loader
Foto

Тавлия ва Муробаҳа ҳақида

Тавлия ва муробаҳа савдоси тўғри сўзликка ва ишончга асосланган савдодир. Шунинг учун тавлия ва муробаҳа савдоси билан сотилаётган молни сотувчининг ўзи ўхшаши бор нарса эвазига (масалан, сўм, буғдой кабилар) олган бўлиши керак. “Ўхшаши бор” деганда литрлаб ёки килолаб ўлчанадиган нарсалар, бири иккинчисига катта-кичикликда жуда ўхшаш бўлган нарсалар тушунилади.

Агар сотувчи сотаётган молини ўхшаши йўқ нарса (қўй ёки ҳовли каби) эвазига харид қилган бўлса, уни тавлия ва муробаҳа савдоси билан сотиб бўлмайди. Чунки ўхшаши йўқ нарсани ҳар ким ҳар хил баҳолагани учун (қўйни ёки ҳовлини ҳар ким ҳар хил баҳолайди) нархи аниқ бўлмайди.

“Ўхшаши йўқ” деганда бири иккинчисига ўхшамайдиган нарсалар тушунилади. Зеро, бир қўй иккинчи қўйга, бир ҳовли иккинчи ҳовлига ўхшамайди.

Тавлия ва муробаҳа савдоси билан сотилаётган молнинг нархига одатда савдогарлар харажатини ҳам қўшиш мумкин. Бу ҳолда тавлия савдосида «мол менга шунчага тушди» деб, муробаҳа савдосида эса «мол менга шунчага тушган, устига шунча фойда қўйдим», деб сотиш лозим.

Молни муробаҳа савдоси билан сотиб олган киши сотувчининг алдаганини билиб қолса, хоҳласа молни ол-дин келишилган нархда олиб қолади ёки молни қайтариб бериб, пулини олади (Имом Абу Юсуф берган ортиқча пу-лини сотувчидан қайтариб олади, деганлар).

Тавлия савдосида харидор алданганини билиб қолса, тўлаган ортиқча пулини сотувчидан қайтариб олади.

Имом Муҳаммад муробаҳа ва тавлия савдосида харидор алданганини билиб қолса, истаса молни аввал келишилган баҳосига олиб қолади, истаса, қайтариб бериб пулини олади, деганлар.

Харидор молни ишлатиб қўйганидан сўнг ёки мол нобуд бўлганидан ёхуд айбли бўлиб қолганидан сўнг сотувчининг алдагани аниқланса, савдони бекор қилиб бўлмайди.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан