Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади”, – дедилар. Сўнг, “Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир” [Ҳижр сураси 75-оят] оятини ўқидилар” (Термизий ривоят қилган).
Уламолар фаросатни икки қисмга бўладилар.
Биринчиси: Аллоҳ таоло ўзининг валий бандаларининг қалбига солган кароматдир. Ушбу каромат орқали инсонларнинг ҳолатини билиб турадилар.
Уламолар бунга мисол қилиб, Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳаётларида содир бўлган қуйидаги воқеани келтирадилар: Бир куни у зотнинг ҳузурига бир киши кирди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу:
– Сизлардан бирингиз кўзларидаги гуноҳ асари билан кириб келмоқда, – деди. Ҳалиги киши ҳайрат билан:
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин ҳам ваҳий борми?! – дея ғалати ҳолатга тушиб қолди. Усмон розияллоҳу анҳу:
– Йўқ, лекин содиқ фаросат бор, – деди.
Иккинчиси: Далил, асос ва тажрибалар, инсонларнинг хулқ – атвори, ташқи кўриниши орқали ўрганиладиган қисмдир. Мана шу билан инсонларнинг ҳолатини билиб туради.
Мановий раҳматуллоҳи алайҳ, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисдаги сўзлари ҳақида: “Мўминнинг фаросатидан эҳтиёт бўлинглар, чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади”, – яъни “Мўмин қалбидаги кўзни қамаштирувчи нурлари билан яширин, пинҳоний фикрлардан хабардор бўлиб туриши, ҳақиқатлардан воқиф бўлишидан эҳтиёт бўлинглар. Чунки у Аллоҳнинг нури ила ёришган қалб кўзи ила назар солади”, – деб шарҳ қилган.
Ҳоким Қутайбадан ривоят қилиб айтади. “Мен Муҳаммад ибн Ҳасан ва Шофеъий (раҳимаҳумаллоҳ) ларни Каъбанинг ҳовлисида ўтирганларини кўрдим. Уларнинг олдидан бир киши ўтди. Улардан бири:
– Кел, мана бу одамнинг касби – кори ҳақида фаросатимизни ўткирлигини синаб кўрамиз, – деди. Улардан бири:
– У тикувчи, – деди. Иккинчиси эса:
– У дурадгор, – деди. Кейин унга бир одамни юбориб, касби ҳақида сўрадилар.
– Аввал тикувчи эдим. Ҳозир дурадгорлик билан шуғулланаяпман, – деб жавоб берди.
Демак, гоҳида инсон ўткир ақл – фаросати билан бошқа бир инсоннинг фаолияти ва хулқ – атворини билиб олиш имконига эга бўлади.
Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, одамлар ичида ўзини ўткир ақл – фаросат эгаси, деб даъво қилаётган баъзи фирибгарлик, найрангбозлик билан шуғулланадиган, гипноз ёки фокус каби турли кўзбўямачилик қиладиган кимсалардан эҳтиёт бўлиш лозим. Уларнинг жинлар билан алоқаси бўлиб, одамларга турли алдов ва найранглар билан таъсир ўтказадилар.
Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме
масжиди имом-хатиби Авазхўжа Бахромов
манбалар асосида тайёрлади