loader
Foto

Бандаларни ҳисоб-китоб қилишдан ҳикмат нима?

Бу дунёда арзимас нарсалар учун ҳисоб қилиниб, охиратда эвазига беҳисоб инъомлар ато этиладими? деб сўраган экансиз.

Билингки, банда ибодат учун яратилган. Унинг дунёда қилган ҳар бир саъй-ҳаракати, тановул қилган нарсаси ёзилиб, сақлаб борилади ва буларнинг бари учун у жавобгар бўлади: ким учун ҳаракат қилди, ким учун уринди, ким учун тановул қилди. Булар ичида ҳаром ишларни ҳам қилган бўлса, ўзини оқлашга ҳужжат келтира олмайди, унга жазо вожибдур. Агар Аллоҳ таоло ўз марҳамати билан уни афв этиб юбормаса. Фаолияти ичида ҳалол ишлари учун ният қилган бўлса, унда бандалик ҳақини адо этган бўлади, унга савоб вожиб бўлди. Агар ният қилишдан шаҳват, ҳою ҳавасга чалғиб ғафлатда қолса, бандалик ҳақини адо этмаган бўлади, унга савоб берилмайди. Кунларини, умрини бекор ўтказган бўлади, булар эса унинг ғафлати миқдорича унга қарши ҳужжат бўлади. Энди бу нарса унга қиёматда ҳасрат надомат бўлади, зеро (ҳаётлик вақтида шаръан) рухсат этилган ишларда Аллоҳни мақсад қилмай, Унинг розилигини тиламай қилган дунё ишлари унга намойиш этилади. Чунки у бу ишларида шаҳватини қондиришни, ҳавасларини ушатишни мақсад қилган эди.

Бу банданинг қалби хароба, кўкси вайрона бўлиб, ўзи Аллоҳдан тўсилиб қолган, Унинг тадбирлари, Унинг (яратган) охират масканидан билишдан бебаҳра қолган. Шунинг учун ҳам у аросатда қолади. Аллоҳдан қўрқуви ва ҳаёси камаяди. Қалбида Аллоҳни билиши, уни таниши камаяди, аммо Аллоҳ Таоло уни кўриб туради ва унга марҳаматини етказиб бераверади.

Қиёмат куни ҳар бир қилган ҳаракати, амали, дунёдан ўзлаштириш учун югурганлари ҳақида сўралади: сен буларни нима учун қилган эдинг, нимани мақсад қилган эдинг? Чунки у Аллоҳнинг неъматларидан баҳраманд бўлган, аммо унинг шукронасини келтиришдан ғафлатда қолиб, бандачилик хдқини адо этмаган. Аллоҳ таоло эса Қуръони каримда айтган: «Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зориёт, 56). Ғафлатдан огоҳ бўлиб, бардавом равишда ҳар бир хдракат ва амалда Аллоҳни ёдга олиб қилинган иш ибодат бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Энг қийин ишлар учтадир: Аллоҳ таолони ҳар қандай ҳолатда ёдга олиш, ўз танангга инсоф қилишинг (танангга зулм қилмаслигинг), дўстингга ўз молинг билан хайр-саховат қилишинг”.

Сиз эзгу ишларда тиришиб ҳаракат қилганларни кўрганингизни, аммо улар (юқори манзилларга) етиш-маганини, аммо шу билан бирга ўзини қийнамасдан ҳам (юқори манзилларга) етишганларни кўрганингизни зикр қилибсиз?

Бунга уларнинг бири ботиний томони очилгани учун етишган, тиришиб интилган киши эса ботининг фосидлиги туфайли юқори мақомларга эриша олмади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам деганлар: “Умматимнинг абдоллари бундай даражага ҳамда жаннатга киришга кўп рўзалари ва кўп намозлари билан эришмайдилар, улар Аллоҳнинг раҳмати, ўзларининг софдилликлари, кўнгилларининг сахийлиги, Аллоҳ таолога самимий бўлганликлари, барча мусулмонларга раҳм-шафқатли эканлари ва Аллоҳдан тақволари учун эришадилар”.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинишича. Улар бундай дедилар: “Жоҳилиятдаги энг яхши инсонлар Исломда хдм энг яхшилар эканини кўрасиз, агар улар англаб етган бўлсалар. Кимдаки, жоҳилият даврида ахлоқли, танти, кўнгли юмшоқ, меҳр-шафқатли, раҳмдил, сахий кўнгил бўлса-ю, Исломни англаб, уни тушуниб етса, у Исломда ҳам энг яхши инсонлардан бўлади”.

Одамларнинг асли тупроқдандир. Маълумки, баъзи тупроқлар кумуш кони, баъзилари тилла кони, бошқалари темир кони, ёки кўрғошин, сурма, зирних (мишъ-як-маргимуш) маъданларини ёки шу каби нарсаларни ўзида сақлаб ётади. Одамлар ер юзидан яратилганлар. Уларга руҳ пуфлангандан кейин барчалари ўз тупроқлари ва маъданларига қайтиб борганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Одамлар ҳам туялар каби, сони юзта бўлса ҳам роҳила (минишга яроқлиги) топилмайди, туялар ичида минишга яроқлилиги зотдор туя бўлади. Туялар кўп, аммо зотлилари кам. Зотли туя оҳиста қадам ташлайди, тўғри, ўртамиёна юради, агар унга юк ортилса, зотлилиги ва олижа-ноблиги туфайли кўтаради”.

Бу ҳадис билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таолога оҳиста, тўғри бўлиб, ўз юки ва бошқалар оғирлигини кўтариб борадиган кишилар кам бўлади, худдики, туялар орасида роҳиласи (минишга яроқлиги) кам бўлганидек. Роҳила минишга ҳам, юк ортишга ҳам ярайди, бошқа туялар эса оғир ҳаракат бўлиб, фақат юк кўтаришгагина ярайди.

Эзгу ишларда тиришиб ҳаракат қилганлар тор ва чигал табиатлари билан нафсларини қўлга ололмайдилар. Агар улар ўз саъй-ҳаракатларида сидқидил бўлсалар, уларнинг мукофотлари - жаннатдир. Аммо ўз нафсларини қўлга олиб, уни тарбия қилиб, олижаноб хулқлар билан хулқланганларнинг мукофотлари эса -қурбатдир. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларидан Ўзига йўл очиб қўяди, уларнинг кўксиларида нурлар порлаб улар тиришиб саъй-ҳаракат қилганлар билмайдиган нарсаларни Аллоҳдан билиб оладилар. Олимлар ва жоҳиллар эса тенг бўлмаганидек, отлиқлар ва эшак минганлар ҳам сайр ва масофани босиб ўтишда тенг эмасдирлар.

Аллоҳ таоло ўз муборак Китобида айтади: «Бизнинг тўгримизда (йўлимизда) жиҳод (жидду-жаҳд) қилганларни, албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз» (Анкабут, 69). Кимки нафсдаги ёмон ахлоқлар мужоҳадаси билан машғул бўлиб, уларни (ёмон хулқларни) тарк этса, Аллоҳ таоло бу бандани ҳидоят йўлига бошлаб қўяди, яъни қалбида Ўзига йўлни очиб қўяди. Банданинг мана шу ёмон хулқлари Аллоҳдан тўсиб турган эди.

Бизга ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (соллаллоху алайҳи ва саллам) дедилар: “Умматимдан бир кишини тиззасида эмаклаб кетаётганини кўрдим. Унинг яхши хулқи келиб, бандани Аллоҳ ҳузурига киритиб юборди”. Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёмон хулқ қалбни Аллоҳдан тўсиб туришининг хабарини бердилар. Шунинг учун ҳам Салма ибн Вардоннинг Анас ибн Моликдан, унинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган ҳадисида бундай дейилади: “Кимки ботил бўлган ёлғонни тарк этса, унга жаннат боғчаларида бир бино барпо этилади, кимки мунофиқликни тарк этса, ўзи тўғри одам бўлса, унга (жаннат) ўртасида барпо этилади. Ким хулқини яхшиласа, унга олий жаннатда бино барпо этилади. Жаннатларнинг олийси муқарраб бандаларнинг манзилидир”.

Бизнинг наздимизда яхши хулқ уч мақомда бўлади. Биринчи мақом - банда Аллоҳ таолонинг амр ва наҳийлари билан ўз хулқини яхшилашидир. Агар банда Аллоҳнинг амрларига бўйсунса, қайтариқларидан ўзини сақласа, биринчи мақомга етган бўлади. Кейинги босқичда барча одамлар ва ҳайвонлар билан хулқини яхшиласа, улар билан яхши муносабатда бўлса, бу ўрта мақомдир. Кейинги босқичда Аллоҳ билан унинг ерида хулқини яхшиласа, мана бу энг юқори мақомдир. Ким мана шу учинчи мақомга етишса, демак, у камолотга етибди, энди унга эқаннатдаги энг юқори даражалар вожиб бўлади. Зеро, Аллоҳтаоло Куръони каримда марҳамат қилган: «Кимки у зотга (Аллоҳ ҳузурига) яхши амалларни қилиб, мўмин ҳолида келса, бас, ана ўшалар учун юксак даражалар, остидан анҳорлар оқадиган, улар доимий қоладиган мангулик жаннатлари бўлур. Бу (ширк ва куфрдан) пок бўлган ки-шиларнинг мукофотидир» (Тоҳо, 75-76).

(Мазкур оятдаги “пок бўлган” сўзи араб тилидаги (зако’) сўзидан олинган. Бу сўз “софлик”, “поклик” маъноси билан бир қаторда “ўсиб униш”, “катта лашиш” деган маъноларни англатади). Зако’ қалбда бўлади, нумувв (ўсиш) эса кўкракда.

Бир киши сўради:

- Қандай қилиб Аллоҳ билан хулқини яхшилайди?

- Аллоҳ таолонинг ерда унга ва бошқа бандаларига яратиб қўйган шароитлари учун (банда) қониқиб, Ундан рози бўлади. Сафарга чиқиб бир манзилга кўнган кишининг хулқи қандай яхши бўлади. Аллоҳ бандаларига, уларнинг юртларига, чорваларига Ўз раҳмати билан чанқоқларини қондиради. Сон-саноқсиз умматларнинг тирикчилиги ўтиши учун ерни муҳайё қилди. Бу кишига эса бу нарсалар ёқмайди, Аллоҳнинг бу юритиб қўйган ишлари унга малол келади, уларга бепарво беэътибор бўлади, юраги сиқилади. Буларнинг бари ундаги шаҳват туфайли. У шаҳватини очкўзлик билан қондиришни истайди. Мана бу Аллоҳга қилган унинг ёмон хулқидир. У фақат ўзини ўйлаб, ўзи учунгина ҳаракат қилади. Аммо Аллоҳ таоло арш, курси, лавҳ ва қа-ламни яратишдан олдин унинг пешанасига алмисоқ куни нима тадбир ёзганини ўйлашни хоҳламайди. Агар унинг ўзи учун қилган ҳаракати беҳуда бўлса, кўкраги сиқилади, типирчилаб қолади, ўша кун унга мусибатга айланади, дейилди.

Ҳаким Термизийнинг

"Масоил Ахли Сарахс" китобидан