loader
Foto

Баро ибн Молик

«Қанчадан-қанча сочи тўзиган, ғубор босган, икки жандани кийган борки, агар Аллоҳга қасам ичса, уни бажо қилур. Баро ибн Молик ўшалардандир».

«Барони қўмондон қилманглар, у ҳалокатлардан бир ҳалокатдир, одамларни бошлаб кетиб қолади».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу

Ямома жангида диндан қайтиб, муртад бўлган араб қабилалари билан ҳаёт-мамот жанглари бўлиб, мусулмон аскарлари уларни тор-мор этаркан, Аллоҳ таоло Мусайламатул Каззобнинг қалбига қўрқув солади ва у ўз қалъасига қочиб кириб кетади. Бу қалъанинг ичида кўп бора ўлим бўлганлиги учун кейинчалик уни «Ўлим боғи» деб атаганлар. У ерда Мусайламатул Каззобга эргашган диндан қайтганлар бор эди. Улар қалъага кириб олганларидан сўнг уруш якунланмай қолади. Шунда қўмондон Холид ибн Валидга ансорлардан сочлари тўзиган, ғубор босган, паст бўйли бир одам келиб, ажойиб бир таклиф айтади. Унинг таклифига кўра, мусулмонлар уни қалъа деворларига ирғита олишса. ундан нарига ўзи қалъани ичига тушар эди.

У паст бўйли улуғ саҳоба Баро ибн Молик Ансорий эди. У бу режаси билан қалъанинг эшигини ичидан очишни кўзлаган. Чиндан ҳам у режасига биноан қалъани ичига девордан ошиб кирганда Мусайламатул Каззобнинг аскарлари унга қўларига кирган қурол билан ташланишади. Баро улар билан олишар ҳамда эшик томонга яқинлаб келар эди. Ташқарида кутиб турган мусулмонлар қисқа фурсат ичида қалъанинг эшиги очилиб, ичидан қонга бўялганидан таниб бўлмайдиган бир одамни кўрадилар. У дўстларига урушни якунигача давом эттиришга имконият яратган Баро ибн Молик эди. Ўша куни танасининг саксондан ортиқ жойи жароҳат олган. Бу улуғ саҳоба Ямома урушидагина эмас, бошқа жангларда ҳам ўзининг пахдавонлик, чавандозлик каби сифатлари билан жасорат кўрсатган. Ҳаддан ташқари довюраклигидан ўз аскарларига зарар бермаслиги учун Умар ибн Хаттоб Барони Ислом кўшинига қўмондон қилмасликни таъкидлаб ўтган.

Баро ибн Молик саҳобаларнинг улуғларидан бўлмиш ансорлар сирасига киради. Ўзи муҳтож бўлса ҳам ўзгаларга илинган хислат (ийсор) ансорларнинг афзалликларидан эди. Альтруизмни сахийликдан фарқи бор. Сахийлик - ўзгаларга ҳиммат кўрсатувчи ўзига тўқ одам. Ийсор - бу ўзи муҳтож бўла туриб, уни ўзгаларга инъом этиш.

Аллоҳ таоло ансорларнинг бу фазилатини қуйидагича тавсифлайди:

«Улардан (муҳожирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзлари(нинг ёнлари)га ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга (муҳожирларга) берилган нарса - ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар ҳамда гарчи ўзларининг эҳтиёжи бўлсада, ўзларини қўйиб (ўзгаларни) ийсор-ихтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсини бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир».

Ансорлар камбағалликда ҳаёт кечирганликлари кўпчиликка маълум эмас. Баъзилари уларни ҳижрат қилиб келган мусулмон биродарларига кўрсатган марҳамати туфайли, уларни бой бўлган дейишлари мумкин. Ансорлар - Ямандаги Азд қабиласига мансубдирлар. Улар Мариб сув омборининг даромади билан Яманнинг иқтисодиёти гуллаб турган пайтда бирмунча яхши яшаганлар. Лекин 542 йили Мариб сув омборидаги сув тошқини туфайли Яманда узоққа чўзилган очарчилик ва камбағаллик бошланган. Яманни катта сел босган. Бу ҳакда Аллоҳ таоло Қуръони каримда оят нозил қилади:

«Бас, улар (Бизга шукр қилишдан) юз ўгиришгач, Биз уларнинг устига тўғон билан (тўсиб қўйилган) селни (очиб) юбордик...»

Яманликлар асрлар бўйи фойдаланиб келаётган боғу роғлари, экин-тикинлари ҳамда узумзорлари бир зумда пайҳон бўлади. Яманликлар тўғон вайрон бўлганидан сўнг, узоқ муддат оғир шароитда турмуш кечирганлар. Бу воқеадан сўнг у ердаги яшовчилар ҳар томонга кўчиб кетганлар. Жумладан, улар орасида Азд қабиласи ҳам бўлган.

Азд қабиласи - Сом ибн Нуҳ алайҳиссалом зурриётлари ҳисобланадилар. Улар шимол тарафга кўчиб бориб, ҳаммаси ҳар ёққа тарқаб кет-ганлар. Ғассонийлар деган бир қисми Суриянинг жануби, Иорданиянинг шимолига кўчиб борганлар. Ҳатто улар ўзининг Ғассонийлар подшолигига асос солганлар. Бошқа бир қисми Маккада қолиб, ўша жойда ўтроқлашадилар. Бу қабила Ҳузоъа деб аталган. Амр ибн Абдуллоҳ зурриёт-лари Ғомд, Саровот ва Тихом ҳудудларида қарор топадилар. Бу қабила Ғомид деб аталган. Боқим деб аталган Омир ибн Ҳувала ибн Ҳану ибн Азднинг зурриётлари Макканинг шарқидаги ҳосили мўл Турбо водийсига келиб ўтроқлашадилар (Улар ушбу китоб муаллифининг аждодлари саналади). Уларнинг яна бир қисми Ҳижознинг шимолидаги Ясриб шаҳрига келиб ўтроқлашадилар. Булар иккига бўлиниб: Авс ва Ҳазраж улар иккаласи ҳам Ҳазраж ибн Саълаба ибн Амр ибн Имрул Қайс ибн Саълаба ибн Мазин ибн Азднинг зурриётлари ҳисобланади. Мана шулар кейинчалик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берадилар. Уларга тарих янги ансорлар номини инъом этган.

Энг машҳур қабилалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар эканлигига ишонишгандан кейин ҳам ёрдам беришдан бош тортганлар (Шайбон кабиласи каби). Авс ва Ҳазраж қабилалари Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам қўлини чўзганлар. Доктор Роғиб Саржоний буни бир қанча сабаблари бор деб айтган:

Биринчи сабаб: Яҳудийлар.

Ансорларни Исломни тезлик билан қабул қилишларида маҳаллий яҳудийларнинг таъсири катта бўлганлигини эшитганлар ҳайрон қолишлари мумкин. Яҳудийлар Авс ва Ҳазражни охирзамон пайғамбари келиб унга эргашсалар, уларни Од қавмидек қатл қилиш билан қўрқитганлар. Пайғамбар алайҳиссалом Маккада Авс ва Ҳазраж қабилаларининг вакиллари билан уларни Исломга чақирганда улардан биттаси қавмига шундай дейди: «Эй биродарлар, Аллоҳга цасамки, бу пайгамбар яҳудийлар айтган пайгамбардир. Улар биздан унга эргашишликда ўзиб кетмасинлар». Улар дарҳол ўша жойда Исломни қабул қиладилар. Яҳудийларни Ясрибда унинг атрофидаги Хайбар ва Таймада қарор топиши ҳам бежиз эмас. Ҳақиқатан, яҳудийлар ўша ерга кўчиб келувчи охирзамон пайғамбарини кутиб юришар эди. Салмон Форсий мавзусидаги Аммуриялик роҳибни пайғамбарнинг исмини айтмаса ҳам, Ясрибга кўчиб боради деганини кўриб чиқдик. Мен яҳудийлар ва насороларни Ветхий Завет номли муқаддас китобларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўчиб келиши ҳақида бир далилга кўзим тушди.

