Йўлга қурилган соябон, тарнов, девор, дўкон кабилар оммага халақит бермаса, тураверади. Лекин халақит бермаган тақдирда ҳам уни бузиб ташлашга ҳар бир инсоннинг ҳақи бор. Аммо одамларга зиён етказадиган бўлса, давлатнинг рухсати бўлса ҳам, олиб ташланиши керак. Йўлда савдо қилиш ҳам шу кабидир. Боши берк кўчага эса унда яшовчилардан рухсат олмай туриб, ҳеч нарса қуриш асло мумкин эмас. Йўлга қурилган ёки кавланган нарса сабабли биров нобуд бўлса, қурган (кавлаган) одамнинг оқиласи ўлганнинг диясини тўлаб беради.
Агар ўша қурилган нарсадан ҳайвон нобуд бўлса ва мазкур қурилиш давлатнинг рухсатисиз қилинган бўлса, қурган одам тўлаб беради.
Омманинг йўлига қийшайиб қолган деворнинг эгаси аввал огоҳлантирилган ва бузишга имконияти бўлатуриб бузмаган бўлса, етказилган зарарни тўлайди. Агар мана шу ҳолат сабабли одам нобуд бўлса, девор эгасининг оқиласи дия тўлайди.
Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан