loader
Foto

Самовий жисмларнинг ҳаракат йўли

Коинотда 200 миллиарддан ортиқ галактика мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида ҳам ўртача 200 миллиарддан юлдуз бор. Уларнинг кўпчилиги ўз сайёраларига эга бўлиб, ўз навбатида уларнинг ҳам ўз йўлдошлари бор. Бу самовий жисмларнинг ҳар бири жуда аниқ ҳисоблаб, белгилаб қўйилган ўз орбиталари бўйлаб ҳаракат қиладилар. Миллион йиллардан буён уларнинг ҳар бири ўз ҳаракатини коинотдаги бошқа жисмларнинг ҳаракати билан ғоятда аниқ ва бенуқсон тартибда мувофиқлаштирган ҳолда ўз орбитасида тинмай учиб юради. Булардан ташқари, самода кометалар ҳам борки, улар ҳам ўзлари учун аниқ белгиланган муайян орбиталар бўйлаб ҳаракатланадилар.

Юлдузлар, сайёралар ва уларнинг йўлдошлари ўз ўқлари атрофида ҳам, ўзлари мансуб бўлган космик системалар таркибида ҳам мунтазам учиб юрадилар. Улар гўё улкан бир заводнинг механизмлари каби, бир-бири билан ажиб бир уйғунликда ва тартибда ишлаб турадилар. Мана шу бутун оламдаги улкан ҳаракат жараёнида миллиардлаб самовий жисмларнинг бирортаси бир-бири билан тўқнашиб кетмайди, уларнинг йўли ҳеч қачон ўзаро кесишмайди.

Самовий жисмларнинг ҳаракат орбиталари ғоятда аниқ ва ўта барқарор мувозанатга асосланади. Бу орбиталардан бирортаси бир миллиметрга ўзгарса ҳам, бутун коинотдаги ҳаракат мувозанати бузилиб кетиши, космик тизим ҳалокатга учраши мумкин.

Астрономик тадқиқотлардан бирида Ер курраси орбитасининг ўз йўлидан уч миллиметрга силжиши қандай оқибатларга олиб келиши, бунинг натижасида қандай ҳодисалар юз бериши қуйидагича фараз қилиб кўрилган эди.

Ер қуёш атрофида тинмай айланиб, шундай орбитани чизиб борадики, ҳар 25 километрда ўзининг тўғри чизиқли йўналишидан 2,8 миллиметрга четлашиб боради. Ер куррасининг траекторияси, яъни ҳаракат чизиғи соч толасичалик ҳам ўзгармайди, чунки орбита ўз йўналишидан атиги 3 миллиметрга четлашса ҳам, даҳшатли табиий офатларни вужудга келтириши мумкин. Агар орбита 2,8 эмас, балки 2,5 миллиметрга оғиб кетган тақдирда эса, у ҳаддан ташқари кенгайиб кетиб, Ер курраси музлаб қолган бўлар эди. Ер орбитаси 3 миллиметрга силжиса, Ер юзидаги барча мавжудот чидаб бўлмас жазирамадан қирилиб кетади...

Бу далиллар фақат йигирманчи асрга келиб фанга маълум бўлди. Бунга астрономия фанининг тараққиёти ҳамда осмон гумбазини кузатиш асбобларининг жадал суръатларда такомиллашиб бораётганлиги сабаб бўлди. Аммо самовий жисмларнинг коинотда қатъий орбиталар бўйлаб ҳаракат қилиши инсонларга бундан ўн тўрт аср муқаддам қуръони Каримда қуйидагича хабар қилинган:

(Самодаги юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлган осмонга қасамки... Ваз-Зориёт сураси, 7-оят

Кеча ва кундузни, қуёш ва ойни яратган Зот ҳам (ёлғиз Аллоҳдир). (Буларнинг) барчаси ўз фалак-фазосида сузиб юрурлар. Анбиё чураси, 33-оят

Астрономларнинг ҳисоб-китобларига кўра, қуёш ўзининг “солар атрокс” деб аталадиган орбитаси бўйлаб Вега юлдузи томон шиддат билан - соатига 720 минг километр тезлик билан учиб боради. қуръондаги машҳур Ёсин сурасида бу ҳақда шундай ояти карима нозил бўлган:

 "Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азизу ўта билгувчи зотнинг тақдир қилганидир". Ёсин сураси, 38-оят

(Оятда қуёшнинг  ўз истиқрори учун ажратилган маконда ва замонда жараён этиши–ҳаракатланиши ҳақидагина гап кетмоқда).

Албатта, Аллоҳ Таоло қуръони Каримни Ерга нозил қилган ўша узоқ ўтмишдаги инсонларнинг тасарруфида Ердан миллион-миллион километрларга узанган коинот бўшлиғини кузатишга имкон берадиган ривожланган астрономик кузатув асбоблари, қудратли телескоплар ва бошқа технологик воситалар бўлмаган. Бошқача қилиб айтганда, у даврда инсоният осмон гумбази ва ундаги самовий жисмларнинг тузилишини илмий жиҳатдан аниқлашдан, сайёраларнинг ҳаракат йўли, яъни орбитаси борлигини илмий асослашдан ожиз эди. Шунга қарамай, каломуллоҳда бу ҳақиқат инсонларга очиқ-ойдин баён қилинди, зеро қуръони Карим Аллоҳ Таолонинг инсониятни маърифатга, илмга ва ҳақиқатга ҳидоят қилувчи ҳақ каломидир.

Манбалар асосида

Абу Муслим тайёрлади