loader
Foto

Меърож ҳақдир

Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Меърож ҳақидаги хабарлари ҳақдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Меърож ҳақидаги хабарларини ким инкор қилса, у адашган ва аҳли сунна вал жамоадан чиққан кишидир.

Шарҳ: Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг жасадлари билан осмонга, сўнг Аллоҳ таоло хоҳлаган юксак мақомларга чиққанлари ҳақиқатдир. Меърож ҳақидаги ҳадиси шарифлар турли йўллар билан собит бўлган. Уларни қабул қилмасдан рад этган киши адашган ва мубтадиъдир. “Ал-Хулоса”да бундай дейилади: “Ким Меърожни инкор этса, қаралади: агар Маккадан Байтул Мақдисга қадар бўлган Исро воқеасини (Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг кечаси Маккадан Байтул Мақдисга борганларини) инкор этса, кофир бўлади. Байтул Мақдисдан осмонга чиққанларини инкор этса, кофир бўлмайди. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.) Ҳарами шарифдан Байтул Мақдисга кечаси борганлари (Исро) оят билан собитдир. Меърож, яъни Байтул Мақдисдан осмонга кўтарилганлари суннат (ҳадис) билан собитдир. Мен (Алиййул қори) бу масала ҳақида қисқа бир рисола ёздим ва у рисолани “Ал-минҳажъ-ул-улвий-фил-Миърожин-Набавий” деб номладим.

Меърож бир неча марта бўлгандир. Шунинг учун Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Меърожга чиққанларининг сўнгги нуқталари ҳақидаги ривоятлар турличадир. Бир ривоятда жаннатга қадар, бир ривоятда кўра Аршга қадар, бир ривоятда Аршнинг устига қадар чиққанлар, дейилган.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан