“Иқола” луғатда бекор қилиш, кечиш деган маънони билдиради. Истилоҳда эса амалга ошган савдони ҳар икки томоннинг розилиги билан бекор қилишдир. Савдо қилган томонлардан бири (сотувчи ёки харидор) савдони бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлмай туриб, маълум сабаблар туфайли (молни сотишга ёки олиб қолишга ҳожат қолмагани учун ёки бу молнинг ўрнига бошқасини сотиш-олиш фойдали бўлиб қолгани учун) савдони бекор қилиш (иқола қилиш)ни истаса, иккинчи томоннинг савдони бекор қилишга рози бўлиши ўта савобли ишдир.
Тарафлардан бирида савдони бекор қилиш ҳуқуқи бўлмаган ҳолида иқолани таклиф қилса, иккинчи томон савдони бекор қилишга рози бўлмаса, фақат бир томоннинг хоҳиши билан савдони бекор қилиб бўлмайди.
Савдо бекор бўлганида молга тўланган пулнинг қийматини кам ҳам, кўп ҳам қилмай қайтариш лозим. Мол харидор қўлида айбли бўлиб қолса, сотувчи айбга яраша пулни олиб қолиши керак.
Агар мол кўпайган бўлса (масалан, қўй қўзилаган ёки мато бўялган бўлса) ёки нобуд бўлса, савдони бекор қилиб бўлмайди. Аммо молнинг баъзи қисми нобуд бўлса, қолган қисмини иқола қилиш мумкин.
Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг
"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан