loader
Foto

Насабга тил теккизганга ва айтиб йиғловчига куфр сўзини ишлатилиши ҳақида

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларда иккита гап бор ва у иккиси ҳам улар учун куфр: насабга тил теккизиш; маййит учун айтиб йиғлаш», дедилар».



Шарҳ: Инсонларда иккита одат бор, у иккиси куфр даражасида бўлади. Биринчиси, насабга тил теккизиш, яъни одамларнинг насабига таъна-дашном ёғдириш. Инсон ёлғондан ўзини бошқага мансуб қилиш ҳаром бўлганидек, бошқаларнинг насабига тил теккизиш ҳам ҳаром саналади. Барча инсоният Одам алайҳиссаломнинг наслидан тарқалган. Одам алайҳиссалом эса тупроқдан яратилган. Насабга тил теккизишдан мурод «фалончининг насаби бундай, унинг насаби бундай», дейиш назарда тутилмокда. Исломда никоҳ қуриш арафасида оилалар ўртасидаги тенгликка алоҳида эътибор берилади. Бу бошқа масала. Никоҳда эътибор қилинишининг сабаби, оилалар ўртасида тенглик бўлиши янги қурилган оиланинг мустаҳкамлиги учун муҳим омил бўлади. Насаб аслида танишиш учун, урушиш учун эмас. Зеро, Аллоҳ таоло насаб борасида «танишишларингиз учун», деган. Бирорта ўринда «уришишларингиз учун», демаган. Насабни сақлаш жуда муҳим ҳисобланади. Шунинг учун шариат насабга тил теккизишни ҳаром амаллардан қилди.

Ҳадисдаги «маййит учун айтиб йиғлаш» жоҳилият анъанасидан ҳисобланади. Жоҳилият замонасида кимнингдир ота-онаси вафот этса, айтиб йиғлайдиган одамларни чақиртириб йиғлатишар эди.

"Саҳиҳи Муслим шарҳи" китобидан