loader
Foto

Муржиъалар ким?

Муржиъалар оқими. «Муржиъа» лафзи масдаридан олинган бўлиб «орқага ташлаш» ва «кечиктириш» маъноларида келади. Муржиъаларнинг фосид ақийдада ва ботил назарияда эканликларига Қуръони Каримда далиллар бор. Улар ана шу далилларни орқага ташлаб, эътиборга олмаганлари учун муржиъа деб номланди.

Муржиъаларнинг назариялари қуйидагича: «Иймон басит, иймоннинг ҳақиқати фақат қалбдаги тасдиқдир. Тил билан иқрор қилиш ва солиҳ амаллар иймоннинг жузи эмас.

Савол: уларнинг биздан яъни ҳанафий ва жумҳур мутакаллимлардан бу масалада нима фарқи бор?

Жавоб: Улар билан ҳанафий ва жумҳур мутакаллимлар орасида осмону ерча фарқ бор. Зеро, ҳанафийлар ва жумҳур мутакаллимлар тил билан иқрор қилишни иймоннинг шарти, деб эътибор қиладилар. Солиҳ амалларни эса иймонни комил қилиш учун шарт, дейдилар. Аммо муржиъалар эса тил билан иқрор қилишнинг ҳам, дин арконларига амал қилишнинг ҳам умуман эътибори йўқ, қалбдаги тасдиқнинг ўзи кифоя қилади, дейдилар.

Савол: Абдулқодир Жийлоний раҳматуллоҳи алайҳ «Ғунятут-толибийн» номли китобларида ҳанафийларни муржиъага нисбатлаган. Бу нисбатнинг сабаби нима?

Биринчи жавоб: Мавлано Хайр Муҳаммад соҳиб «Хайр ул-усул» китобида: «Бу ерда муржиъа тоифасидан мақсад Ғассония фирқасидир. Ғассония фирқасининг асосчиси Ғассон ибн Абон. У эътиқодий жиҳатдан муржиъа бўлиб, фиқхда Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг мазҳабларига муқаллид бўлган. Шу сабабдан бу ердаги нисбатланишдан айни ўша Ғассония тоифаси ирода қилинган. Эътиқодда бошқа йўлда, фиқҳда бошқа йўлда бўлиш воқеликда учраши мумкин бўлган ҳолатдир.

Иккинчи жавоб: яъни «орқага суриш»нинг икки маъноси бор:

1. Солиҳ амалларни иймоннинг бир жузи деб билмасдан, иймонни комил қилгувчи деб билишлик.

2. Солиҳ амалларни на иймоннинг жузи деб қабул қилиш ва на иймонни комил қилгувчи деб қабул қилмаслик. Балки фақат қалбдаги тасдиқнигина иймон деб билиш.

Бу масалани бошқача айтадиган бўлсак, муржиъалар солиҳ амалга ҳеч қандай ўрин бермайдилар. Биз эса солиҳ амални иймоннинг жузи бўлмаса ҳам солиҳ амал иймонга фойда ёки зарар келтириши бордир деймиз. Шу сабабдан баъзи китобларда ҳанафийларни муржиъаликка нисбатлаш аввалги маънодаги иржодир.



Муржиъаларнинг далиллари: мўминнинг қалбида тасдиқ топилса жаннатга кириши ваъда қилинган оят ва ҳадислар.

Ушбу бобнинг учинчи фаслида ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳулан бир ҳадис ривоят қилинган, унда: «Қай бир инсон «Аллохдан бошқа маъбуд йўқдир» деган ҳолида вафот этса, жаннатга киради» дейилган. Мана шу ҳадисни далил қилиб улар тасдиқи қалбий кифоя қилади ва амали солиҳларнинг эътибори йўқ, дейдилар.

Биз уларнинг шу ва шу каби далилларига қуйидагича жавоб берамиз:

Биринчи жавоб: Аслида жаннатга кириш икки хил бўлади:

1. Мутлақ, яъни жаннатга дўзахдан чиққандан кейин бўлсада кириш.

2. Жаннатга тўғридан-тўғри кириш. Яъни дўзахга кирмасдан тўғри жаннатга кириш.

Юқорида муржиъалар далил қилиб келтирган далилларда жаннатга мутлақ, яъни қачондир кириш ирода қилинган. Бу ерда жаннатга тўғридан-тўғри кириш. Зеро, жаннатга тўғридан-тўғри кириш учун қалбий тасдиқ билан бирга солиҳ амаллар ҳам шартдир.

Иккинчи жавоб: Муржиъалар далил қилиб келтирган оят ва ҳадислар улар айтган маънода келган деб ҳисоблаганимизда ҳам, Қуръон ва ҳадисда келган солиҳ амалларга тарғиб қилгувчи, гуноҳларни қилишдан қайтарилган кўплаб оятлар ва ҳадисларнинг барчаси бекор бўлиб қолиши керак бўлади. Бу эса ботил қарашдир.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан

Қудратуллоҳ Сидиқметов таржимаси

СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР