loader
Foto

Мусулмон бўлиш осон

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Хушхабар айтинг, қизиқтиринг, нафратлантирманг (бездирманг)!"деганлар» (Имом Бухорий).

Буюк имомимиз Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) фарзанди Ҳаммодга дунё ва дин саодатига эришиш йўлларини кўрсатиб васият қиларкан, жумладан: "Беш юз минг ҳадисдан ажратганим беш ҳадисга амал қил", деган.

Бу беш ҳадисдан бирининг мазмуни бундай:"Мусулмон, тили ва қўлидан мусулмонлар озор кўрмайдиган кишидир".

Бу билан Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) инсонларга мусулмонликнинг нақадар енгил, айни пайтда, ҳар ким риоя қилиши лозим бўлган икки шартини баён этганлар.

Бу шартлар енгил, чунки улар куч ва молиявий чиқим талаб қилмайди. Аксинча, улар куч ва бойликни йўқолишдан, беҳуда сарф бўлишдан сақлайди.

Унга риоя этсангиз, тил гуноҳлардан сақланади, оғиздан кўпик сочиб, асабингизни бузиб, юрагингизни хунбб этмайсиз, кучингизни тежайсиз. Қўлингиз ҳам биродарингиз ёқасини тутмайди. Тавон тўлаб, молингизни йўқотмайсиз.

Бу шартни бажариш учун ўзингизни, нафсингизни идора қилишингиз, мусулмонлигингизни унутмаслигингиз керак бўлади, холос.

Мусулмонлик нақадар енгил ва инсон шарафини асровчи қалқон эканига энди шубҳа қилмасангиз керак?!

Муҳаммад Аҳмад Канъоннинг

"Эр-хотинлик асослари" китобидан