сулҳ сўради. Ҳар йили хирож тўлаш мажбуриятини олди. Таклифи қабул қилинди. Рашид орқага юриб Раққага етганда ул ит ўз ахдини бузди. У Рашидни совукда ортга қайтмаса керак, деб ўйлаган эди. Шунда ҳеч ким унинг хиёнатини Рашидга етказмоққа журъат этолмади. Лекин Абдуллоҳ ибн Юсуф Таймий шундай дея олди:

Нақфур ваъдасини бузди,

энди унинг бошига балолар ёғилгай...

Хурсанд бўл, эй амиралмўминин, ахир у

Аллоҳ ўзи берган катта куй-ку.

Абул Атоҳия ҳам байтлар айтиб, унга тақдим этди.

- Ҳали шундай қилдими? - деди-да отланиб, оғир машаққатлар билан ортга қайтди. Бориб тўғри Нақфурнинг ҳовлисига тушди. Сўнг жанг қилиб, мурод-мақсадига етмагунча тўхтамади. 189 йилга келиб Рум мамлакатида бирорта мусулмон асири қолгани йўқ.

Ҳорун 190 (806-805) йили Ҳарқалани фатҳ этгач, қўшинлари Рум ерлари бўйлаб тарқатди. Шураҳбил ибн Муин ибн Зоида Сақолаба қалъасини, Язид ибн Мухаллад Малқунияни фатҳ этган бўлса, Ҳумайд ибн Маъюф Қибрс (Кипр)га юриш қилди, у ерни вайрон этиб, ўт қўйди. Аҳолисидан 16 мингини асир олди.

192    (808-807) йили Рашид Хуросонга қараб юрди. Муҳаммад ибн Сабоҳ Табарийнинг айтишича, унинг отаси Рашидни Наҳравонгача кузатиб қўйган. Йўлдаги суҳбат давомида шундай дебди:

- Эй Сабоҳ, кейинги йили мени кўрмайсан деб ўйлайман.

- Йўқ, Аллоҳ сени саломат қайтаргай.

- Мен топиб олган нарсадан сен бехабар бўлсанг керак.

- Ҳа, абатта бехабарман.

- Бу ёққа кел, мен сенга уни кўрсатаман, - деди-да четга чиқди. Соқчиларга ишора қилди, улар узоқлашдилар.

- Бу Аллоҳнинг омонати, уни мен учун сир тутасан, - деб кийимини кўтарди, қорни ипак мато билан ўралган эди. Бу ярани барчадан яшириб келаяпман. Ўғилларим бари мени кетимдан кузатувчи қўйган. Масрур Маъмунга, Жибрил ибн Бахтишуъ Аминга қарашли, учинчисини унутдим. (Сабоҳнинг сўзи - тарж.) Улар менинг нафасимни, кунимни санайди. Муддатимни жуда узайиб кетди деб ҳисоблаяптилар. Агар сен буни билмоқчи бўлсанг, қара, ҳозир мен уларга яхши бақувват, йўрға от келтиришларини сўрайман, улар эса касалим зўрайсин деб ориқ, нимжон от келтирадилар, - шундай деб, бақувват арғумоқ беришларини сўради. Улар эса боя у айтгандек, отни келтириб бердилар. У менга қараб кўйди-да, отга минди. Мен билан хайрлашиб, Журжонга йўл олди.

193    (809-808) йили сафар ойида касал ҳолда Тусга келди. Вафотига қадар у ердан кетмади.

Рашид ўғли Муҳаммаднинг номига унинг онаси Зубайданинг қистови билан 175 (791-92) йили байъат олади. Унга Амин деб лақаб қўяди. Ўшанда ёши бешда эди.

Заҳабий айтади: “Исломда имомат тарафидан илк ожизлик (қатъиятсизлик) ана шунда юз берди”.

182 (798-799) йили Аминдан кейин бошқа ўғли Абдуллоҳ валиаҳц бўлиши ҳақида байъат олади. Унга эса Маъмун лақабини қўяди. Хуросоннинг барини унга топширади.

186 (802) йилда икки акасидан кейин Қосим тахт вориси бўлишига байъат олади. Унга Мўтамин деган лақаб қўяди. Жазира ва чегара ерларни унинг ҳукмронлигига топширади. У шунда ҳали ёш гўдак эди. Шу учтаси ўртасида дунёни бўлиб берганида оқиллардан бири шундай дебди: ўрталарига низо уруғини сочиб қўйди, буни касофатини эса раият тортади. Бу байъатга бағишлаб шоирлар мадиҳалар битишди. Байъатнинг бир нусхасини байтуллоҳга остириб қўйди. (Бу ерда Иброҳим Мавсилий ва Абдулмалик ибн Солиҳ бу ҳақдаги байтлардан келтирилган).

Баъзиларнинг айтишларича, Рашид ўғли Мўътасимни бесавод бўлгани учун халифа бўлишдан четлатган, аммо Аллоҳ таолонинг ўзи халифаликни унга олиб берган. Кейинги барча халифалар унинг зурриётидан чиққан. Бошқа ўғилларининг авлодидан халифа чиқмаган.

Салм Хосир Аминнинг валиаҳд бўлганига бағишлаб ҳамда Зубайдани мақтаб бир шеър айтганида унинг оғзига гавҳар солиб қўйган экан. Кейинуўша гавҳарни йигирма минг динорга сотган экан.



Рашид хақида келган хабарлардан

Ас-Сувлий Яъқуб ибн Жаъфардан ривоят қилади: “Рашид халифа бўлган йили ғазотга чиқиб Румнинг чекка ерларигача етди. Шаъбонда орқасига қайтиб, ўша йили ҳаж ҳам қилди. Икки ҳарамда кўплаб садақотлар тарқатди. У тушида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрган бўлади. У зот: “Бу иш (халифалик) шу ойда сенга ўтади, шунинг учун сен ғазот қил, ҳаж қил, икки ҳарам аҳлига саховат қил”, дейдилар. Кейин у шу ишларни бажарди”.

Муовия ибн Солиҳ айтади: “Отам Рашиднинг айтган биринчи шеъри ҳақида шундай деди: халифа бўлган йили ҳажга борганда бир ҳовлига кирса, хоналаридан бирининг деворига: “Эй амирал мўминин, наҳот, Ҳабибингнинг ҳижрони энг катта фидянг эканлигини билмасанг”, деб ёзилган экан. “Йўқ, биламан, тамға босилган ҳадялар, Макка кўчаларида калтак еб юрган жониворлар ҳечдур”, деб тагига ёзиб қўйди” (Ас-Сувлий ривояти).

Ибн Асокир Ибн Улайядан ривоят қилади: “Ҳорун ар-Рашид бир зиндиқни тутиб калласини олишга буюрди. Шунда зиндиқ деди: “Нима учун калламни олаяпсан?

- Бандаларни сендан халос қилиш учун.

- Ундоқ бўлса, ўзинг тўқиган, орасида Расулуллоҳнинг сўзидан бир дона ҳарф ҳам бўлмаган мингта ҳадисга нима дейсан?!

- Эй Аллоҳнинг душмани, Абу Исҳоқ Фазорий ва Абдуллоҳ ибн Мубораклар уларни бирма-бир элакдан ўтказиб, ҳарфма-ҳарф чиқариб берганларига нима дейсан? - деди”.

Ас-Сувлий айтади: “Исҳоқ Ҳошимий деди: “Рашиднинг ҳузурида эдик, шунда у деди:

- Эшитишимча, оддий халқ мени Али ибн Толибга душманлиги бор деб ўйларканлар. Аллоҳ ҳаққи, мен уни яхши кўргандай ҳеч кимни яхши кўрмайман. Леки анавилар (Ализодалар) улар учун қасосларини олиб берганимизга, улар билан ихтиёримиздаги нарсаларни баҳам кўрганимизга қарамай, улар бизни жуда ёмон кўришади, бизни кўп ёмонлашади, ҳокимиятимизга жуда кўп зарар етказишади. Улар биздан кўра Бани Умайяга мойилроқ. Алининг ўз ўғилларига келсак, улар оиласининг улуғлари, фазилатлари кўп. Дарвоқе, Ибн Аббос: “Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ҳасан ва Ҳусайн ҳақида, ким уларни яхши кўрса мени яхши кўради, ким уларни ёмон кўрса, мени ҳам ёмон кўради”, деганларини ҳамда Фотима, Марям ва Музоҳим қизи Осиядан кейин аёлларининг саййидаси деганларини, эшитганман деган”.

Ривоят қилишларича, Ибн СаммокРашиднингҳузурига кирган. Рашид ундан сув сўраган. У бир кўзада сув келтирган. Рашид кўзани олмоқчи бўлганда Ибн Саммок: “Эй амиралмўминин, шошманг, айтинг-чи, агар шу сув бўлмаса сотиб олармидингиз? Рашид: “Давлатимнинг ярмини бериб бўлса-да, сотиб олардим”, -деди. “Ичинг унда, эй амиралмўминин!” деди. У ичиб бўлгач деди: “Агар шу сув танангиздан чиқмай қолса, унинг чиқишини қанчага сотиб олган бўлардингиз?” -    Жамики мулкимга, - деди Рашид.

- Ундай бўлса, баҳоси бир ҳўплам сув билан озгина сийдикчалик бўлган подшоҳликучун низо-ю адоватга ҳожат борми? - деганида Ҳорун ўнграб йиғлаб юборган”.

ИбнЖавзийдеди:“РашидШайбонга:“Менганасиҳатқил”,деди. У деди: “Омонликка элтиш учун сенга қўрқув солувчи суҳбатдош, сени юпатиб охири ҳалокатга гирифтор қилувчи суҳбатдошдан шаксиз яхшироқцур”. Рашид: “Сўзингни тушунтирибоқ айт”, деди. У деди: “Раият учун сен масъулсан, шунинг учун Худодан қўрққин”, дегувчи одам сенга “Сизлар аҳли байътсиз (пайғамбар авлоди), сизларнинг гуноҳларингиз кечирилган, сизлар пайғамбарингиз алайҳиссалоту вассаломмнинг қарин-дошларисиз” дегувчи одамдан кўра садоқатлирокдур”. Рашид йиғлади, шундай йиғладики, унга атрофдагиларнинг ҳатто раҳми келди”.

Ас-Сувлийнинг “ал-Авроқ” китобида ўз санади билан ривоят қилади: “Рашид халифа бўлиб Яҳё ибн Холидни ўзига вазир этгач, Иброҳим Мавслий (машҳур кўшиҳчи, 804 йилда вафот этган. Мавсил, Ирокд шундай деди:

Кўрганмисан, ҳуёш бемор бўлганин, Ҳорун келгач, порлади нури уни яна.

У подшо бўлди-ю ортди дунёжамоли,

Ҳорун унга подшо, Яҳё бўлди вазири,

- деганда юз минг дирҳам Ҳорун, эллик минг дирҳам Яҳё ҳадя қилди”.

Қози Фозил ўзиниг бир рисоласида, ҳеч бир подшоҳ илм талабига Рашидчалик кўп сафар қилганини билмайман. У ўғиллари Амин ва Маъмун билан “Муватто”ни Моликнинг ўзидан эшитиш учун раҳматлининг ҳузурига кўчиб борган, деб ёзибди. Яна шундай дебди: “Рашид эшитган “Муватто” мисрликларнинг хазинасида эди. Кейин уни эшитиш учун султон Салоҳиддин ибн Айюб Искандарияга сафар қилади ва уни Абу Тоҳир ибн Авфга ўқитиб тинглайди. Учинчи шундай подшоҳ бўлганлигини билмайман”.

Рашид Хуросоннинг Тусида бўлган ғазотда ўлди ва 193 йили 3-жумодул охирда ўша ерга кўмилди. Ёши 45 да эди. Жанозасини ўғли Солиҳ ўқиди.

Ас-Сувлий айтади: “Рашид ўзидан кейин 100.000.000 динор ва 100.025.000 динорга тенг бўлган уй анжомлари, гавҳар, кумуш ва ҳайвонлар қолдирган”.

Айтишларича, Рашиднингўлимига Жибрил ибн Бахтишуънинг адашиб нотўғри дори билан даволагани сабаб бўлган. Ай-тишларича, Рашидга тушида Тусда ўлиши маълум бўлгач, йиғлайди. Менга қабр ковланг дейди. Ковланган қабрнинг устига кўтариб олиб келишади. Уни кўриб, эй одам боласи, келадиган жойинг шуми? - дейди ва бир жамоани қабрга тушиб хатм қилишга буюради, ўзи тахтиравонни қабрнинг чеккасига қўйдириб ўтиради.

Вафотидан сўнг ўғли Аминга аскарлар ичида байъат берилади. Ўшанда у Бағдодда эди. Хабар етгач, жумани ўқиб, хутба айтади ва Рашиднинг ўлимини эълон қилади. Хизматкор Ражо чопон, асо ва муҳр (узук)ни олиб ўн икки кунда жумодул охирнинг ўртасида Марвдан Бағдодга етиб келади. Уларни Аминга топширади.

Рашид ривоят қилган ҳадислардан: “Анасдан ривоят қилинади: “Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом дедилар: “Бир тишлам хурмо бериб бўлса ҳам дўзахдан қутулинглар” (Ас-Сувлий ривояти).

Али ибн Абу Толибдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Оғзингизни тоза тутинг, зеро, у Қуръонга йўлдир”.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан