loader
Foto

Аббосийлар сайёҳи - Аҳмад ибн Фазлан

 

«Араблар Ғарбнинг қадимги тарихига ойдинлик киритганлар».

Немис тарихшунос олими

Кристиан Мартин Фрахн

Кўпчилигимиз умримизда бир марта бўлса ҳам Синдбад ҳикоясини эшитганмиз. Синдбад - бу шарқшуносларнинг «Минг бир кеча» асаридаги тўқима қаҳрамон. Таассуфлар бўлсинким, ўз тарихимизда ҳақиқий қаҳрамонларимиз бўла туриб, нима учун оддий бир тўқима қаҳрамон тарихини ўқишимиз керак?

Мазкур ҳикоямиз қаҳрамони Аҳмад ибн Фазланнинг тарихи 921 йили июнь ойида (ҳ. 309 й. сафар ойи, пайшанба куни) Волжская Булгария подшоҳи Алмуш-илтабарнинг илтимосига биноан, Аббосийлар халифаси Муқтадир Биллоҳ сайёҳлигига раҳбар қилиб жўнатгандан сўнг бошланади. Волжская Булгариянинг тарихи қандай бўлган? Алмуш-илтабар ким бўлган? Даъватга чиқишининг асл сабаби нима бўлган эди?

Ислом саёҳатчиси Аҳмад ибн Фазлан ҳақида маълумот йиғарканман, мусулмон делегацияси В.Булгария подшоҳини Ислом ҳақида билиш истаги учун юборилганини аниқладим. Тарих манбаларига таянсак, у замонасининг энг катта сирини, яъни чўлдан келиб чиққан дин - дунё тарихида улкан империяни яратишда қандай ҳисса қўшганлиги ҳақида билмоқчи бўлганлиги айтилган.

Мен Ғарб тарихи манбаларини ўрганиш чоғида, унинг мусулмон бўлганлиги ва унинг мамлакати мусулмон мамлакатлардан бўлганини аниқладим. У подшоҳ Алмуш-илтабар - В.Булгариянинг биринчи мусулмон п одшоҳи. У Исломни қабул қилгандан сўнг, исмини Жаъфар ибн Абдуллоҳ деб ўзгартиради. Бу подшоҳ Ислом тарихи манбаларида ўнинчи аср бошларида «Сақолиб» деб аталган мамлакатга раҳбарлик қилган. Бу мамлакат ғарб тарихи манбаларида Волжская Булгария номи билан танилган. Бу Европа-Ислом давлати ҳозирги Россиянинг Европа қисмидаги Волга ва Кама дарёлари ўртасида жойлашган. Бу давлатга қилинган экспедиция сабабли Ислом дини кенг ёйилган. Аммо вақт ўтиши билан давлатни халифалик марказидан узоқда бўлганлиги сабабли, Ислом таълимоти маҳаллий урф-одатлар ва у ерда Исломгача мавжуд бўлган бут-парастликка аралашиб кетади. Уларнинг подшоҳи Алмуш-илтабар ёки Жаъфар ибн Абдуллоҳ Аббосийлар халифаси Муқтадир Биллоҳга Ислом таълимотини ўргатиш учун маърузалар қилинувчи масжидлар барпо этиб, душманлардан ҳимояланиш учун қалъалар куриб беришини сўраб, нома йўллайди. Халифа Муқтадир Ислом делегациясини аъло даражада тайёрлаб, унга мазкур ҳикоямиз қаҳрамони, Бағдоддаги етук олимлардан бири Аҳмад ибн Фазланни раҳбар этиб тайинлайди. Қаҳрамонимиз ҳақида сўз қилишдан аввал икки муҳим жиҳатга эътибор қаратайлик:

Биринчидан: кўпчилик Аббосийлар халифалигининг хулқи тўғрисида ножўя гаплар қиладилар. Улар ҳақида бундай гаплар қилиш уят саналади. Тўғри, Аббосийлар халифалиги (ер юзидаги бошқа ўлкалар каби) сўнгида таназзалга юз тутди. Бироқ барчага аён бўлганидек, машҳур тўрт имом, Бухорий, Муслим ва бошқа умматнинг таниқли уламолари Аббосийлар даврида чиққанлигини унутмаслик даркор. Умавийлар замонида Исломни тарғиб қилиш учун «Оқ кийимлилар» жамоатини юборилганлиги барчага маълум. Аббосийлар даврида эса, улар даъват ишларига худди шундай «Қора кийимлилар» жамоатини чиқарганлар.

Иккинчидан: Ислом тарихига тажовуз қилганлар Аҳмад ибн Фазланни ҳам четлаб ўтмадилар. Ғарбда ёзилган романлар ва фильмларида Аббосийлар халифаси Муқтадир Биллоҳ Аҳмад ибн Фазланни севганидан узоқлаштириш учун даъватга чиқарган деб айтишган. Чунки Муқтадир Биллоҳ ҳам уни севган эмиш. Буни тўқиган тарихчиларга ҳайрон қолишга ҳожат йўқ, чунки улар Аллоҳнинг Каломини ҳам қоралашган. Лекин шундай эртакларга ишониб олганларга ҳақиқатда ҳайрон қолиш мумкин. Халифа қўл остидаги одамдан бундай йўл билан эмас, бошқа йўл билан ҳам қутула олиши мумкин эди-ку!

Энди эса буюк Ислом сайёҳи Аҳмад ибн Фазланнинг ҳикоясини давом этириш вақти келди. У ўз саёҳати давомида Ўрта Осиёдан ўтаркан, у ердаги одамлар билан учрашиб, уларни ҳайратланарли урф-одатлари ва китобларида ёзилган эътиқодларига гувоҳ бўлган. Шундай қилиб, у Волжская Булгарияга етиб боради. У ерда подшоҳ ва унинг халқига Исломни чиройли тарзда даъват қила бошлайди. Аҳмад ибн Фазлан подшодан «весь» номли халқ ҳақида ҳам эшитиб, ўз кундалигида ёзиб қолдирган. Бу халқ Шимолий Финландияда яшаб, шарқшунос Френ тасдиқлагандай, улар ҳозирги Белоруссия халқи бўладилар. Сўнгра Аҳмад ибн Фазлан Волга бўйида савдо билан шуғулланган русларни кўриб, уларни ҳам ўз кундалигида ёзиб қолдирган. Улар Швеция, Норвегия, Дания ва Исландияда яшаган викинглар бўлганлар. Аҳмад ибн Фазлан ўз хотираларидан баён қиладики:

«Яшил мунчоқлар бу халқнинг энг яхши кўрган зийнати экан. Улар уни бир дирҳамга сотиб олишиб, аёлларига мунчоқ қилиб тизиб берар эканлар. Улар Аллоҳ таолонинг энг палид бандалари экан. Сабаби улар нажосатдан, сийдикдан ва жинсий алоқадан сўнг тозаланмайдиган ҳамда овқатдан сўнг қўларини ювмайдиган халқ экан. Улар шаҳардан қайиқлари билан сузиб келишиб, Итил (ҳозирги Волга дарёси) қирғоқларига бойлаб қўядилар. Итил - катта дарё бўлиб, улар дарё бўйига ёғочдан уйлар қуриб олишган. Шунингдек, улар ҳар куни юз-қўлларини лойқа сувда ҳам юваверар экан. Яъни эрта тонгдан келин ўз эрига бир идишда сув келтиради. Эр бу сувда юз-қўли ва бошини ювади. Сўнгра худди шу идишда сочини тарайди. Шу идишни ўзига бурун қоқиб, тупуради. Нимаики бўлса, шу идишга бажаради. Ундан сўнг бояги келин ёнидагига олиб боради. У биринчиси нима қилга:бўлса, худди шундай қилади. Шундай қилиб, уйда қанча одам бўлса. барчаси ўша идишдаги сувга юз-қўлини ювишар экан. Сўнгра кемалари бойланган жойга чиққанларида, ҳар бирининг қўлида нон, гўшт. пиёз, сут ва набиз (мевалардан тайёрланган шароб) бўлади. Улар одам юзи акс эттирилган ёғочдан ясалган узун устун ёнига келадилар. Унинг атрофида кичик суратлар чизилган бўлиб, унинг орқасида ерга ўрнатилган узун бир устун бор. Бир рус келиб унга сажда қилиб, сўнгра қўлидаги барча нарсани ёғоч остига қўядида, шундай дейди: «Эй Худо, менинг молимни мен хоҳлаган нархга сотиб оладиган динори ва дирҳами кўп бўлган савдогарга рўбарў қил». Сўнгра у кетади. Мабодо унинг иши юришмаса, уларга икки уч марта совға олиб келади. Шунда ҳам савдоси юришмаса, атрофидаги кичик суратларга совға бериб, улардан шафоат тилаб, шундай дейди: «Булар - бизнинг Худомизнинг аёллари, қизлари ва болалари». Шундай қилиб, улар ҳар бир суратни олдига бориб, улардан ёлвориб ёрдам сўрайди. Борди-ю савдоси яхши юришиб кетадиган бўлса: «Худойим менга илтифот кўрсатди. Мен энди уни тақдирлашим керак дейди». Бир қанча қўй ёки сигир сотиб олади-да, уларни сўйиб, гўштнинг бир қисмини одамларга тарқатиб, қолганини олиб келиб бояги ёғочга ва атрофидаги кичик суратлар олдига қўяди. Сўйилган ҳайвоннинг бошини орқасида ўрнатилган ёғочга осиб қўяди. Тунда итлар келиб, гўштларни еб кетадилар. Шунда бояги одам айтадики: «Худо мендан рози бўлиб, олиб келган гўштларимни еди». Агар улардан бирортаси бетоб бўлиб қолса, унга алоҳида чодир тикишиб, ёнига бироз нон ва сув қўйиб, уни ёлғиз қолдирадилар. Унга яқинлашмайдилар ва у билан гаплашмайдилар. Борди-ю у қул ёки гадой бўлса, унга эътибор бермай, ташлаб қўядилар. Агар бетоб соғайиб кетса, яқинлари олдига қайтиб келади. Агар ўлиб-нетиб қоладиган бўлса, уни ёқиб юборадилар. Қул бўлса, ёқишмайди ҳам. Уни итлар ва йиртқич қушлар еб кетадилар. Шунингдек, улар бошлиқлари ўлса, уни ҳам ёқиб юборишларини айтганда, мен уни кўришга қизиқиб қолдим.

Бир куни уларни машҳур бир кишисини ўлгани хабари етиб, мен ҳам унга қатнашдим. Уни қабрга қўйиб, устига бир мато ташлаб қўйдилар. Кийим-кечагини тиккунларича, ўн кун ўтиб кетди. Агар камбағал одам ўлса, кичик бир кема ясашади-да, уни кемага солиб ёқиб юборадилар. Агар бой одам бўлса, унинг мулкини учга бўладилар. Бир қисмини оиласида қолдириб, яна бир қисмига уни кийим-кечагини тикиб, қолганига набиз (спирт ичимлиги) сотиб оладилар. Уни ўлган бойнинг чўриси ўзини-ўзи ўлдиргунча ичади. Сўнгра уни ҳам хўжайини билан бирга ёқиб юборадилар. Улар куну тун ичганлигидан, ҳатто қўлида идиш ушлаган ҳолда ўлганлари ҳам бўлар экан. Юқоридаги мен айтган одам ўлганда, кимдир: «Ким у билан бирга ўлади», - деб сўради. Шунда чўриларидан бири ўз ихтиёри билан ўлишга рози бўлди. Уларнинг эътиқодига кўра, хўжайини билан ўлиш шараф экан. Уша кундан бошлаб, унга бошқа чўрилар хизмат қила бошлади. Ҳатто уни оёқ-қўлларини ҳам ювиб қўйишар эди. Одамлар ўлган одамни кийим-кечагини тикиб бўлгунларича, қул истаганча ичиб, роҳатланар экан. Ўлик билан тирик чўриси ёқиладиган кун келганда, улар учун ясалган кема ёнида тантанали равишда маросим бошланади. Кемада ўликни ётқизиб ёқиш учун безатилган каравот ҳам бўлар экан. Бу маросимга оқ сочли кампир ҳам қатнашди. Улар уни «ўлим фариштаси» деб аташар экан. У ўз хўжайини билан ўлишни хохдаган чўрини ўлдириш маросимига бошчилик қилади. Белгиланган муддат келганда, ўликни қабр ичидан олиб чиқишиб, унга атаб тикилган янги кийимларни кийдириб, уни кемадаги чодирга йўлаб ўтқизиб, олдига мева-чева, хушбўй ўсимликлар қўйиб, набиз, нон, гўшт ва пиёз қўйдилар. Сўнгра итни сўйиб, иккига ажратиб кемага ирғитгач, ёнига қурол-яроқларини қўйдилар. Яна икки йилқини олиб келиб, уни ҳам сўйиб, қилич билан майдалаб кемага ирғитдилар. Сўнгра иккита сигир, хўроз ва товуқни худди шундай қилдилар. У пайтда бояги чўри дарё қирғоғида тикилган чодирда бўлади. У билан ўша чодирдагилар нафсларини қондириб, унга: «Хўжайинингга салом айт. Бу ишни уни яхши кўрганлигинг учун қилаётганингни етказ», - деб хайрлашишар эканлар. Турли ирим-сиримларидан сўнг, қиз ўлим фариштаси деб аталган кампир билан одамлар олдига кемага чиқади. Косаси билан набиз ичиб ётганда, кампир уни ҳанжари билан ўлдиради. Унинг ўлим олдидаги қийқириқлари эшитилиб, кейинчалик ҳеч ким хўжайини билан ўлгиси келмай қолмасин деган мақсадда, эркаклар қайиқларни тарақа-туруқ қилиб шовқин кўтарар эканлар. Сўнгра ҳамма нарса кемада хўжайинию чўриси билан бирга оловда ёқиб юборилди».

Ибн Фазлан бу ўлкада юрганда, ўлган бошлиқнинг ўрнини талашиб. викингларнинг икки қабиласи ўртасидаги низоларга дуч келгани хам айтилган. Шунда бир фолбин қабила бошлиқларнинг бирига шаҳрига бориб, уни хавфдан омон қолиши ҳақида айтади. Шунингдек, уни ўн уч кишидан иборат гуруҳ тузишни ва улар орасида бир одам шимолдан бўлмаслигини айтади. Шунда Аҳмад ибн Фазлан уларни ўн учинчиси бўлади. Қаршилик билдирганига қарамай, уни ҳам қўшиб, Волга дарёси орқали сузиб ўтиб, Данияга келадилар. Бу мусулмон сайёҳи ўша ерда кўрган-кечирганларини барини ўз кундалигига ёзиб қолдиради Ғарб тарихчилари уни: «Викинглар ҳаётини ўз кўзи билан кўриб, уларни сифатлаган биринчи одамдир. У (Ибн Фазланннг кундалиги) минг йилдан аввал бўлиб ўтган воқеаларни тушунарли тарзда таърифлаган қужжат бўлиб ҳисобланади», - деб айтишган.

Қаҳрамонимиз Аҳмад ибн Фазланнинг тарихи бошқа халқларга қараганда, Бағдод цивилизацияси тараққиётини очиб беради. Шу билан бирга мактаблардаги тарих ўқув қўлланмалари сабабли, қанчалик ортда қолганимизни кўрсатиб беради. Нима учун фарзандларимиз, ёшларимиз, колаверса катталар ҳам Аҳмад ибн Фазлан каби улуғ фақиҳ ҳамда саёҳат-чининг тарихидан бехабар қолишлари керак? Бу мусулмон сайёҳининг таржимаи ҳоли тўқима Синдбаднинг тарихидан афзал эмасми? Ибн Фазланнинг саёҳати Майкл Крайтоннинг «Ўлаксахурлар» романини яратилишига сабаб бўлган. Бу роман асосида Голливудда «Ўнучинчи аскар» номли фильм суратга олинган. Бу фильм тарихимизни, улуғ инсонларимизни бошқалар биздан яхши билишларидан далолатдир. Биз эса уларнинг ҳаётидан бехабармиз. (Фильмда бир қанча ўзгартиришлар киритилган.)

Ибн Фазланнинг совуқ диёрларга қилган саргузаштларидан сўнг Ҳиндистоннинг иссиқларига ўтиш вақти келди. У ёкда ҳам улуғ бир мусулмон билан танишамиз.

Бу улуғ мусулмон Ҳиндистонда Исломни қандай қилиб сақлаб қолган? Миллионлаб ҳиндлар Исломни қабул қилишига нима сабаб бўлган? Бизнинг улуғ қаҳрамонимизни Тожмаҳал билан қандай боғлиқлиги бор?

Нима учун ҳиндлар уни Ҳиндистонни бошқарган энг улуғ раҳбар дея эътироф этганлар?

Ат-Туробийнинг

"Ислом умматининг 100 буюк шахси" китобидан