loader
Foto

Ҳажга қандай пул тўплаш мумкин? Амалий маслаҳатлар

Биз ҳар йили ҳаётидаги энг асосий саёҳат – Маккага ҳаж зиёратини амалга ошириш учун йўлга чиққан ўз қариндошларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимизни кузатамиз ва кутиб оламиз. Ҳар йили биз улардан дуо қилишларини сўраймиз, улар учун чин дилдан қувонамиз, муқаддас заминдан тўғридан-тўғри намойишларни кузатамиз, улардан совға сифатида тасбеҳ қабул қилиб оламиз ва ўзимизга-ўзимиз айтамиз: ҳечқиси йўқ, бир кун келиб мен ҳам бу бахтли одамларнинг ўрнида бўламан. Лекин йиллар кетидан йиллар ўтади, улар У ЕРДА, биз эса ҳамон БУ ЕРДА. Келинг, ҳақиқатни тан олайлик, агар биз орзуимизга эришиш – Маккада бўлиш, Каъбага қўл теккизиш сари аниқ ва ишончли қадамлар қўймас эканмиз, бу афсонавий «қачондир» асло етиб келмайди.

Тан олиш керак, ҳаж амалини миллионерлар, олигархлар, таниқли шахслар эмас, балки ўзларини "Аллоҳ йўлида ҳаж" мақсадини кўзлаган ва унга эришган оддий одамлар бажаради. Бугун биз сизга қандай қилиб тежашни ўргатамиз ва мутлақо кераксиз нарсаларга қанча пул сарфлаётганимизни айтиб берамиз.

Овқат

Сизнинг оилангиз ойига овқатга қанча пул сарфлашини ҳеч ҳисоблаб кўрганмисиз? Бир қарашда, бу ҳаражатлар аҳамиятсиз бўлиб кўринади, биз кундалик ҳаётда ширинликларни истеъмол қиламиз, кафеда овқатланамиз, уйга суши ва пицца буюртма қилдирамиз. Гарчи совутгич кечқурун охиригача ейилмаган таомларга тўла бўлса ҳам, ҳар куни янги овқат тайёрлаш, озгина суви кочган нонни ташлаб юбориш одатий ҳисобланади. Йўқ, биз сизни оч қолишга чақирмаймиз, гарчи кўпчилик учун маълум вақт оралиғида овқатдан бутунлай ўзини тийиб туриш фойдадан бошқа нарсани англатмасада. Лекин бугун биз ҳамма нарсага оқилона ёндашишга чақирамиз.

Озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш

Бир ой давомида кафеда овқатланишдан тўлиқ воз кечишга ҳаракат қилиб кўринг ва ҳар сафар, оёқларингиз сизни қаҳва татиб кўриш учун шинам столча ёнига ундаганда иродангизни тўплаб, ноз-неъматлар учун сарфламоқчи бўлган пулингизни «ҲАЖ» номи остидаги ақчадонга солиб қўйинг.

Ишхонага ўзингиз билан уйда тайёрланган тушлик солинган контейнер олиб кетишни одат қилиб олинг, ахир ҳеч қандай ошхона овқати уйда меҳр билан тайёрланган таом ўрнини боса олмайди. Бутун оила бўлиб бир ойлик таомнома ҳақида ўйлаб кўринг, зарур нарсалар рўйхатини тузинг, озиқ-овқат маҳсулотларини биронта гипермаркетда ёки улгуржи бозорда харид қилинг ва магазинлар борлиги ҳақида 30 кунга унутинг.

Болаларингизни ўсимлик мойига тўла печенье ёки бутун бошли Менделеев жадвалини ўз ичига олган конфетлар билан эмас, уйда пиширилган ширинликлар, мавсумий мева-чевалар билан сийланг. Шу тариқа сиз бир ўқ билан икки қуённи урасиз – соғлиғингизни асрайсиз ва асосий мақсадимизга эришиш учун маълум миқдорда пул тежаб қоласиз.

Кийим-бош, пардоз-андоз буюмлари, хўжалик учун майда-чуйдалар

Кийим-бош ва пардоз-андоз буюмлари сотиб олиш

Йигирманчи рўмол – «нозик шафтоли ранг рўмол олдидан мен шундоқ ўтиб кета олмадим»; ўқитувчининг бир ойлиги ярмига тенг баҳодаги блузка – «ахир менинг болаларим фақат энг яхши кийимлар кийиши керак»; тўлиб ётган шифоньерга шунчаки сиғмайдиган сумка – «нимага энди мен ўзимни шундай майда-чуйда нарса билан сийлай олмас эканман».

Ҳа, аёллар бу – савдони ҳаракатлантирувчи кучдир. Дўконларда товарларни тез сотиб юбориш, ҳар хил реклама акциялари ва сохта фойдали таклифлар айнан инсониятнинг гўзал ярми учун мўлжалланади. Натижада, шкафларимиз йиллар давомида эскирмаган нарсалар билан тўлади, уйимизнинг барча горизонтал юзалари эса хилма-хил банкачалар, тюбиклар, ликопчалар, кострюлкалар, косалар, ёстиқлар, гиламчалар билан қопланади.

Агар сиз орзуингизга эришмоқчи – Ҳаж сафарига бормоқчи бўлсангиз, минималист бўлишингиз зарур. Атрофимиздаги ҳар бир предмет, майда-чуйда нарса пул туришини ўйлаб кўринг. Ушбу чой сервизи, тахтакач, янги пардалар, қўл креми сизга айни пайтда қанча кераклиги ёки буларнинг барчаси сизнинг жавонларингизда яна бир ўлик юк бўлиши ҳақида ўйланг. Гардеробингизни янгилашдан олдин, сизда мавжуд бўлган кийим-кечакларни текшириб кўринг ва ўзингизга руйирост жавоб беринг: сизда ҳақиқатан ҳам кийиш учун ҳеч нарса йўқми?

Кўнгилочарликлар, дам олиш

Кўнгилочарликлар: боулинг

Агар яқин орада Ҳаж зиёратини амалга оширишни ният қилган бўлсангиз, унутиш лозим бўлган яна бир нарса бу - кўнгилочарликлар. Агар ҳар куни кинога, кўнгилочарликлар клубига, аттракционлар паркига бориш учун катта миқдорда пул сарфлайдиган бўлсангиз, ҳажга бориш учун пулим йўқ деб таъкидлашнинг ўзи аҳмоқликдир.

Албатта, бутун оила билан таътилга пул сарфлашни, фарзандларимизни мамнун қилишни истаймиз, лекин биз сизни бу нарсадан бутунлай воз кечишга ундамаймиз. Аммо, дам олиш кунларини кўнгилочар клубда ўтказишнинг ўрнига, биз болаларимиз билан табиатга чиқишимиз, тўп тепишимиз, гулханда чой қайнатишимиз ва қўрда картошка пиширишимиз мумкин. Ҳақиқатан ҳам, шундай ўйин-кулгидан камроқ завқ оладилар деб ўйлайсизми?

Таъкидлаш керак бўлган яна бир нарса  бу - байрамлар. Аниматорлар иштирокидаги туғилган кунлар, қимматбаҳо совғалар, санъат асарига ўхшаган торт билан безатилган стол, ҳеч ким истеъмол қилмайдиган мазали байрам таомлари. Нега биз бундай байрамларни ташкил қиламиз? Ўзингизнинг Инстаграм саҳифангизни чиройли расмлар билан безаш, қариндошлар орасида энг сахий ва меҳмондўст оиланинг обрў-эътиборини қозониш учунми? Ахир, ҳар сафар бундай ўйламасдан пул сарфлаб, биз Макка ва Мадинадан, барча гуноҳларимиз учун кечирим олиш имкониятидан узоқлашамиз.

Катта харидлар

Мебель харид қилиш

Ҳаж сафарига кетадиган пулнинг ярмига тенг нархдаги телевизор, ошхона ёки ётоқхона мебели. Биз қимматбаҳо техника ва мебеллар учун индамасдан пул берамиз, лекин Маккага йўлланма нархи ҳатто озгина кўтарилишига норозилик билдирамиз.

Агар яқин келажакда Ҳаж сафарига йўл олишни чиндан истасак, янги юмшоқ диван харид қилиш, ваннахонани сўнгги урфда таъмирлашни ҳозирча ёддан чиқаришимиз керак. Бунга тайёр бўлинг ўзингиз билан ростгўй бўлинг.

Ҳаж учун пул тўплаётган ақчадонга пул солиш учун Айфонингизни сотишга тайёрмисиз? Эҳром кийиш имконига эга бўлиш учун қимматбаҳо автомобиль ўрнига арзон автомобилга ўтишга розимисиз? Агар бу саволларга сизнинг жавобингиз «ҳа» бўлса, ишончингиз комил бўлсин-ки, Аллоҳ Таоло сизга ёрдам беради ва муқаддас заминдан қайтиб келгандан кейин сиз бу дунёда янада кўпроқ неъматларга эга бўласиз.

Агар қалбингизни шубҳалар ўртайдиган бўлса, шошилинч равишда ўз устингизда ишлашни бошлашингиз керак. Ёдингизда бўлсин, зиёрат қилиш бизнинг мажбуриятимиз бўлиб, биз имкон қадар тезроқ бажаришимиз керак ва улар мавжуд бўлмаган жойда баҳона изламанг.