«Араб шаҳарларидан чиқувчи пайгамбар: Эй Дедан карвонлари, сизлар араб шаҳарларининг тўқайзорида тунаб қоласизлар. Эй Тайма аҳли, чанқоҳларга сув берингиз, қочиб келганларни нон ила қарши олингиз. Улар қиличлар вауларга қаратилган ёйлардан, урушдан қочиб келадилар. Зеро, Аллоҳ менга шундай деб баён қилди: бир йилдан сўнг Кедарнинг шуҳрати сўнади».

Тайма Мадинанинг Шимолида жойлашган. Юқоридаги матн замири остида қурайшликларни азияти туфайли, ҳижрат қилувчи мусулмонлар ҳақида гап кетган. Кедар - бу қурайшийлар ота-боболарининг бирини исми. Шунингдек, бу матнда ҳижратдан сўнг бир йил ичида бўладиган уруш ҳақида сўз қилинмоқда, яъни бу жанг Бадр ғазоти!

Иккинчи сабаб: Буас куни.

Буас куни - Ислом дини келишидан беш йил аввал Ясрибда яҳудийларнинг макрҳийласи туфайли бўлиб ўтган Авс ва Ҳазраж қабиласи ўртасидаги қонли урушнинг номи. У жангда улуғ саркарда ва раҳнамолари қатл қилинган. Сўнгра иккала қабилада ҳам бир раҳбарга эҳтиёж бўлганлиги учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳақиқий халоскори бўлганлар.

Учинчи сабаб: яманликлар.

Бу ҳам асосий сабаблардан биридир. Яманликлар бошқа араб қабилаларига қараганда нозик ва юмшоқ қалбли бўлганлар. Улар кўп қўй боққанлар. Қурайшнинг адноний араблари эса туя кўп боққанлар. Қўй боққанлар табиатан оғир босиқ бўлади (шунинг учун барча пайғамбарлар қўй боққанлар). Мусо пайғамбар айтгандай:

«... ва у билан қўйларимга барг (қоқиб) берурман».

Қуйидаги ҳадисга диққат қилинг:

«Батаҳқиқ, Яман аҳли келмоқда. Улар сизлардан кўра юмшоқ қалблидир. Иймон ҳам Яманда, донишмандлик ҳам Яманда. Мағрурлик ва мутакаббирлик туя боққанларга тегишли, оғир-босиқлик ва осойишталик қўй боқувчиларда бўлади».

Тўртинчи сабаб: улуғ саҳоба Муъаб ибн Умайр.

У Исломдаги биринчи элчидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ансорлар билан қавмини Исломга даъват қилиш учун жўнатган. У Исломда кўзга кўринган даъватчилардан бўлган. Бир йил ичида уни гўзал хулқи туфайли ансорларни саййидлари унинг қўлида Исломни қабул қилганлар.

Бешинчи сабаб: Саъд ибн Муъоз.

У Авс қабиласининг раҳнамоси бўлган. Мусъаб ибн Умайрни қўлида Исломга келгандан сўнг, ўз қавмига: агар қавми Исломга кирмасалар, улар билан алоқа қилмаслигини айтади. Шунда уларни ҳаммаси унга бўлган ишонч ва ҳурматлари учун Исломни қабул қилганлар. Мана шу баҳодир Бадр ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалбини қувончга тўлдириб, қуйидаги сўзларни айтган:

«Сизни ҳак ила юборган Аллоҳга касамки, агар бир денгизни кўрсатиб,унга шўнгисангиз, бизҳам орҳангиздан битта колмай шўнгиймиз».

Саъд ибн Муъоз Хандақ ғазотидан сўнг, Бани Қурайза яҳудийларининг хиёнатлари туфайли шаҳид бўлган. Унинг ўлимига Абу Бакр ва Умарул Форуқлар йиғлаганларида, Мадина кўчаларигача эшитилган. Саъд ибн Муъоз вафот этганида, ҳатто Аллоҳнинг арши титраган.

Булар инсоният тарихидаги энг улуғ инсонлардир. Улар қўлида бор бўлган барча нарсани Аллоҳ йўлида ҳадя қилиб, эвазига ҳеч нарса талаб қилмаганлар. Ансорлар Исломгача камбағал бўлгани каби, Исломдан кейин ҳам камбағал ҳаёт кечирганлар. Улар Исломга ўзларининг улкан ҳиссасини қўшган бўлишларига қарамай, Ислом ўлкасининг ҳукуматига, мансабига интилмаганлар. Мусулмонлар халифалигининг маркази Мадинаи мунаввара уларнинг шаҳри бўлса ҳам, халифалик ва вазирлик хизматларида фаолият юритмаганлар. Адолатли халифалар Абу Бакр Сиддиқ, Умарул Форуқ, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиблар бу шаҳарга кўчиб келган муҳожирлардан бўлган. Ансорлар муҳожирларни илиқ қарши олиб, уларга уй жой билан бирга, ҳукуматни ҳам топширганлар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деб дуо қилганлар: «Эй Роббим, ансорларнинг фарзандларини ва уларнинг фарзандларининг фарзандларини авф қил».

Пайғамбар алайҳиссаломнинг ансорлар ҳақида айтган сўзларидан сўнг Баро ибн Молик ҳақидаги ҳикоямизга қайтсак. Форсларнинг хусрави Мадоиндан қочгандан сўнг, форс аскарлари ҳар қаёққа қочиб тарқаб кетадилар. Мусулмонлар улар ортидан тушиб бирин-кетин қатл қилиб, олишувларда ғолиб келардилар. Баро ибн Молик Ансорий ҳам форсларни шундай оғир кунга туширган баҳодирлардан ҳисобланади. У бу жангда ўз маҳоратини кўрсатган қаҳрамонлардан саналади. Бунга бир мисол келтирамиз. Баро ибн Молик иштирок этган жангда унинг укаси Анас ибн Молик ҳам иштирок этар эдилар. Ўз укасини ўлимдан қутқариб қолгани, тилларда достон бўлиб кетган. Форслар қўрғонларида туриб қиздирилган занжир сиртмоқ ташлаб одамларни илинтириб ўзларига тортиб олар эди. Мусулмонлар бунга қарши бирор чора кўришдан ожиз эдилар. Бир пайт Анас ибн Молик ана шу сиртмоққа илиниб қолиб, жон-жаҳди билан ундан чиқишга уринади. Шунда акаси Баро ибн Молик етиб келиб, занжирга арслондай ташланиб занжирни ўзи томон торта бошлайди. Ахийри, занжирни қиличи билан узиб ташлаб, укасини ундан халос этади. Сўнгра мусулмонлар Барони қўлларига қарасалар эти куйиб, суяги кўриниб қолган экан. Мусулмонлар улуғ саркарда Қаъқо ибн Амр етакчилигида Мадоинни фатҳ қилганларидан сўнг, Жолула маъракасида 100 000 форс лашкарини йўқ қилиб, зафарга эришганлар. Қаъқо ибн Амр Қодисия маъракасида форс лашкарини сўл қанотига раҳбарлик қилган лашкарбоши Михрон ибн Баҳромни ўз қўли билан қатл қилган. У Рустамнинг ҳолига тушиб қолишдан қўрқиб қочишга улгурган эди. Лекин Қаъқо уни форс лашкарлари билан қочаётганларида қувиб етиб, уларни бирма-бир араб отлари туёғи остида қолдирган. Аллоҳга қулчилик қилишни ташлаб, ўтга сиғинган ўтпарастларни охиратдаги жойи ҳам ўтдир.

