loader
Foto

Мусулмоннинг тарафи

Мусулмонларнинг асосий вазифаси ҳақ ва ботил курашида ҳақ томонида туришдир. Мусулмон одам ҳақиқат қарор топиши ва бутун инсониятнинг тинч-фаровон, озод яшаши учун бор кучи билан, тамасиз, холис меҳнат қилиши керак. Ислом – Буюк Яратувчига таъзим ва ҳурмат, бутун мавжудотларга шафқату марҳамат дини. Ўзимизни ислоҳ қилиб, камолотга етказиш ва атрофдагиларга фойда келтириш учун қилинадиган барча саъй-ҳаракатларга жиҳод дейилади, аслида.

Бир мусулмон уйига егулик олиб киролмаётган бўлса, «Менга нима, ахир уларни очликка мен маҳкум этганим йўқ-ку», дейилмайди. Ҳақ йўли ва даъвоси бундай ёндашувни қатъиян ман этади. Бунинг акси ўлароқ шу нарсани ҳеч қачон унутмаслигимиз керак: «Мен мусулмонман. Жидду жаҳд қиламан. Ҳамманинг қорнини тўйғазадиган жамият қурилиши учун бор имконимни ишга соламан. Йўқса, боягидек қийинчилик билан кун кечираётган, бошига очлик балоси тушган кимсалар ҳисобини Аллоҳ мендан сўрайди». Инсон бўлмоқ демак – мана шундай фикрламоқ демак. Яхши одам айнан шундай ўйлайди, тафаккур қилади.

Режа бўйича иш олиб бориш муваффақиятнинг зарурий шарти ҳисобланади. Режа бўйича ҳаракат қилишнинг асоси эса ҳар бўлимдаги ташкилот аъзосининг ўз ишини муҳаббат ва маълум бир ғоянинг илҳоми билан бажаришидир. Онгли тарзда вазифасини адо этадиган киши ўз йўналишида энг яхшилардан бўлиши ва сусткашликнинг оқибати қандайлигини билиши керак. Демак, ҳар бир аъзонинг малакали ходим бўлиши муваффақиятимиз гарови саналади.

Қуёш чиққанда зулмат чекинганидек дунёдаги ҳар қандай зулм, таҳдид ва ҳақсизликлар имон келтирганларнинг ғайрат-шижоати билан йўқ бўлади. Агар имон келтириб ишонсангиз, энг устуни сиз бўласиз. Ғалаба эса, албатта, имон келтирганларга насиб этади ва у жуда яқиндир. Аслида, бизнинг ғоямиз ҳам шу. Бу ғоя йўлида борини бериб ҳаракат қилганлар нақадар бахтли!

                            * * *

Исломдан бошқа ҳеч қандай ҳақ ва ҳақиқат манбаи йўқдир. Фан ва ҳикмат, санъат ва саноат ҳам Исломнинг ичида, унинг шахобчаларидан биридир. Илҳомини Қуръондан олмаган ҳеч қандай илм ва технология асло яхшилик келтирмайди, ёмонликдан, зарардан пок ҳам ҳисобланмайди.

Ақл – муқояса ва муҳокама воситаси, яъни таққослаш ҳамда қарор қабул қилиш қобилиятидир. Аммо Исломдан маҳрум ақл ёлғиз ўзи дастлабки ва мутлақ ҳақиқатларни билолмайди, яхшию ёмонни ажратолмайди. Олимга ҳам, шаробхўрга ҳам ақл берилган. Олимнинг ақли: «Инсонларни қандай огоҳлантирсам ва тўғри йўлга бошласам, улар эса икки жаҳон саодатига эришсалар», дея ишлайди. Шаробхўрники эса бошқача: «Қандай қилиб маҳалладаги дўкон эгасини алдаб бир шишагина ичкилик олсам бўларкин?» Бу ерда аҳамиятлиси онг остида яшириниб ётган ва ақлни ҳаракатга келтирадиган ниятдир.

                            * * *

Охирги пайтларда фикрларнинг айниши ўларок модерн мусулмон, маърифий Ислом, light Islam (Исломни енгил-елпи кўрсатиш), секуляризм каби бир қанча тушунчалар кириб келди. Дунёни фисқу фасодга тўлдириб юборган марказлар бир неча аср олдин христианликни қандай протестантлаштирган бўлишса, бугунги кунда юқорида номини тилга олганимиз тушунчалар билан Исломни протестантлаштиришга уринмоқдалар. Маърифий Ислом нима дегани ўзи? Исломнинг маърифатлиси ёки жоҳили бўлмайди. Ислом Исломдир.

Ислом дини – Аллоҳнинг биноси. Шунинг учун ҳам мукаммал ва батамом қилинган. Заррача бўлсин нуқсони, ортиқча жойи ва хатоси йўқ. Унга бирор нарса қўшиб ҳам, ундан бирор нарсани чиқариб ҳам бўлмайди. Ислом бошдан-охир ҳақдир, хайрдир ва ҳамма учун ҳар ерда зарурдир. Чунки Ислом дунё ва охират саодатининг ягона калитидир.

Раббимиз фақатгина хатти-ҳаракатларимизни эмас, бу ишларни нима учун ва қай мақсадда қилаётганимизни ҳам кўриб, кузатиб туради.

Нажмиддин Эрбақон «Ғоям» китобидан

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР