Кафолат луғатда бир нарсани бир нарсага қўшмоқдир. Шаръий истилоҳда мутолабада, яъни сўраш ва излаш вақтида зиммани зиммага қўшишдир. Бу таъриф саҳиҳ-дир. Баъзилар айтганидек, “кафолат - қарзда зиммани зиммага қўшиш” эмас. Чунки зиммага қарз собит бўлган вақтда қарзга кафолат дуруст бўлганидек, зиммага қарз собит бўлмаган вақтда нафснинг ўзига кафолат дуруст бўлади. Шунингдек, қарзда кафолат дуруст бўлганидек, аъйн яъни, маълум нарсаларнинг ўзига кафолати ҳам дуруст бўлади.
Кафолат икки турли бўлади.
Кафолатун нафс. Бу кафолатда бир шахс иккинчи бир шахсни талаб қилинган вақтда маълум бир жойга ҳозир қилишни ўз зиммасига олади. Бу ақд билан кафолатни талаб қилган шахсни “макфулун лаҳ”, кафолатга олинган шахсни “макфулун биҳ” ёки “макфулун анҳ”, кафолатга олувчи шахсни эса “кафил” деб номланади.
Кафолатул мол. Бу кафолатда бир шахс иккинчи бир шахсдан талаб қилинадиган молни маълум бир вақтда тўлаб беришни ўз зиммасига олади. Бу ақдда ҳам кафолатни талаб қилган шахсни “макфулун лаҳ”, кафолатга олинган молни “макфулун биҳ”, кафолат даъво қилинган шахсни “макфулун анҳ” ёки “асил” ва кафолатга олувчи шахсни эса “кафил” деб номланади.
Кафолатнинг биринчи тури, яъни нафсга кафил бўлиш «мен унга кафилман», «уни менга қўйиб беринг» ва «унинг бошига кафилман» каби урф-одатда мавжуд иборалар билан боғланади.
Агар кафил кафолатга олинган одамни белгиланган вақтда олиб келиб топширмаса, қози уни қамаб қўйишга ҳақи бор. Агар кафил кафолатга олинган одамнинг қаердалигини билмаса, қамамайди. Мабодо биладиган бўлса, бориб олиб келиши учун муҳлат беради.
Кафил кафолатга олинган одамни хусуматлашиш мумкин бўлган жойга келтирса ёки “макфулун биҳ”, яъни кафолатга олинган шахс хусуматлашиш мумкин бўлган жойга ўзи келса, кафил зиммасига олган масъулиятини бажарган бўлади. Шунингдек, кафолатга олинган одам вафот этса ҳам, кафил масъулиятдан озод бўлади.
Агар макфулун лаҳ вафот этса, унинг меросхўри кафилдан ўз вазифасини бажаришни талаб қила олади.
Агар кафил «Мен кафолатга олган одамни эртага топширмасам, унинг қарзини тўлайман», деса, кафолат ақди дуруст бўлади. Бу ақдда нафсга кафил бўлиш билан мол кафил бўлиш жам бўлган бўлади. Агар эртасига кафил уни топширолмаса, қарзни тўлайди. Бироқ шунда ҳам нафс кафиллигидан озод бўлмайди.
Кафолатнинг иккинчи тури мол кафолатидир. Бунда кафил кафолатга олинган одам тўлаши керак бўлган молга масъулликни ўз зиммасига олади.
Бу кафиллик «унинг қарзига мен жавоб бераман», «унинг тўлови менинг бўйнимда» каби иборалар билан амалга оширилади. Бундай кафолатда кафилнинг қанча ва қандай қарзни ўз зиммасига олаётганини аниқ билиб олиши шарт қилинмаган.
Агар кафолатга олинган одамнинг қанча қарзи борлиги ҳужжат билан исботланган бўлса, кафил ўшани тўлаб беради. Агар қарзнинг қанчалигига далил-исбот бўлмаса, тўлов кафилнинг айтаётган гапига биноан амалга оширилади. Мисол учун кафил «мен бу одамнинг қарзи юз минг сўм деб ўйлагандим» ёки «мен юз минг сўмга кафил бўлганман» деса, гапининг ростлигига қасам ичгач, шу айтган маблағини тўлаб беради. Агар мана шу ҳолатда қарздор (кафолатга олинган одам) «йўқ, менинг қарзим икки юз минг сўм эди» деса, кафил айтганидан (юз минг сўмдан) ортиғини ўзи тўлайди( Ушбу ўринда кафилнинг ололмаслиги қарздан кафил билан хусуматлашса, кафилга тўлашдаш бош тортса, қози уни мажбурлаган ҳолда тўлатишга кучи етмайди. Аммо қарздор диёнат жиҳатидан тўлаши керак.) Чунки унинг иқрори фақат ўзига ўтади, холос.
Ҳақдор ўз ҳақини қарздордан ҳам, кафилдан ҳам талаб қилишга ҳақлидир.
Кафилликни бўйинга олиш қарздорнинг ёки кафил бўлувчининг таклифи билан амалга ошади. Агар қарздорнинг таклифи билан амалга ошган бўлса, кафил ҳақдорга тўлаган нарсасини қарздордан ундириб олади. Агар кафил бўлувчининг ўз таклифи билан амалга ошган бўлса, тўлаганини қарздордан ололмайди? Чунки кафилнинг ўз розилиги билан қилган бу иши, хайр-эҳсон ҳисобланади.
Ҳақдор кафилдан ҳақини талаб қилса, кафил ҳам қарздордан қарзини узишни худди шундай талаб қилади. Агар ҳақдор кафилни қаматиб қўйса, кафил ҳам қарздорни қаматиб қўяди.
Ҳақдор қарздордан ўз ҳақини кечиб юборса ёки тўлов муҳлатини орқага сурса, бу ишлар кафилга ҳам тегишли бўлади. Яъни, қарздордан кечиб юборилган ҳақ кафилдан ҳам кечиб юборилган, қарздорга берилган муҳлат кафилга ҳам берилган муҳлатдир. Бироқ кафилга берилган қўшимча муҳлат қарздорга берилган қўшимча муҳлат ҳисобланмайди. Шунингдек, ҳақдорнинг кафилдан ҳақини талаб қилишдан воз кечиши қарздордан ҳам воз кечиши деб ҳисобланмайди.
Агар кафил ҳақдор билан 1000 сўм қарз учун 100 сўм тўлашга келишса, яъни ҳақдорни шунга кўндирса, қарздордан 100 сўм олади. Агар 1000 сўм қарз учун пулнинг ўрнига кийим-кечак, мол-қўй кабиларни беришга келишса, қарздордан 1000 сўм олади.
Агар кафил ҳақдорга «мана буни олгинда, мени безовта қилаверма ёки мени тинч қўй» деб, унга бирор нарса берган ва ҳақдор бунга рози бўлган тақдирда ҳам, қарздор ўз қарзидан қутулган ҳисобланмайди.
Юқорида айтилганидек, тузилган кафолат келишувига ҳақдорнинг рози бўлиши шарт. Фақат ўзидан кейин мол-дунё қолдириб кетаётган бемор меросхўрларига «менинг қарзларимни тўлашга кафил бўлгин» деса ва меросхўр бунга рози бўлса, бу келишув ҳақдорларнинг розилигисиз ҳам шаръий кучга эга бўлаверади. Чунки бу кафолатга ўхшаса ҳам, асли васиятдир. Шунинг учун бу ҳолатда ҳақдорларнинг номини айтиб ўтиш шарт эмас.
Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан