loader
Foto

Мусақот ҳақида

“Мусоқот” деганда дарахтларни парвариш қилувчи кишига, улардан олинадиган меванинг бир қисмини бериш эвазига топшириш тушунилади.

Мусоқотнинг ҳукмлари ҳам музораъаникига ўхшайди. Фақат мусоқотда келишув муддатини белгилаш шарт эмас. Келишув боғбоннинг иш бошлаши билан бошланиб, илк мевалар етилиши билан тугайди. Бундан сўнг дарахтларни парваришлаш, суғориш каби ишлар ишчидан соқит бўлади. Етилган мевалар шериклик молга айланиб, ҳо-силни йиғиб олиш харажатлари шерикларнинг ҳосилдан оладиган улушларига қараб тақсимланади.

Дарахтдан бошқа ўсимликлар (беда каби) уруғининг етилиши дарахт мевасининг етилиши кабидир. Келишув пайтида мева чиқмайдиган муддат тилга олинса (масалан, «келишув муддати 30 январда тугайди» дейилса), келишув нотўғри бўлади. Аммо меванинг чиқиш-чиқмаслиги ҳам мумкин бўлган муддат айтилса, бўлаверади. Агар шу ҳолатда мева чиқмай қолса, ишчи (боғбон) меҳнатига яраша ҳақ олади.

Мусоқотда ҳам музораъадагига ўхшаб келишув пайтида мева етилган бўлса, келишув тўғри бўлмайди. Чунки бу ҳолатда ишчи ҳосилга ҳеч нарса қилмасдан шерик бўлади. Бу эса мумкин эмас.

Агар шериклардан бири меванинг хомлигида вафот этса, ишчи ёки унинг меросхўри ишни давом эттираверади.

Мусоқот келишувини ишчининг ишга ярамайдиган бемор бўлиб қолиши ёки ишчининг ўғри бўлиб чиқиши, шунингдек, ижара келишувини бекор бўлишига олиб келадиган узрлар туфайли бекор қилинади.

Боғ эгаси боғбондан мусоқот амалига тегишли бўл-маган, яъни, қудуқ қазиш, анҳор чиқариш, омборхона қуриш, янги нав кўчат ўтқазиш каби ер эгасига қоладиган ишларни талаб қила олмайди. Чунки бу каби ишларнинг мева ҳосил бўлишига боғлиқлик жойи йўқ.

Бўм-бўш ерни бировга «бу ерга кўчат экиб обод қилсанг, ер ҳам, дарахтлар ҳам ўртада бўлади» деб бериш мумкин эмас. Чунки бу ҳолатда ишчи иш бошлашидан олдин бор бўлган нарса - ерга шерик бўлиб қолади. Аслида эса унинг ўз меҳнати туфайли пайдо бўлган нарсага шерик бўлишга ҳақи бор, холос. Бу ҳолатда ишчига эккан кўчат-ларига шу кундаги қиймати ва хизмат ҳақи берилади.

Кўкариб турган дарахтлар эса ер эгасига қолади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан