loader
Foto

Пушкин негр бўлганми?

Пушкиннинг негр бўлганлиги ҳақидаги назария ёки миш-мишларни ҳамма эшитганми? Негр тасвирлангани аниқ кўриниб тирган кўплаб портретларни кўрганмиз! Бундан ташқари, бир юз эллик йил давомида келиб чиқиши африкалик бўлган америкаликлар Пушкин ҳақида буюк рус адабий даҳоси сифатида ёзишган, аммо у 1904 йилда қора танли зиёлилардан бири айтганидек, "ирқ билан қондош боғлиқ”.

Пушкиннинг Афро-америкаликлар маданиятидаги ўрнининг далилларидан бири бу Нью–Йорк жамоат кутубхонасининг «Шомбург негр адабиёти ва тарихи тўпламининг луғат-каталоги» бўлиб, у афро-америкаликлар тарихи ва адабиётига оид матнларнинг энг катта тўпламидир. Каталогда "Пушкин"сарлавҳаси остида 118 та элемент мавжуд. Баъзи матнларда «ёзувчи томирида негрлар қони улуши бўлган рус эди» дейилган бўлса, бошқалари шунчаки: «қора танли ёзувчи» деб аташган.

Шомбург коллекциясининг таъсирчан Пушкиниана (унда Латвиядаги танқидий тадқиқотлардан тортиб Пушкин юбилейлари учун чиқарилган газета парчалари ва почта маркаларига қадар ҳамма нарса мавжуд) Пушкиннинг қора Америка ҳаётида узоқ вақтдан бери мавжудлигининг ягона далили эмас. Қора танли ёзувчи Чарлз Честнаттнинг машҳур ҳикоялар тўпламида қаҳрамонлардан бири «Александр Пушкиннинг насл-насаб шажарасини айтиб бериши» мумкинлиги билан мақтанади

1920-йилларда Пушкиннинг асарлари ва таржимаи ҳоли афро-америкалик адабий нутқига кирди. 1925 йилда 1920-30 йиллардаги «Гарлем Уйғониш даври» нинг асосий босма нашрларидан бири бўлган Opportunity журнали қора танли шоирлар учун ҳар йиллик Пушкин мукофотини таъсис этди.

Пушкин бугунги кунгача қора танли Америка маданиятида муҳим роль ўйнашда давом этмоқда. Унинг ҳаёти ва фаолияти ҳақидаги мақолалар «Эбони» (ялтироқ муқовали машҳур журнал) дан тортиб “Блэк Сколар” гача ["қора олим"] бўлган афроамерикаликлар матбуотида мунтазам равишда пайдо бўлади. Қўшма Штатлардаги Пушкинга бағишланган ягона доимий кўргазма Огайо штатининг Кливленд шаҳридаги Афро-америка музейида ишлайди. Пенсилвания штатидаги анъанавий қора танлилар коллежи бўлган Линколн Университетидаги курслар рўйхати Пушкин ва қора танлиларнинг тарихий тажрибаси бўйича иккита курсни ўз ичига олади; Пушкиннинг қора танли ёзувчи сифатида мунозаралари Интернетда мунтазам равишда бўлиб ўтади, лекин энг муҳими, рус миллий шоири қора танли қаҳрамонларга бағишланган комикслар туркумига киритилган: 1983 йилда "Александр Пушкиннинг ҳаёти" ҳажвий китоби нашр этилган.

Агар бундай мисоллар Пушкиннинг афро-америкаликлар орасида узоқ йиллик шон–шуҳратидан далолат берса, Шомбург каталогида доимий равишда учрайдиган аниқ таъриф – негр муаллифи - оқ ва қора танли америкаликлар рус миллий шоири ҳақида ёзишда дуч келган ирқ ва миллатнинг мураккаб масалаларини эслайди.

Қуйида Александр Сергеевич Пушкиннинг «Всероссийское Генеалогическое Древо» сайти бўйича шажараси келтирилган.

Нима дейиш мумкин? Диаграммада ранг билан белгиланган Александр Сергеевичнинг бобоси ҳақиқатан ҳам Пётр I га хизмат қилган Эфиопия шаҳзодасининг ўғли эди. Унинг генларининг ўртача нисбати қандай (агар биз бу саволга илм-фан нуқтаи назаридан эмас, балки оддий одамлар нуқтаи-назаридан ёндашсак)? Тўғри - 12,5%. Бу қолганларга нисбатан аҳамиятсиз. Агар Александр Сергеевич негр деб эълон қилинган ушбу мантиққа амал қиладиган бўлсак, у немис ҳам саналиши керак, чунки қонининг 12,5%и немисларники. Бироқ, негадир улар бу ҳақида эсламайдилар. Бундан ташқари, 75% бўлган рус ёки бошқа қон ҳам ҳисобга олинмайдими?

Шоирнинг катта бобоси Абрам Петрович Ганнибал (1696-1781), экзотикани ёқтирган Петрнинг «араб»и саналган.

У чўқинтириш натижасида "Петрович"га айланди, бунда мустабид Москва ҳокими унинг чўқинтирган отасига айланди. "Ганнибал" билан янада ғалати бўлиб чиқди. Буюк Петр тириклигида бизнинг доно ҳабашимизни оддийгина қилиб русчасига «Абрам Петров» деб чақиришган, лекин вафот этганидан кейин подшонинг фамилиясида бўлиш хавфсиз бўлмай қолди.

Шу сабабли Абрам Петровнинг «юмшоқ, қўрқоқ, аммо жаҳлдор ҳабаш табиати» (қаранг: А. Анненков, "Пушкин в Александровскую эпоху", 5-бет) хавфсизлик нуқтаи назаридан уни Петр немис слободасида уюштириган катта айш-ишрат базмларида атаганидай "Ганнибал" деб чақириш яхшироқ эканлигини тушунди.

Шоирнинг катта бувиси Христина-Регина фон Шеберг (...-170?), Абромнинг иккинчи хотини келиб чиқиши швед-немис бўлиб, унга бешта ўғил туғиб берган: Иван, Петр, Исаак, Яков ва Йосиф.

Шоирнинг бобоси, бу экзотик "рус жуфтлиги" нинг кенжа ўғли Йосиф Абрамович Ганнибал (1744-1807). У қўшхотин эди, яъни биринчи рафиқаси Мария Алексеевна Пушкина тириклигида ўзини бева деб даъво қилиб, капитан У.E.Толстойнинг бевасига уйланди. Бу қўшхотинлик жиноий суд жараёни билан якунланди, Йосиф Ганнибал иккинчи хотини билан ажрашди ва сургун қилинди — аввал Ўрта ер денгизида, кейин еса Михайловское қишлоғига хизмат қилиш учун.

Шоирнинг бувиси, Мария Алексеевна Ганнибал (1745-1819) – Тамбов воеводаси Алексей Федорович Пушкин ва Сарра Юрьевна Ржевскаянинг қизи эди (қаранг: Е.П.Янькова, «Рассказы бабушки», 1885г.)

Шоирнинг онаси Надежда Иосифовна Пушкина (1775-1836) Йосиф Абрамович Ганнибал ва Мария Алексеевна Пушкинанинг қизи эди. A.Кирпичниковнинг таъкидлашича ("Пушкин" // Словарь Брокгауза и Ефрона, 1890-1907): «Надежда Иосифовна эрини шунчалик қўлга олган эдики, у қариликка қадар хотинидан яширинча тамаки чеккан; болаларга нисбатан ҳаддан ташқари қаттиққўл эди, унинг норозилигини уйғотган шахсдан эса бир неча ой ва ундан кўпроқ вақт давомида хафалашиб юриши мумкин эди (масалан, ўғли Александр билан деярли бир йил гаплашмаган). У эри каби уй ишлари билан деярли шуғулланмасди, юқори табақалар орасида бўлиш ва ўйин-кулгини жуда яхши кўрарди».

Энди А.С. Пушкиннинг ота томонидан аждодларини кўриб чиқамиз.

Шоирнинг катта бобоси Александр Петрович Пушкин (1686-1725) биринчи Андрей кавалери граф Головиннинг кенжа қизига уйланган. A. Пушкиннинг ўзи ёзганидек, унинг бобоси "жуда ёш вафот этган, тутқаноқ тутиб қолган пайт туғруқдаги хотинини пичоқлаб қўйган".

Шоирнинг катта бувиси Евдокия Ивановна Головина (...-1725) иккинчи фарзандини туғаётган пайтида ўз эри томонидан шафқатсизларча ўлдирилган, псевдо-романтиклар ёзганидек, улар биргаликда қисқа ва бахтсиз умр кечириб, бир кунда вафот этган.

Шоирнинг бобоси Лев Александрович Пушкин (1723-1790) бахтсиз ота-онасининг ёлғиз фарзанди бўлиб, шоир бу ҳақида шундай ёзган: «Менинг бобом эҳтиросли ва шафқатсиз одам эди. Унинг биринчи хотини, ўғилларининг собиқ ўқитувчиси бўлган бир француз йигит билан хаёлий ёки ҳақиқий ишқий муносабатлари учун уй қамоқхонасида қамоққа ташланган [Мария Матвеевна] Воейкова сомон устида вафот этди, француз эса феодалларча қора ҳовлида осиб ўлдирилди. Унинг иккинчи хотини, [Ольга Василевна] Чичерина ундан кўп азоб тортган. Бир куни эри унга кийиниб, у билан бир жойга боришни буюрган. Бувим ҳомиладор эди ва ўзини ёмон ҳис қилаётганди, лекин рад этишга журъат қилмади. Йўлда у азобни ҳис қилди. Бобом аравакашга тўхташни айтди ва бувим каретанинг ичида отамни дунёга келтирди. Уни уйга чалажон ҳолда олиб келишди ва ясан-тусан ҳолатида каравотга ётқизишди. Мен буларнинг барчасини элас-элас хотирлайман. Отам ҳеч қачон бобомнинг ғалати қилиқлари ҳақида гапирмаган, эски хизматкорлар эса аллақачон ўлиб кетганди». (Қаранг: Кирпичников А.И. «Пушкин» // Словарь Брокгауза и Ефрона, 1890-1907).

Шоирнинг отаси Сергей Львович Пушкин (1771-1848) характерида бобоси билан ҳеч қандай умумийлик йўқ еди. Ўша пайтда ажойиб таълим олган, яъни нафақат француз насрий нутқини, балки шеърий нутқни ҳам ўзлаштирган, XVII ва XVIII аср француз адабиётида ажойиб нарсаларни ўзлаштирган ҳолда, у енгил ақлий машғулотларга ва jeux de societe нинг барча турларида топқирлик ва зукколикни намоён этишга бўлган иштиёқини умрининг охиригача сақлаб қолди. Бутун умри давомида у амалий ишларга қодир эмасди.

Сергей Львович Пушкин хизматни Измайлово полкида бошлади, кейин давлат хизматида хизмат қилди ва давлат маслаҳатчиси унвонигача кўтарилди. A.Анненков тасдиқлаганидек, А.С. Пушкиннинг отаси ўз ишларига вақт топа олмади, чунки у бошқа одамларнинг ишлари билан жуда астойдил шуғулланган. Кексаликка қадар у қизғин тасаввур ва таъсирчанлик билан ажралиб турарди, «у хотинининг ўлим тўшаги олдида ҳазил қилишга қодир эди - лекин баъзан арзимас нарсалардан йиғлаб юборарди».

Бироқ, Пушкин А.С. даҳо эканлигига шубҳа йўқ. Унинг оиласида ҳамма француз тилида сўзлаша оларди: ота-онаси, қариндошлар, репетиторлар. Фақат бувиси Мария Алексеевна ва энагаси Арина Родионовна рус тилида гаплашишган. Буларнинг барчасига қарамай, Пушкин унинг учун она тили бўлмаган рус тилини ўрганди ва унинг классик вакилларидан бирига айланди!

Абу Муслим

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР