loader
Foto

The Washington Post (АҚШ): нима учун Америка ахборот урушида Россияга ютқазмоқда

«Тайм» журнали собиқ муҳаррири, ҳозирда оммавий дипломатия бўйича давлат котибининг катта ўринбосари саналган Ричард Стенгел (Richard Stengel) қачонлардир ахборот соҳасида «идеалист» бўлганлигини ёзади. У пировардида ғоялар бозорида ҳақиқат барибир албатта ғолиб чиқади деб ўйларди. Энди эса у бундай ўйламай қўйган.

«Ўйлайманки, бу амалга ошмайдиган орзу эканлигини ҳозирда ҳаммамиз биламиз, –  деб ёзади Стенгел коммуникация фронти чизиғида ўтказган уч йил ҳақида ўзининг хавотирларга бой хотираларида. – Афсуски, далилларни ҳеч ким сариқ ранг билан ажратмаяпти. Ёлғон тахминлар худди ҳақиқат каби ўқиляпти. Ёлғонга қарши ҳақиқат билан курашиш етарли эмас; ҳақиқат доим ҳам ғолиб чиқмаяпти».

Бу китобда кескин ва одамни қўрқитадиган мурожаат бор: АҚШ, ўзининг айтишича, «ахборот макони»даги урушни Россияга бой бермоқда. Бир пайтлар мағрурлик билан озод қилувчи куч деб аталган шафқатсиз интернет парадокси шундаки, у ахборотни назорат қиладиган давлатларнинг имкониятларини кенгайтиради, интернетга эркин ва тўсиқсиз киришга имкон берадиган давлатлар имкониятларини заифлаштиради.

Стенгелнинг октябрда чиқиши кутилаётган китоби «Ахборот урушлари. Биз қандай қилиб дезинформацияга қарши урушни ютқаздик ва бу билан нима қилиш мумкин» (Information Wars: How We Lost the Global Battle Against Disinformation & What We Can Do About It) деб аталади. Афсуски, сарлавҳанинг биринчи қисми унинг иккинчи қисмидан кўра ишонарлироқ бўлиб кўринмоқда. Бу қандай қилиб давлат бюрократияси, инерция ва энг аввало, очиқ демократик жамиятнинг ички чекловлари қандай қилиб Американи интернетдаги яширин ҳаракатлар олдида заиф қилиб қўйгани ҳақида ҳикоядир.

«Келинг, демократия дезинформацияга қарши яхши кураша олмаслигини тан оламиз», - деб ёзади Стенгел. Демократлардан фарқли равишда, авторитар давлатлар «илгари ахборот оқимидан қўрқарди, лекин ҳозир ундан фойдаланишни ўрганиб олди. Улар демократияни тарқатадиган воситалар уни ҳалок қилиш учун фойдаланилиши мумкинлигини тушунадилар».

Стенгел «Тайм» журналининг бош муҳаррири ва нуфузли журналист бўлган. Шу сабабли, у 2014 йил коммуникациялар ва жамоатчилик билан алоқаларни бошқариш учун Давлат департаментида ишлаш учун Обама маъмуриятига ўтганида, бу иккала томон учун ҳам мақтовга арзийдиган риск бўлиб кўринган. Унинг ваколатлари соҳасига америкага қарши ахборот ва тарғибот билан кураш бўйича ваколатлар кирган. Лекин бу иш нима учун ҳукумат ишламаётганига ёрқин мисол бўла олади.

«Мен давлат ҳокимияти жуда катта, жуда секин, жуда бюрократлашган эканлигини аниқладим. У доимо ўзига-ўзи халақит беради, - деб ёзади Стенгел. - Четдан бирон кишининг келиши ва бу ҳокимиятни ислоҳ қилиш орзуси бўлиб қолавермоқда».

Стенгел янги ишга киришганда, энг муҳим вазифа «Ислом давлати» айланган кучнинг экстремистик тарғиботига қаршилик кўрсатиш эди. Бу оғриқли ҳикоя. Давлат департаменти таркибида 2011 йил давлат котиби Хиллари Клинтон томонидан ташкил қилинган стратегик аксилтеррор коммуникация Маркази (ЦСКК) номи билан аталадиган бўлинма бор эди. «Пайдо бўлган пайтидан бошлаб ЦСКК «муаммоли бола» бўлган», - деб ёзади Стенгел. Амалдорлар уни етарли даражад молиялаштирмаган, унинг иши моҳиятини тушунмаган ва унга ишонмаган.

ИШИД онлайнда қутурган бир пайтда ЦСКК баҳс-мунозара ва мажлислар ўтказиш билан овора бўлган. Бир неча ҳафта ичида бажарилиши мумкин бўлган вазифалар бир неча ойлаб вақт сарфланган. Бошқа бўлимлар аралашиб, ўз ҳудудларига таҳдид соладиган нарсаларнинг барчасига тўғаноқ бўлган. Узоқ давом этган йиғилишлардан бирида бир генерал Стенгелга пичирлаб деди: «Мен ИШИДни қандай йўқ қилишни биламан. Биз уни идоралараро жараёнга жалб қилишимиз керак».

Стенгел ошкора тан оладики, Обама маъмурияти 2016 йил сайловлар билан боғлиқ Россиянинг ҳийла-найрангларига жуда сусткашлик билан жавоб қайтарган. «Россия дезинформацияси кўлами шундай эдики, унга тегишлича жавоб қайтариш учун кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етмасди», - деб ёзади у. Стенгел Россия тарғиботи сирлари ва Трампнинг сайловолди кампанияси сирлари ўртасида ғалати ўхшашликни қайд этади.

Лекин у 2016 йил Россия аралашуви ҳал қилувчи бўлган деб ҳисобламайди. «Унинг қанчалик таъсир кўрсатганлигига ҳозиргача ишончим комил эмас, - деб ёзади Стенгел. - Россия тарғиботи катта қамровда олиб борилган, лекин унга чуқурлик етишмаган». Шундан кейин у жуда зукколик билан истеҳзоли фикр билдиради: «Телевидение орқали Трампнинг сайловолди нутқларини юз соатлаб намойиш этар экан, Си-Эн-Эн унинг ғалабаси учун Russia Today телевизион станциясидан кўра кўпроқ иш қилди.

Стенгел бизнинг ташқи ва ички манипуляцияларга нисбатан заифлигимиз ҳақида ёзади. Аммо демократиянинг камчиликлари билан нима қилиш кераклиги ҳақидаги саволни таҳлил қилиб, у атиги бир нечта рецепт таклиф қилади. Унинг таъкидлашича, «Фейcбук» ва бошқа ижтимоий тармоқ компанияларига ноширлар сингари муносабатда бўлиш керак, улар ёлғон ёки зарарли контентни олиб ташлаган тақдирдагина уларнинг жиноий жавобгарликдан ҳимоя қилинишини таъминлайди. Худди шу тарзда, у қидирув тизимларини улар контентни қандай алгоритмлар билан кўрсатишларини тушунтиришларини хоҳламоқда.

«Мен давлатнинг жавоблари борлигига ишонмайман», - деб хафа бўлган ҳолда ёзади Стенгел. Журналистлар ва рекламачилар унга боғлиқ бўлган экотизимнинг ўзини-ўзи тартибга солиши учун жонбозлик қилади. У ёлғон контентни аниқлаш ва олиб ташлаш учун сунъий заковатдан фойдаланиш ва янгиликлар рейтинги тузиш бўйича янги тизимлар пайдо бўлишини олқишлайди. Шунингдек, Стенгел янгиликлар ташкилотларини янгиликларга тақлид қиладиган «ҳомийлик контенти» ва ўйламасдан босиладиган «хўрак-клик»лардан қочишга чақиради.

«Ахборот урушлари» китоби хавотир уйғотадиган белги бўлиши лозим. Унинг асосий хабари шундан иборатки, очиқ демократик жамият чекинмоқда. Вазиятни қутқариши мумкин бўлган ягона куч мавжуд (у ҳақида ҳозир жуда кам гапириляпти). Бу куч – сайтларга ташриф буюрувчи, уларда берилган маълумотларни «истеъмол» қиладиган ўқувчилардир. Уларнинг танлови ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Пировардида одамлар уларга шунга лойиқ бўлган янгиликлар оммавий ахборот воситаларини олади. Агар улар ёлғон ахборотни истеъмол қиладиган бўлса, бу ёлғон янада кўпаяди.