loader
Foto

Қуръони карим мақсадлари шарҳи

Бу қисм даъват қилинган Зотни танитилиши ҳақидадир. Бунда маърифатуллоҳ - Аллоҳни англаш илми шарҳланади. Бу эса забаржаддир. Қуйидагилар бу маърифатни ташкил этади:

1. Аллоҳнинг Зотини таниш.

2. Аллоҳнинг сифатларини таниш.

3. Аллоҳнинг феълларини таниш.

Бу уч маърифат қирмизи ёқутдир ва у забаржаддан ҳам муҳимроқдир. Бу ёқутнинг қизил, кулранг ва сариқ даражалари (сифатида фарқлар) бор. Баъзилари бошқаларидан қимматлироқ. Ёқутлар бир-биридан фарқ қилганидек, бу уч маърифатга ҳам бир даража сифатида қаралмайди.



1. Аллоҳнинг Зотини билиш

Бу мартаба - қизил ёқут. Ундан кейин сифатларини таниш бор, бу эса кулранг ёқутдир. Яна бошқа бири - феълларини таниш бўлиб, у сариқ ёқутдир.

Бу ёқутларнинг энг қийматлиси баҳоси жиҳатидан энг қиммати ҳисобланади. Ёқутнинг бу тури жуда қимматбаҳо бўлгани учун уни олишга фақат қиролларнинг қурби етади. Бундан сифати пастроқларига эса бошқалар ҳам эгалик қилиши мумкин. Аллоҳнинг зоти билан боғлиқ илмлар ҳам шунга ўхшайди. Бу илмнинг энг тор ҳудуд, эгалланиши энг қийин, тушуниб етиш энг оғир, қабул қилиниши жуда қийин бўлган туридир. Шунинг учун Қуръонда илмнинг бу тури ишоралар орқали берилган. Бу илмнинг барчаси муқаддасликка оид.

Масалан, «Унинг ўхшаши йўкдир» ояти ва Ихлос сураси шу жумладандир. Яна қуйидаги оят ҳам юқоридаги гапимизга мисол бўла олади:

Улар жинларни Аллоҳга шерик қилдилар. Ҳолбуки, у ҳаммаларини яратган зотдир. Илмсиз ҳолда унга ўғиллар ва қизлар ясадилар. У улар васф қилган нарсалардан пок ва олий бўлди. (Жинларда инсонлардан бошқача-ғайри табиий баъзи сифатлар борлигини билгач, уларда илоҳий сифатлар бўлса керак, деб гумон қилдилар ва Аллоҳга ширк келтирдилар. Ислом ақидасидан ўзга ақидаларда ушбу нарса бор, десак муболаға бўлмайди.)

У осмонлару ерни йўқдан бор қилгувчи Зотдир. Унинг хотини бўлмай туриб, боласи қандай бўлсин?! У ҳамма нарсани Ўзи яратди ва У ҳамма нарсани яхши билгувчидир.



2. Сифатлари ҳақидаги илм

Илмнинг бу тури янада чуқурроқ бўлиб, суҳбат доираси ҳам кенг қамровли. Шунинг бу илм ҳақидаги оятлар ҳам кўп. Уларда илм, қудрат, ҳаёт, калом, самиъ, басар ва бошқа ҳолатлар акс этган.



3. Феълларига оид илм

Илмнинг бу тури чегара ва қирғоқларини кўз илғамайдиган бепоён ҳудудда ястаниб ётган уммон кабидир. Чунки бу ерда Аллоҳ ва Унинг феълларидан бошқа ҳеч нима мавжуд эмас. Аллоҳцан ташқаридан бўлган ҳар нарса Унинг феълига оид. Моддий оламда Қуръон буларнинг барчасини ўз ичига қамраб олади. Буни Қуръонда осмонлар, юлдузлар, тоғлар, дарахтлар, ҳайвонлар, денгизлар ва наботот (ўсимликлар)нинг зикр қилинишида ҳам кўриш мумкин. Уларни кўриш, ҳис қилиш мумкин. Бу феълларнинг энг қийматлиси, энг ажойиби ва яратувчининг буюклигига энг кўп далолат қиладиганларини эса кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмайди. Улар зоҳирий эмас. Бундай нарсалар малакут оламига (маънавий оламга) хосдир. Бу оламда фаришталар, илоҳий мавжудотлар, руҳ ва қалб бор. Инсоннинг бутун аъзоларида Аллоҳни танитувчи илм акс этади. Чунки уларнинг барча ўз вазифасини адо этиб бўлгач, моддий оламдан маънавий оламга ўтади. Шунингдек, Одам Атога сажда қилган, ер юзидаги инсонлар билан боғлиқ турли вазифаларни бажарувчи фаришталар ҳам маънавий оламга оид. Айни дамда, инсонни доим таъқиб қилувчи шайтон ҳам ўша оламдан эди. Фақат шайтон Одам Атога сажда қилишдан бош тортганди.

Маънавий оламдаги мавжудотлардан бири самовий фаришталар бўлиб, уларнинг энг олийси Қурубийюн номли фаришталар ҳисобланади. Улар Қуддус атрофида учрайди ва инсонларга қайрилиб қарамайдилар. Уларни Аллоҳцан бошқа ҳеч нима қизиқтирмайди. Чунки улар Роббларининг ҳузуридаги Жалол ва Жамолга (Улуғворлик ва Гўзалликка) ғарқ бўлганлар. Улар нигоҳини Аллоҳга қадаган ва куну тун Унга тасбеҳ айтишдан асло чарчамайдилар ҳам, зерикмайдилар ҳам. Аллоҳнинг улуғворлигини бошқа нарсаларда ҳис қила оладиган инсонлар ҳам бор. Буларни оддий кўз билан кўриб бўлмайди. Бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Аллоҳнинг оппоқ тупроқлари ҳам бор ва у жойларда Қуёш ўттиз кун порлаб туради. У ердаги бир кун бизнинг оламдаги ўттиз кунга тенгдир. У ерда шундай махлуқотлар борки, улар ерда Аллоҳга исён қилинишидан бехабарлар. Ҳаттоки, Аллоҳ Одам Ато ва шайтонни яратганини ҳам билмайдилар”.

Аллоҳнинг ҳудуди қанчалар кенг эканлигини билдирувчи бу ҳадис ибн Аббос розияллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган.

Унутмаки, Аллоҳ феълларининг қийматини ва уларнинг нақадар кўплигини аксар бандалари билмайди. Чунки уларнинг онги кўриб, ушлаб ҳис қилиш мумкин бўлган моддий оламнигина англаб ета олади. Уларнинг натижаси маънавий оламда акс этади. Бу худди чиғаноқнинг ташқи қобиғига ўхшайди. Бу мартабадан ўтмаган инсон анорнинг пўчоғини кўриб, унинг ичидаги лаззатли анор доналаридан бехабар қолган одам кабидирки, у ажойиботларга бой қилиб яратилган инсоннинг фақат танасинигина кўра олади.

Биринчи қисм қисқача шулар ҳақида. Бу қатламда турли-туман ёқутлар бор. Биз бу масалага оид бир қанча оят-ларни ҳам қайд этдик. Бу оятлар Қуръони Каримнинг хазинаси, қалби, моҳияти ва сиридир.

Имом Ғаззолийнинг

"Қуръони Каримнинг жавоҳирлари ва дурлари" китобидан