loader
Foto

Валид ибн Язид бин Абдулмалик

Валид ибн Язид бин Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам, фосиқ халифа, Абул Аббос. 90 йили туғилган. Ўсал ётган отаси уни халифа қилиб қолдира олмади, чунки у ҳали гўдак эди. Шунинг учун акаси Ҳишомни қолдириб, буни эса унга валиахд этиб тайинлади.

125 йили Ҳишомнинг ўлими олдидан ҳокимиятни олди. У фосиқ, ароқхўр эди. Аллоҳнинг муқаддасотларини оёқости қилувчи, ҳажга ҳам Каъбанинг устида ароқ ичиш учун бормоқчи бўлган эди. Одамлар фосиқлиги учун қаттиқ норози бўилишиб унга қарши исён қилдилар ва 126 йили жумодул охирда у ўлдирилди.

Айтишларича, қамал қилинган вақтида у, маошларингизни ошириб, устингиздаги озуқа солиғини бекор қилиб, камбағалларингизга хайру эҳсонлар бермадимми, деган. Шунда одамлар, биз сени ўзимиз учун айбламаяпмиз, балки Аллоҳнинг ҳурумотларини (муқаддасотларини) оёқости қилганинг, ароқ-хўрлигинг, отангга қарашли бўлган умму валадларни (хотинликка олинган чўрилар) никоҳлаб олганинг ва Аллоҳнинг амрларига беписанд (беҳурмат) бўлганлигинг, мана нимада айблаймиз сени.

Унинг кесилган бошини келтирганларида Язид-ноқис уни найзага санчиб қўйди. Укаси Сулаймон ибн Язид уни кўриб деди: “Йўқотинг уни! Мен гувоҳлик бераманки, у ўта ароқхўр, бузуқ ва фосиқ эди. Мендан ўз жонига шуни сўраб олди”.

Муофи Жаририй деди: “Мен Валид ҳақидаги баъзи хабарларни ва озгина шеърларидан жамладим. Уларнинг мазмуни бемаъни, эгасининг тентаклигини исботловчи ва очиқдан-очиқ Қуръонга инкор, Аллоҳга куфр бўлган шеърлар эди”.

Заҳабий деди: “Валиднинг кофир ёки зиндиқ бўлгани ҳақидаги хабарлар тўғри эмас, фақат ароқхўрлик ва бесоқолбозлик билан машҳур бўлган. Ана шунинг учун унга қарши бош кўтарганлар”.

Махдининг ҳузурида Валид ҳақида гап кетди. Бир одам уни зиндиқ эди деди. Шунда: “Бас, ундай дема. Аллоҳнинг халифалиги улуғдур, уни зиндиққа бериб қўймайди”, деди Махди”.

Марвон ибн Абу Ҳафса деди: “Валид одамларнинг энг чиройлиси, энг кучлиси ва қуюқ сочлиси эди”.

Абуззаннод деди: “Зуҳрий Ҳишомнинг ҳузурида доим Валидни айблар ва ёмонлар уни албатта меросдан четлатишинг керак дер эди. Ҳишомни эса бундай қилишга кучи етмади. Валид тахтга ўтирганда Зуҳрий ҳаёт бўлса эди, уни албатта йўқ қилган бўлур эди”.

Даҳҳок ибн Усмон деди: “Ҳишом Валидни четлатиб ўз ўғлини валиаҳд қилиб тайинламоқчи бўлганда Валид шундай деди: “Неъмат берувчининг ёрдамини билмадинг, шукр қилмадинг! Ўзи фазлу карам кўрсатиб берган эди уни сенга, мени еримга иморат қураётганингни кўраяпман. Қатъиятли бўлганимда қурганларингни бузиб юборган бўлардим, бу ишинг билан бошқаларга (тарафдорларингга) душманлик қилаяпсан деб ўйлайман. Ўлганингдан сўнг бу қилганларинг уларга бало бўлади. Мен биламанки, бир куни уларнинг энг кўп гапирадиган гаплари “қани эди” бўлиб қолади. Ваҳоланки, у чоғда “қани эди” фойдасиз бўлади”.

Ҳаммод Ровия деди: “Мен Валиднинг ҳузурида эдим. Шу пайт мунажжимлардан иккиси кириб деди: “Амрингни бажо қилдик. Бизга сени етти йил подшоҳлик қилишинг маълум бўлди”.

Ҳаммод деди: “Мен уни алдамоқчи бўлиб, уларнинг сўзлари ёлғон, биз эски китоблар ва турфа илмларни биламиз, уларга қараганда сен қирқ йил подшоҳ бўласан дедим. У бир оз сукут қилгач деди: “Йўқ, уларнинг деганлари менинг руҳимни чўктиролмайди, сенинг сўзинг ҳам мени талтайтиролмайди. Аллоҳга қасамки, абадий яшайдигандек ҳалол молдан йиғаман, эртага ўладигандек ўз ўрнига сарфлайман”.

Имом Аҳмаднинг “Муснад”ида айтилади: “Албатта, бу умматдан Валид деган киши чиқади ва у бу умматга Фиръавн ўз қавмига қилган ишлардан ҳам баттарроқ ишлар қилади”, деган ҳадис келган.

Ибн Фазлуллоҳ “ал-Масолик”да дебди: “Ал-Валид ибн Язид лақаби “жаббору анид” (шафқатсиз ва ўжар), қилган ишлари бари палид, расволикларга тўла асримиз фиръавни, қиёматда ўз қавмини дўзахга бошлаб боради, барчаларини шармисор қилади. У кун даҳшат ва қўрқувлар куни бўлади. Мусҳаф сари ўқлар отди, фисқ ишларни қилди ва гунохдан қўрқмади”.

Ас-Сувлий Саид ибн Салим (Сулайм)дан ривоят қилади: “Ибн Майёда Валид ибн Язидни мақтаб: “Фазилатлар соҳиби, Муҳаммаднинг авлоди ва Марвонийлардан бошқа бари қурайшийлардан ортиқсиз” деганда, Валид: “Муҳаммаднинг авлодини биздан юқори қўйибсанда”, деди. “У бундан бошқача бўлишига ижозат бермасди деб ўйлайман”, деди шунда Ибн Майёда. Мана шу Ибн Майёда ўзининг узун қасидасида Валид ҳақида яна шуларни ҳам айтган:

Бел боғладим айтмокҳа чин сўзимни душманларга ҳарамай,

албатта айтарман бу сўзимни халифалик юкин бўйнига олган

Валид ибн Язидни жуда яхши киши деб биламан”.

Жалолиддин Суютийнинг

"Тарих ал-хулафо" китобидан