loader
Foto

Асҳоб ул-ухдуд қиссаси

Муҳаммад Мабрук Нофеъ «Аср мо қаблал-ислом» китобида шундай ёзади: «Фимон исмли насроний қишлоқма-қишлоқ кириб, одамларни Исо пайғамбар динига даъват этиб юрарди.  Нажрон халқи «васаний» эканлигини, хурмо дарахтини муқаддас билиб, унга сиғинаётганларини кўрди ва уларга: «Мен Аллоҳ ҳузурига дуо қилсам, У сизлар сиғинаётган хурмо дарахтини йўқ қилади», деди. Нажронликлар: «Агар шундай қилолсанг, биз хурмони тарк этамиз ва сен айтган зот — Аллоҳга имон келтирамиз» дейишди. Фимон ихлос билан намоз ўқиди ва Аллоҳга илтижо қилиб дуога қўл очди. Аллоҳнинг иродаси билан бир оз шамол эсди ва дарахтни қўпориб ташлади. Буни кўрган нажронликлар насроний динини қабул қилдилар. Яманлик ҳимярий подшохдардан бири, туббаъларнинг энг охиргиси Юсуф Зу Навос (вафоти 524 й.) яҳудийлик динида мутаассиб бўлиб, имонли насронийларга зулм ўтказар эди, улардан қасд олиш мақсадида кўп сонли лашкар билан Нажронга юриш қилди. Қазилган катта ўрага тандирдек олов ёқиб, яҳудийликни қабул қилмаган эркак ва аёлларни шу оловли чоҳда ёндирди ёки қилич билан қатл этдирди. Айтишларича, шу қирғин-баротда 20 минг насроний ўлдирилган.

Муаллиф шу ерда Доктор Исроил Валфансоннинг «Араб шаҳарларидаги яҳудийлар тарихи» китобидан иқтибос келтириб, ўз сўзига қарама-қарши қўяди. Унда ёзилишича, Нажронда қатл этилганлар сони борасида муболаға қилинган. Чунки, Нажрон у қадар катта шаҳар эмас ва унчалик кўп аҳоли яшамаган. Фақат, Зу Навос шунчалик даҳшат билан шаҳарни вайрон қилганки, ундаги ҳолатни кўрган одам ҳаяжонга тушмасдан иложи йўқ эди.

Нажронда қатл этилганлар Ухдуд қавми ҳақида Қуръоннинг «Буруж» сураси 1-9 оятларида қисса келтирилган. Аллоҳ таоло шундай баён этади:

«Қасамёд этаман (ўн икки) буржларга эга осмонга, ваъда қилинган (Қиёмат)га, (ўша Кунда) гувоҳ ва гувоҳлик берилувчига Чоҳ эгаларига лаънат! Қайсики, у ёқилғи олов эди. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтирган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ эдилар. Улар мўминларни фақат қудратли ва ҳамд эгаси бўлган Аллоҳга имон келтирганлари учунгина ўч олдилар. Осмон ва Ернинг ҳукмронлиги Уникидир ва Аллоҳ барча нарсага гувоҳдир». (Буруж, 1-9)

Зу Навоснинг насронийларга қилган тажовузкорлиги, Нажрон аҳлини олов билан куйдириши, минглаб кишиларни қиличдан ўтказиши, ҳеч бир таърифга сиғмас зулми Ҳабашистоннинг Нажронга ёрдам бериш баҳонасида Яманга ҳужум қилиши ва босиб олишига сабаб бўлди. Зу Навосдан қочиб қутулган Давс Зу Саълабон исмли нажронлик киши Рум императорига шикоят қилиб, ёрдам сўраб борди. Рум императори Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга мактуб йўллаб, Нажрон аҳлига ёрдам беришни сўради. Арйот ва Абраҳа бошчилигида юборилган ҳабашлар эса Яманни босиб олди ва шу тариқа Яман мустақиллиги барҳам еди. Чунки, милодий VI-асрнинг иккинчи ярмида Яманда ҳабашларга қарши озодлик ҳаракати вужудга келиб, Сайф бин Зу Язан бошчилигида Яман ҳабашлар истилосидан қутулган бўлса ҳам, уларнинг ҳаракатига ёрдам берган Эрон подшоҳлигига қарам бўлиб қолаверди.

Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг

"Пайғамбарлар тарихи исломият тариҳидир" китобидан