Мусулмонлар Жолула куни катта ғанимларни қўлга киритганлар. Форсларнинг от ва бошқа жониворларини ҳисоблаганда 30 млн олтин дирҳам бўлган. Ўлжалар барча жанг қатнашчиларига тенг тақсим қилиниб, ҳар бирига 9 000 дирҳам ва 9 мол берилган. Саъд ибн Абу Ваққос ўлжанинг бешдан бирини мўминлар халифаси Умарул Форуққа юборганда у қимматбаҳо тош ва зебу зийнатларни кўриб, мусулмонлар дунёга қизиқиб кетмасинларда деб йиғлаган.

Форс императори Яздижурд мусулмонлардан қочиб, Каспий денгиз яқинидаги Рай шаҳрига боради. Унинг золим ҳукумати ўрнига ҳақ ва адолат ўрнатиш учун чиққан мусулмонлардан ўша жойга бориб қутулишни кўзлаган. У Райга етиб бориб, форсларга мусулмонлар билан яна жанг қилиш учун Аҳвозга лашкар йиғиш учун нома йўллайди. Сўнгра у худди шундай мурожаат билан Қодисияда қочиб юрган Ҳурмузонга нома йўллаган. Ҳурмузон унинг мактубини олган замон форс аскарларининг қолдиқларини тўплаш ҳаракатига тушади. Ўзлари учун Форсларнинг энг мустаҳкам шаҳри Шуштерни танлайди. У Жолуладан ҳам, қолаверса Форсларнинг пойтахти Мадоиндан ҳам кучли муҳофаза қилинган эди. Шуштер - Форсларнинг қадимий шаҳри. Уни дунёдаги энг қадимий деворлар ўраб туради. Бу шаҳар мустаҳкам қурилган бўлиб, атрофи баланд деворлар билан ўралган. Форслар бу баландликдан мусулмонларга камон ёки найза отадиган бўлса, мусулмонлар пастда туриб, юқоридагиларга ҳеч бир қаршилик кўрсатишдан ожиз бўладилар. Шаҳар икки қатор деворлар билан ўралган. Шуштер ўзининг кенг даласи ва ичидан оқиб ўтувчи анҳор билан ўзини-ўзи таъминлай олар эди. Форслар сувни шаҳарнинг марказига анҳордан қувурлар орқали олиб келганлар. Демак, уларни қамал қилгани билан озиқ-овқатдан тўсишни имкони йўқ эди. Бундан ташқари, форслар шаҳар айланасига хандақ қазишиб, унга сув тўлдириб қўйганлар. Уларга бу шаҳардан туриб ҳужум қилиш мумкин эмасдек гўё, ёки ниҳоятда машаққатли иш эди.

Лекин саҳобаларнинг ўлчовлари тамомила бошқача бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаси Абу Мусо Ашъарий етакчилиги остида тобеъинлардан иборат 30 000 аскар Шуштерга йўл олади. Субҳаналлоҳ! Кечагина Яман Форсларнинг тасарруфида эди. Бугун эса Яманнинг жасур жангчилари қилич кўтариб, Аднон ва Азд қабилаларидан иборат бўлган лашкарга етакчилик қилиб, Форс империясининг энг моҳир усталари барпо қилган қалъани қамал қилиш учун келмокдалар. Улар бугун жоҳилиятда турли азиятлар берган форслар билан ўз уйида жанг қиладилар. Муҳаммад алайҳиссалом саҳобалари ер юзидаги нақадар улуғ инсонлар! Улар Исломнинг қадрини билиб, қисқа вақт ичида тарих оқимини бошқа тарафга ўзгартиришга муваффақ бўлдилар. Ислом уларни одамлар олдида қадрини юксалтирди. Форсларнинг 150 000 аскари бешдан бирига ҳам тенг келмаган мусулмон лашкаридан қўрқиб, ўз қалъаларига яшириндилар. Улар мусулмонлар билан юзма-юз келганда қалбини аллақандай қўрқув босар эди. Форслар шаҳар дарвозаларини беркитиб, қалъаларига қочиб кириб кетадилар. Мусулмонлар қалъани ҳар тарафидан қамал қилдилар ва бу бир неча ҳафта давом этди. Мусулмонлар шу пайтгача қалъаларни қамал қиларкан, бундай узоқ вақт кутган эмаслар. Улар Аллоҳнинг раҳматига муҳтож бўлиб турганларида ораларидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган ажойиб бир одамни эсга оладилар. Мусулмонлар Баро ибн Моликни олдиларига бориб: «Эй Баро, қандай аҳволда эканлигимизни ўзинг кўриб турибсан. Роббингга қасам ич!» -дедилар. Шунда Баро икки қўлини осмонга кўтариб дуо қилади:

«Эй Роббим, Сенга қасам ичаманки, уларнинг (форсларни) кифтларини бизга тутиб бер ва мени Ўз Набийингга эргаштир!

Баронинг қилган дуосидан сўнг форслар томондан уруш палласини ўзгартирувчи бир нарса келиб тушади!

Шуштер қалъасидан мусулмонлар қўмондони Абу Мусо ёнига камон ўқига боғлаб отилган бир мактуб келиб тушади. Очиб ўқисалар, қалъа ичидаги бир форс мусулмонларга таклиф билдириб, унга кўра, мусулмонлар уни жони ва молига тегмасалар, Шуштерга кирувчи ер ости йўл борлиги ва уни уларга кўрсатишлигини ёзган экан. Бу нома тўғрисида улуғ саҳоба Абу Сабра ибн Абу Руҳм билан маслаҳатлашиб, унинг таклифига розилик билдирадилар. Мусулмонлар мактубга жавоб ёзиб, келган жойига қараб отадилар. Кеч кириб, қоронғи тушган бир пайтда бояги форс чиқиб келади-да, Абу Мусога шундай дейди: «Сув ва девор остида яширин бир йўл бордир. У йўлни кўрсатшиим учун одамларингдан сузишни яхши билувчи бирини жўнат». Мусулмон қўмондонлари яна ўзаро маслаҳат қиладилар. Бу форс тўғри айтмоқдами ёки ўтпарастлар одатига кўра ёлғон сўзламокдами? Иш хавфли тус олади. Уни мусулмонлардан бирини тутқунга олгани келмаганлигига ҳеч ким кафолат беролмас эди. Маслаҳатга кўра яширин ер ости йўлини кўриш учун бир мусулмон лашкарбошиси бояги форс билан сувга ўзи бормоқчи бўлади. У саҳоба Мужзъа ибн Савр эди. У сузишга тайёргарлик кўради. Мусулмонларнинг бош қўмондони унга яширин йўлни кўриб бўлгандан сўнг, ҳеч нарса қилмасдан ортга қайтишлигини буюради. У форс билан баланд деворлар ичига тушадилар. У ердан форс сувга шўнғиб сузиб кетади. Саҳоба ҳам унинг ортидан эргашади. Улар девор ичидаги Шуштер шаҳрини ўраб турувчи яширин йўлга етадилар. Бу йўл ўта қоронғи ва қўрқинчли эди. Уни баъзи жойлари тор бўлганлиги учун бир одам аранг ўтиб олар эди. Сўнгра Шуштер қалъасиинг ичига кирадилар. Бояги форс ўз кийимидан саҳобага ҳам беради. Шаҳар ўртасига сездирмай кириб, шаҳарнинг марказий дарвозасини излай бошлайди. Сўнгра шаҳарни катта бир дарвозаси ва Ҳурмузоннинг саройини кўз остига олиб қўяди. Тўсатдан олтин тож кийган, подшоларга хос виқор билан кетаётган бир одамга кўзи тушиб, дарҳол уни танийди. У форслар раҳбари Ҳурмузон эди. Мужзъа уни кўкрагига ўқ узиб, ерни унинг ифлослигидан тозаламоқчи бўлиб ёйга қўлини узатганида, унга айтилган «Шуштерга кирганингда махфий йўлни кўриб қайт, бошқа ҳеч нарса қилмагин», деган сўзлар ёдига тушиб, ниятидан қайтади.

Шундай қилиб яширин йўлларни ўрганиб ортга қайтиб келади. У бош саркардага моҳир сузувчилардан 300 аскар беришини айтади. Қодисия маъракаси қаҳрамони Осим ибн Амр биринчи бўлиб чиқади. Сўнгра кўнгиллилар чиқиб, керакли аскар йиғилади.

Тун ярмидан ўтиб, энг қоронғи қисмига келганда, Мужзъа ибн Савр уч юз саҳобани олиб сузиб кетадилар. Улар енгил кийинган бўлиб, қиличларини кўкракларига бойлаб олишган эди. Лашкарбоши Мужзъа ибн Савр овозини форсларга эшиттирмай, секинлик билан сузиб борардилар. Улар бир жойдан иккинчи жойга, бир сувдан иккинчи сувга ўтишиб, баъзан тор жойларга дуч келса, баъзан кенг жойдан ўтишар. Ахийри Шуштернинг қоқ марказига келдилар. Туннелдан чиқиб, қалбларни ларзага келтирувчи хавфга дучор бўлдилар. Бу хатарли йўлдан уч юз ботирнинг саксонтаси сузиб ўтган экан. «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулулллоҳ» калимасини етказиш учун сузиб кетаётган Ислом умматининг 220 қаҳрамони сувга чўкиб шаҳид бўладилар. Мужзъа ва қолган шерикларини олдида икки йўл турар эди. Аскарларини учдан икисини йўқотгандан сўнг, йўлида давом этиши керакми? Ёки катта хавф турганлигини билиб турса ҳам, йўлда давом этадими? Баҳодирлар ўзаро маслаҳатдан сўнг Аллоҳ учун йўлда давом этамиз деган қарорга келадилар.

Ислом баҳодирлари Мужзъа ибн Савр етакчилиги остида дарвозага яқинлашаркан, уларга қаршилик кўрсатган форслар билан олишиб, дарвозани очишга муваффақ бўладилар. Шуштер қалъасининг устидан «Аллоҳу акбар» ишораси берилади. Буни кутиб турган мусулмонлар қалъага қараб, ёпирилиб бостириб кирадилар. Форслар ўз кўзларига ишонмай. саросимага тушадилар. Улар ўзларини ўнглагунларича, мусулмон лашкари қалъанинг марказигача кириб келадилар. Форслар арслондай ҳамла қилиб, олдидан чиққанини ер тишлатган бир одамни кўриб, ҳайрон коладилар. Форслар уни одамми ёки йиртқич ҳайвонми, қўрққанимиз учун кўзимизга шундай кўриняптими дейдилар. Форслар қаршисидаги алп паҳлавон Пайғамбар алайҳиссаломнинг шогирдларидан бири эканлигини билмайдилар. У сочлари тўзиб, ғубор босган тирик араб афсонаси эди. Уни Умарул Форуқ душманлар билан шиддатли жанг қилаётиб, ортидаги аскарларни қатл қилиб олмасликларидан қўрқиб, уни қўмондондон этиб тайинламаган. Форсларнинг бошлиқлари қаршисидаги алп паҳлавон Баро ибн Молик эканини қаёқдан ҳам билсин!

Бу баҳодир қаршисидан чиққан форсларни қиличи билан худди ўт ўргандек «ўриб» форс аскарларини бирин-кетин ер тишлатиб бораверади. Қаҳрамонимиз форслар бошлиғи Ҳурмузонни соқчилари ҳимоясида турганлигини кўриб, ўша тарафга йўл олди. Ҳурмузон бўлса, ўз соқчиларини бирин-кетин Барога қарши олишувга жўнатарди. Барога яқинлашганлар дарахтдан тушган мевалар каби ерга тўкиларди.

Саноқли дақиқалардан сўнг Баро форсларнинг бошлиғи ҳамда уларнинг тарихидаги энг кучли жангчи Ҳурмузон каршисида пайдо бўлади. Шундай қилиб форсларни юзлаб аскарини ер тишлатган Баронинг қиличи билан Ҳурмузоннинг ҳали қинидан чиқмаган қиличи олиша кетди. Баро Ҳурмузоннинг бошини олишга ҳаракат қилиб, қиличини кўтарган ҳам эдики... аммо Ҳурмузоннинг қиличи тезкорлик қилиб, Аллоҳ таоло Баронинг қасамини рўёбга чиқарди:

«Эй Роббим, Сенга қасам ичаманки, уларнинг кифтларини бизга тутиб бер ва мени Уз Набийингга эргаштир».

Мусулмон лашкари Шуштерда Аллоҳ таолонинг мадади ила ўтпараст форсларни мағлуб қилдилар. Лекин Баро ибн Молик Ҳурмузоннинг қиличи зарбасидан ерга йиқилиб, севикли ҳабиби ҳамда Муҳаммад алай-ҳиссалом олдига риҳлат қилди. Одамзот тарихида кам учрайдиган қаҳрамонлардан бўлган баҳодир ерга йиқилди. Бир неча бор шаҳидликни умид қилиб, урушларда тирик қайтган баҳодир ерга йиқилди. У шаҳидликка Аллоҳ таолога дуо қилмагунча етмаслигини билган экан. У дуоси ижобат бўлишини ҳамда бу жангда мусулмонларни ғалаба қозонишини ҳам кўнгли сезган ва Роббининг олдига боришни сабрсизлик билан кутган эди. Бир кун келиб Муҳаммад алайҳиссалом билан учрашишни умид қилиб яшаган. Биз уни шаҳид бўлишга умид қилганини биламиз, бироқ унинг сўнгги лаҳзаларида нимани ўйлагани бизга маълум эмас. Балки у Пайғамбаримиз алайҳиссалом тирик чоғида, у билан бирга сафарга чиққандай, у зот билан яна сафарга чиқишни ўйлагандир. Балки у туя етаклаб ҳодийлик қилган кезларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ширали овозидан роҳат олганини эслагандир. Ҳа айтганча, Баро ибн Молик пайғамбар алайҳиссаломни ҳодийларидан бири эдилар (Ҳодий - бу туяни етаклаб байтларни оҳангга солиб айтувчи киши). Бу алп баҳодирни ширали овози ва ёқимлилиги билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳодийлик қилганини эшитганлар ҳайратда қолиши мумкин. Биз кимлар ҳақида сўз қилаётганимизни унутмайлик. Биз умматнинг аҳволини ўзгартирган улуғ инсонлар ҳақида сўз юритмоқдамиз. Улар сарвари олам Муҳаммад алайҳиссалом саҳобаларидир.

Сўнгра...

Бу саҳифаларда сочлари тўзиган, ғубор босган, паст бўйли инсон ҳаётидан бир парчаси ҳикоя қилинди, холос. Унинг исми тарихни ўзгартирган улуғ инсонлар қаторида олтин ҳарфлар ила муҳрланди. Уша пайтда ёки ундан олдин ёки кейин яшаган инсонларнинг исмлари тарихнинг ҳеч бир жойида эсланмайди. Баро ибн Молик ва у билан бирга яшаб ўтганлар ҳаёти олийжаноблик ва одамийлик руҳига тўлган эди. Баро ибн Молик ва у билан бирга бўлганлар, ота-боболаримиз ва сизу бизларга Ислом дини етиб келиши учун ўз жонларини фидо қилган инсонлардир. Бу қаҳрамонлар тарихини ўрганиш ва уларни кейинги авлодга етказиш бизнинг бурчимиздир. Балки улар билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида бирга кўришармиз - бу Аллоҳ учун қийин эмас!

Шушердан сўнг мусулмонлар қайси тарафга юриш қиладилар?

Форслар подшоҳи Яздижурд Хитой подшоҳига қандай нома йўллаган?

Яздижурднинг ҳаёти қандай якун топган?

Араб мусулмонлари билан мажусий форслар ўртасидаги ҳал қилувчи жанг ҳикояси қандай бўлган ва нима учун у «барча галабаларнинг галабаси» деб аталган?

Золим Сосонийлар империясини туб илдизи билан йўқ қилган ҳал қилувчи урушда қайси аъробий баҳодир раҳбарлик қилган?

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан