loader
Foto

Яхшиликка далолат қилиш ҳамда ҳидоят ёки залолатга чақириш ҳақида

Аллоҳ таоло айтади: «Роббинга даъват қил» (Қасас сураси, 87-оят). «Роббингиз йўлига ҳикмат ва гўзал насиҳат билан даъват қилинг» (Наҳл сураси, 125-оят). «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг» (Моида сураси, 2-оят). «Сизлардан яхшиликка чақирадиган уммат бўлсин» (Оли Имрон сураси, 104-оят).



Шарҳ. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Роббинга даъват қил».

Бу ояти каримада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, бутун дунёни Роббингизнинг йўлига, тавҳидга, маърифатга чақиринг, деб хитоб қилинди. Баъзи муфассирлар бу оятнинг тафсирида, бир инсон сизни тинглаш ва тингламаслигидан қатъи назар даъват қилишингиз зарур, дейилади. Бошқа бир оятда келтирилади:

«Ҳақиқатан, (такдирида иймонсиз бўлиши битилиб, дунёда) кофир бўлганлар - уларни огоҳлантирсангиз ҳам, огоҳлантирмасангиз ҳам, уларга барибир - иймон келтирмагайлар» (Бақара сураси, 6-оят).

Бу оятда азалий кофирлар борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваъз-насиҳат қилиш ва қилмасликлари барибир экани, уларга бунинг таъсири йўқлиги айтилди. Бунинг сабаби кейинги оятда Аллоҳ таоло уларнинг қалбларига ва қулоқларига муҳр қўйгани келтирилади. Шу оятни тафаккур қилгандан кейин шу нарса маълум бўладики, кофирларга қилган даъватингиз, уларни яхши инсон қилишга ҳаракатингиз савоб бўлади. Улар яхшиликка келмаса уларни амалга чақирманг, дегани эмас. Даъват қилиш бу сизнинг зиммангиздаги вазифангиз. Даъватни қилаверинг. Уларни иймонга келмагани учун сиз масъул эмассиз ва бунинг учун қиёматда ҳисоб бермайсиз.

Балки уларни хақ йўлга чақирганингиз учун сизга савоб бўлади. Бир оят бошқа бир оятни тафсир қилди. Юқоридаги оятда «...чақиринг...» дейилди. Демак, муҳими даъват қилиш, амалига жавобгар бўлмайди.

Кейинги оят, Наҳл сурасининг 125-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

«Роббингиз йўлига ҳикмат ва гўзал мавъиза билан даъват қилинг».

Аввало даъват, чақириқ Аллоҳнинг йўлига бўлиши керак. Ушбу иш Пайғамбарларнинг ҳар бирининг зиммасидаги биринчи вазифаси бўлиб келган. Бу мартаба ва мажбурият кейинчалик пайғамбарлик тугаганидан кейин тўлиқ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг зиммасига лозим бўлди.

Оятда ҳикмат билан дейилди. У луғатда бир неча маънода келади:

Аллома Олусий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида:

«Ҳикмат бу гўзал ўринда жойлашган қалбдан чиқадиган тўғри гап» деб келтирадилар.

Баъзи муфассирлар ҳикматдан мақсад Қуръон, баъзилар фиқҳ, баъзилар пайғамбарлик, дейишган.

Демак, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Яъни барча омилларни эътиборга олган ҳолда, бошқага оғир келмайдиган ҳолатда етказиш лозим.

Мавъиза сўзи «ваъз» сўзидан олинган бўлиб «йўл кўрсатиш», «хайрихоҳлик», «яхшиликни хоҳлаш» деган маъноларни билдиради.

Иўл кўрсатиш шундай гўзал услубда бўлиши лозимки, мухотабнинг - хитоб қилинаётган шахснинг қалби йўл кўрсатаётган инсонга мойил бўлсин, уни қабул қилсин. Итоат қилишнинг савоби, фойдаларини ҳамда бу гапларни қабул қилмасликнинг ёмон оқибатлари ҳақида ҳам айтиб ўтиш керак. Насиҳатдан кейин тингловчининг қалби хотиржам бўлсин. Насиҳат қилувчининг менга ҳеч ёмон мақсади йўқ, менга фақат яхшиликни хоҳлаяпти, деган ишонч бўлсин. Насиҳат қилувчи ушбу инсон қалбида динга нисбатан нафрат уйғотиб қўйишдан эҳтиёт бўлиши керак. Дўқ қилиб, амалларни бажармайдиганларни пастга урган ҳолатда даъват қилмаслик керак.

«Фатҳул мулҳим» муаллифи Ҳазрат Шаббир Аҳмад Усмоний раҳимаҳуллоҳ: «Ҳақ гап - ҳақ услубда, ҳақ ниятда айтиладиган бўлса, қабул қилинади», деганлар. Бу ҳам насиҳатнинг гўзал услуби ҳисобланади.

Яна бир оятда Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ - иқоби шиддатли Зотдир» (Моида сураси, 2-оят).

Яхшиликда, тақво ишларида бир-бирингизга ёрдам қилинг. Луғат олимлари ояти каримада зикр қилинган [бирр] ва [тақво] сўзларини бир неча маъноларини айтганлар: [бирр] сўзини «яхшилик қилиш», [тақво] сўзини эса, «қайтарилган ишлардан қайтиш», «тарк қилиш» маъноси бор. Шунда: «Яхши амалларни қилиш ва қайтарилган ишларни тарк қилишда ўзаро ёрдамлашинг», маъносида бўлади.

Ҳадиси шарифда ривоят қилинади: «Яхшиликка далолат қилувчи, худди уни қилган каби (савобга эришади)». Яна бир ривоятда: «Ким ҳидоятга чақирса, эргашувчи кишининг савобидек унга ҳам ажр бўлади. Бу (билан амал қилган кишининг) савобидан бирор нарса камаймайди», дейилган. Абул Ҳасан Мовардий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Тақво сабабидан банда Аллоҳ таолони рози қилади, яхшилик сабабидан инсонларни хурсанд қилади. Демак, Аллоҳни ва инсонларни рози қилгани учун Аллоҳ бу бандасидан рози бўлади».

Яна бир оятда Аллоҳ таоло айтади:

«Сизлардан яхшиликка чақирадиган уммат бўлсин».

Ушбу оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига яхшиликка чақириш, ёмонликдан қайтариш вазифаси юклатилди. Яъни бу умматнинг ҳаёти, умри инсонларни яхшиликка чақириш билан ўтади. Яхшилик сўзи борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яхшилик Қуръон ва менинг суннатимга эргашиш», дедилар.

Оятдаги [ядъууна] «чақирадилар» феъли ҳозирги-келаси замонда ишлатилган. Бу замоннинг ўзига хослиги қайсидир феълнинг «давомийлик», «янгиланиб туриш» каби маъноларни ҳам билдиради. Демак, инсон бу яхшиликни давомий, изчил қилиб бориши ҳамда бу ишни ўз ҳаётининг мазмуни дея англаши керак экан. Инсонларнинг яхшиликка чақиришлари ва даъватлари турли хил бўлиши мумкин. Масалан, кимдир оиласини, кимдир жамоатни, яна кимдир дўсту биродарини яхшиликка чорлайди. Бу барчанинг вазифаси ҳисобланади.

Мусулмон мусулмонни қандай қилиб яхшиликка чақиришини билиб олдик. Мусулмон бўлмаганларни яхшиликка чорлаш - бу хулқи билан, гўзал насиҳатлари билан Исломга чақириш саналади.

Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшиликка далолат қилса, унга амал қилувчининг савобидек ажр ёзилади», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ. Бу ерда «[далла] сўзи «йўл кўрсатиш», «йўл бошлаш» маъносини билдиради.

Қуръон оятларининг нозил бўлиш сабаби бўлгани каби баъзи ҳадисларнинг ҳам айтилиш сабаби бор. Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Менга минишга бир улов беринг, қийин аҳволда қолдим», деди. Шунда бир киши ўрнидан туриб: «Мен бунга улов тайёрлаб бера оладиган бир кишини биламан», деди. У борган эди, мазкур киши унга улов берди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб келиб, хабарини берди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким яхшиликка далолат қилса, унга амал қилувчининг савобидек ажр ёзилади», дедилар.

Ушбу ҳадисда катта неъмат баён қилинди. Инсон ўзи катта бир иш қила олмаслиги мумкин, аммо бошқа бир инсонни унга далолат қилиб шунча савобга эга бўла олади. Масалан, бир одамда йўқчилик мавжуд ва шу сабаб эҳсон қила олмайди. Аммо бошқаларни эҳсон қилишга тарғиб қила олади. Шунинг натижасида кимдир садақа қиладиган бўлса, ўшанинг савоби баробарида ажрга эга бўлади. Яна бир мисол, киши ўзи рўза тутишга ва ҳаж қилишга қодир эмас. Аммо бошқаларни бунга амал қилишга тарғиб қилгани учун шунга яраша савоб унга ваъда қилинди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ҳидоятга чақирса, эргашувчи кишининг савобидек унга ҳам ажр бўлади. Бу (билан амал қилган кишининг) савобидан бирор нарса камаймайди. Ким залолатга чақирса, эргашувчи кишининг гуноҳидек унга гуноҳ бўлади. Бу (билан амал қилган кишининг) гуноҳидан бирор нарса камаймайди», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ. Ҳадисдаги [ҳуда] сўзи «ҳидоят» деб таржима қилинди. Ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари назарда тутилган. Буни бошқа ривоятда келган: «Ким мендан кейин менинг амалдан қолган суннатларимдан бирини тирилтирса, унга (ўша суннатга) амал қилганларнинг ажрича ажр берилади. У (амал қилувчи)ларнинг ажрларидан бирор нарса камайтирилмайди», ҳадиси изоҳлаб берган. Демак, яхшилик қилиш жуда катта савобли иш экан. Шу билан бирга, ана шундай яхшиликка далолат қилиш, ишора қилиш, унга йўллаб қўйиш ҳам жуда яхши иш саналади. Ўша яхшиликни қилган одам қанча савоб олса, мазкур яхшиликка далолат қилган одам ҳам шу микдорда ажр-савоб олар экан. Худди шундай, кимки бирор ёмонлик қилинишига сабаб бўладиган бўлса, бажарганга ҳам, далолат қилганга ҳам баробар гуноҳ бўлади.

Абу Аббос Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар куни айтдилар: «Эртага бу байроқни бир кишига бераманки, Аллоҳ таоло у кишининг қўлида (мамлакатни) фатҳ қилади. У Аллоҳ ва Расулини яхши кўради. Уни ҳам Аллоҳ ва Расули яхши кўради», деганларида, кишилар у байроқни қайси бирларига берилиши ҳақида кечаси гаплашиб чиқишди. Тонг отганида кишилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига етиб келишди. Барчалари байроқни ўзларига берилишини умид қилишар эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Алий ибн Абу Толиб қаерда?» деганларида, улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, унинг кўзи оғрияпти», дейишди. У зот: «Мени унинг олдига олиб боринглар», дедилар. Бас, олиб келинганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алийнинг кўзларига муборак тупукларини суртиб дуо қилдилар. Шунда у киши худди оғриқ бўлмагандек тузалиб кетдилар. Ва байроқни у зотга бердилар. Шунда Алий розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг расули, улар биз каби (мусулмон) бўлмагунларича урушавермайми?» деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен уларнинг турган жойларигача оҳиста юриб бор. Кейин уларни Исломга чақир. Аллоҳнинг ҳаққидан вожиб бўлган нарсаларнинг хабарини бер. Аллоҳга қасамқи, Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар» (Муттафақун алайҳ).

[ядуукууна] сўзининг маъноси «бирон нарсага шўнғиш», «баҳс қилиш».

[рислика] сўзидаги «ро» ҳарфи фатҳа билан ҳам, касра билан ҳам бўлади. Касра билан келиши тўғрироқ.

Шарҳ. Уша пайтда арабларда қизил туянинг қиймати баланд бўлгани учун шу гап айтилди. Арабларда [явмун] сўзи кунлардан-бир кунга нисбатан қўлланилади. Яъни Хайбар кунларидан-бир кун. Хайбар яҳудийлар қишлоғи бўлиб, бу ғазот ҳижрий 7 йилда бўлиб ўтган.

Уламолар айтадиларки, бу ҳадисда Алий розияллоҳу анҳунинг фазилатларига далолат қилинмокда. Аллоҳ ҳам, Расули ҳам у кишини яхши кўради, дейилди.

Бошқа бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак тупукларини у кишининг кўзига қўйганларидан кейин ҳазрат Алийнинг кўзларидан оғриқ кетди. Шундан кейин вафот этгунлари-ча кўзларидан шикоят қилмаган эканлар.

Рислика - «хотиржамлик ва сукунат билан боргин», деган маънода. Бошқа ривоятда, «Аллоҳ сенга фатҳ бермагунча ортингга қайтмагин», дейилган гап зиёда қилинган. Яъни Аллоҳ таоло, албатта, фатҳни насиб қилади, деган маъно бўлади. Бу ҳадисда яна бир муҳим нарсага ишора борки, Исломнинг энг биринчи қоидаси даъват қилиш. Агар қабул қилмаса жизя солинади. Буни ҳам рад қилса жанг қилинади. Жизяга рози бўлса зиммасига жизя қўйиб ортга қайтилади.

Ҳадиснинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳ таоло сен сабабли бир кишини ҳидоят қилиши қизил туядан ҳам яхшироқдир», дедилар. Сен сабабли бир киши иймонга келиши дунёдаги энг қимматли нарсадан ҳам афзал, дейилмокда.

Аллома Ибн Саммом раҳматуллоҳи алайҳи: «Битта кофирнинг бир киши боисидан мўмин бўлиши мингта кофирни қатл қилишдан яхширокдир», деб ёзган эканлар.

Ҳадиснинг ровийси Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу. Кунялари Абул Аббос, Абул Яҳё деган кунялари ҳам бўлган. Ҳижратдан 5 йил аввал таваллуд топганлар. Оталари асл исмини Ҳазан деб қўйган, кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Саҳлга ўзгартирганлар. Оталари ҳам мусулмон бўлганлар. Бадр ғазотига боришни қасд қилиб, бора олмай ундан илгари вафот этганлар. Шунинг учун ҳам Бадрдан тушган ўлжадан бошқа саҳобаларга қанча улуш берилган бўлса у кишига ҳам шунча улуш ажратилган.

Улуғ саҳобалар вафот этгандан сўнг Сахд ибн Саъд розияллоҳу анҳунинг катта дарс ҳалқалари бўлган. Ҳижрий 91 йилда 96 ёшда вафот этганлар. Улардан 188 та ривоят келтирилган, 28 таси муттафақун алайҳ шаклида ривоят қилинган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Аслам қабиласидан бўлган бир йигит: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ғазотга (урушга) боришни хоҳлайману, лекин унга тайёргарлигим йўқ», деганида, у зот: «Фалончи кишига боргин, у урушга тайёргарлик қилгану, аммо касал бўлиб қолди», дедилар. Йигит ҳалиги касал киши ҳузурига бориб, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сенга салом йўлладилар ва тайёргарлик қилиб қўйган нарсангни менга беришингни, айтдилар», деганида, у киши хотинига: «Эй фалончи, мен тайёрлаб қўйган нарсани бу йигитга бериб юбор. Ундан бирор нарсани олиб қолмагин. Аллоҳга қасамки, ундан бирор нарса олиб қолсанг, барака берилмас», деди» (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ. Бошқа ривоятда у кишининг исмлари Аслам ибн Қусай ибн Ҳориса деб келтирилган.

Бу ҳадиси шарифдан келиб чиқиб, бир одам яхши амални қилишга тайёргарлик кўрди. Лекин уни қилишдан олдин касал бўлиб қолди ёки бир узрли ҳолатга тушиб, шу сабаб мақсад қилган яхши ишини амалга оширолмай қолди. Уша тайёргарлигини ўзида ушлаб қолмасдан бошқа одамга бериб юборса шу амалнинг баробарича тўлиқ ажр-савоб камайтирилмаган ҳолатда олади, дейишган.

Бу ерда уламолар айтишадики: «Ким Аллоҳнинг йўлида бирон нарса сарф қилишни ният қилса, ўша ишни амалга оширсин. Уни бошқа бир ишга тикиб юбормасин. Бошқа ишга сарфлаб юборса барака бўлмайди».

"Риёзус солиҳин шарҳи"китобидан