loader
Foto

46. Ал-Восиъ

Бу исм кенгчилик, кучлилик, бойлик маъносидаги «сиаът» калимаси ўзагидан ясалган. Кенгчилик гоҳида жуда кўп маълумотларни қамраб олган илмга нисбатан ишлатилади, баъзида эса қайси нарсага шунча миқдорда берилишига биноан эҳсонга ва неъматлар истеъмолига нисбатан ишлатилади.  Мутлақ Восиъ Аллоҳ таолодир. Чунки унинг илмига қаралса, илм денгизининг соҳили йўқ чексиздир. Балки денгизлар суви Аллоҳнинг илм-ҳикматини ёзиш учун сиёҳ бўлса ҳам, етмасдан тугаб-битади. Агар Аллоҳ таолонинг эҳсону неъматларига қаралса, ўлчамининг чек-чегараси йўқдир.

Ҳар қандай катта кенгчилик бир жойга бориб тугайди, тугамайдигани эса сиъат - кенгчилик исмига энг лойиқ бўлади. Демак, Аллоҳ таоло мутлақ Восиъдир. Чунки ҳар бир восиъ — кенгчилик берувчи ўзидан кўра кенгрозда нисбатан тор хисобланади. Бир жойга бориб тугайдиган кенгчилик устида зиёдалик бўлишини тасаввур қилса бўлади. Чек-чегараси, ниҳояси бўлмаган кенглик устида зиёдаликни тасаввур этиб бўлмайди.

Танбиҳ. Банданинг ўз маърифатида ва ахлоқида кенг бўлиши, ҳар қанча кўп илмга эга бўлса ҳам, шу илми миқдорича кенг — восиъдир. Агар банданинг ахлоҳида кенгчилик бўлиб, муҳтожлик, ҳасад ёмонлиги, ҳирс ғалабаси ва бошқа ёмон сифатлар уни қийнаб, сиқиб қўймаса, у восиъ деб сифатланиши мумкин. Лекин буларнинг барчасида ниҳоя, чегара мавжуд. Фақатгина ҳатрирай Восиъ Аллоҳ таолодир.

Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг

"Аллоҳнинг гўзал исмлари" китобидан