loader
Foto

45. Ал-Мужийб

У сўровчилар истагини ўз ўрнига қўймоқ дуо қилувчилар дуосига ижобат қилмоқ ва муҳтожлар заруратига кифоя этмоқ илинжи ила юзланиладиган Зотдир. Балки неъматни сўрашдан олдин беради ва дуодан олдин марҳамат қилади. Бу эса фақат Аллоҳ таолодир! Чунки у муҳтожлар ҳожатини сўрашларидан олдин билади. Ваҳолонки, буни азалдан билган ва озиқ-овқатларни яратиш ва барча ишларга етказувчи асбобларни муяссар қилиш билан ҳожатларга кифоя қилувчи сабабларнинг тадбирини қилгандир.

Танбиҳ. Аввало, банда ўз Парвардигори буюрган, қайтарган, яхши санаган ва чақирган ҳукмларга ижобат қилувчи бўлиши лозим. Сўнгра Аллоҳ унга берган неъматлар орқали бошқа бандаларга ёрдам қилиши, трдир бўлса муҳтожнинг ҳожатини чиқариши, ожиз бўлса юмшоқлик билан жавоб бериши лозим. Аллоҳ таоло:

«Соил (гадо)ни эса (малол олиб) жеркиманг!» - деб марҳамат қилган.(«Зуҳо» сураси, 10-оят)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Калла-поча ейишга чақирилсам ҳам, албатта, бораман ва менга туёқ ҳадя қилинса ҳам, албатта, қабул қиламан», - дея лутф қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чақиршда ижобат этишлари ва ҳадяларни қабул қилишлари у зотдан бўлган нақадар гўзал икром ва ижобатдир!

Қанча-қанча хасис, мутакаббир кимсалар борки, ҳар қандай ҳадяни олавермайдилар, ҳар қандай жойга боравермайдилар, балки улар кибр ва обрўларини сақлайдилар, чақирувчи, сўровчининг қалбига шу сабабдан озор етишини парво қилмайдилар.

Шунинг учун сен ушбу ал-Мужийб исмининг маъносини юқоридаги мисоллар билан яхшилаб мулоҳаза қил!

Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг

"Аллоҳнинг гўзал исмлари" китобидан