loader
Foto

Рамзан Қодиров жиноятчиларнинг қариндошларини жазолашга чақирди

Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ички ишлар вазирлиги ва Россия гвардияси қўмондонлари ва бўлинмалари раҳбарлари билан учрашув чоғида жиноят содир этганларнинг қариндошларини жиноятлари учун жазолашга чақирди.

Қодиров йиғилиш видео-ёзувини ўзининг телеграм-каналида жойлаштирди. Видеонинг сарлавҳасида айтилишича, у " [ҳуқуқ-тартибот идоралари] ходимларини ўта ҳушёр бўлишга ва тартиб бузилишининг ҳар қандай кўринишини олдини олишга чақирди."

"Инсон ҳаётига суиқасд қилишга бўлган ҳар қандай уриниш, бошқа нарсалар қатори, жиноятчининг қариндошларига ҳам таъсир қилади. Яқин қариндошлар ўз оиласининг вакили нима қилаётганини билишлари ва чечен одатлари бизга асрлар давомида ўргатиб келаётганидай, унга жавобгар бўлишлари керак", дейилади хабарда.

Шу билан бирга, чечен расмийларига қарши бўлган 1ADAT телеграм-канали видеода чечен тилида гапирадиган Қодировнинг аниқроқ гапирганига эътибор қаратди. Хусусан, у қотилликни содир этганларнинг қариндошларини ўлдириш мумкинлигига ишора қилди.

"Агар бирон бир ходим энг кичик хавфни сезса ёки унга шунчаки туюлса, дарҳол унга эътибор бериши керак. Бу ким эканлиги ёки кимнинг фарзанди эканлиги муҳим эмас. Агар кимдир жамоат хавфсизлигига, ходимга ёки сайёҳга тажовуз қилса ва агарда биз жиноятчини топмасак, уни қидиришда давом этмаймиз, лекин унинг қариндошини албатта топамиз. Асрлар давомида одат бўлганидек, агар қариндошларидан бири айбдор бўлса ва жиноятчи топилмаса, унинг укаси, отаси ўлдирилган. Шунинг учун биз жуда тез қонли қасос оламиз", - деб Қодировнинг баёноти канал томонидан таржима қилинган.

Чеченистон раҳбари, шунингдек, оиланинг жиноят содир этган қариндошидан воз кечиши уларни қасосдан озод қилмаслигини қўшимча қилди. "Акс ҳолда, одам кимнидир ўлдиради ва жазосиз юради ва қариндошлари ундан воз кечишни бошлайдилар. Қариндошларнинг воз кечиши биз уларнинг оиласидан кимнидир ўлдирмагунимизча ва қонли қасос ҳуқуқини тортиб олмагунимизча ишламайди", деди Қодиров.

Чеченистон раҳбари нутқининг шунга ўхшаш таржималари «Агентство» ва «Вайфонд» инсон ҳуқуқлари ассоциацияси томонидан нашр этилган.

Қодиров одамларни ўлдириш ҳақида биринчи марта гапираётгани йўқ. Масалан, октябрь ойида Чеченистон раҳбари рухсатсиз митинглар ҳақида гапирар экан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига огоҳлантирувчи ўқларга муносабат билдирмаганларни ўлдириш учун ўқ отишни тавсия қилди. Декабрь ойида Қодиров Қуръонни ёқиш учун ҳибсга олинган Никита Журавелнинг калтакланиши ҳақида изоҳ бериб, унинг 16 ёшли ўғли Адам ўша Журавелни ўлдирса яхши бўлишини айтди.