Лондондан Берлингача, Лимассолдан Қарачигача якшанба куни юз минглаб одамлар Фаластин халқини Исроилнинг кучли армияси билан жасоратли тўқнашувининг 100-кунида қўллаб-қувватлашларини изҳор қилиш учун дунё шаҳарлари кўчаларига чиқишди, хабар қилади Arab News. Қарачида "Жамоат-и-Исломия" партияси раҳбари Ҳофиз Наим ар-Раҳмон Ислом конференцияси ташкилоти ва мусулмон давлатлари раҳбарларини урушни тўхтата олмагани учун танқид қилди.
"Резолюциялар муаммони ҳал қилмайди. Онгли одамлар Жанубий Африка Республикасининг ҳаракатларини қўллаб-қувватлашлари ва Халқаро Судда Исроилга қарши даъвога қўшилишлари керак. Биз бугун Ғазодаги биродарларимизни қўллаб-қувватлашимизни билдириш учун йиғилдик", деди у. Лондон, Дублин ва Эдинбургда минглаб намойишлар бўлиб ўтди. Бироқ норозилик намойишлари режалаштирилган майдонга кириш учун одамлар навбатда туришга ва полиция тинтувини кутишга мажбур бўлди.
Кипрнинг Лимасол шаҳрида юзлаб намойишчилар "Фаластинга озодлик" ва "Ғазо блокадасини тўхтатинг" ёзувлари билан Британия ҳаво кучлари базасига йўл олди. Намойишчилар Британия қўшинларини Кипрдан олиб чиқишни талаб қилиб, уларни Исроилга ёрдам беришда айблаган шиорлар билан ҳайқирдилар. Туркияда Фаластинни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2000 га яқин юриш ўтказилди. Намойиш ташкилотчилари Исроилни Туркия ичидаги тинчлик ва бирликка путур етказиш мақсадида курд сепаратистларига ёрдам беришда айблади. Туркиянинг IHH хайрия ташкилоти раҳбари Усмон Делибас, "Террорчи ташкилотларига ёрдам бериб, уларни бизга қарши қўзғатаётганлар билан Ғазода геноцид қилганлар бир хил одамлардир", деди. Рим папаси Франциск Авлиё Пётр майдонида сўзга чиқиб, Исроилнинг ҳаракатларини инсониятга қарши жиноят деб атади. Лиссабонда машҳур португал балеринаси Ирина Алмейда Фаластин тарафдорлари юришларидан бирига қўшилди. "Гап 100 кунлик эмас, 75 йиллик ишғол ҳақида кетмоқда. Ҳозир XXI аср ва агар биз ўзимизни ривожланган инсонлар десак, инсоният тарихида бундай бўлмаслиги керак", — деди у.