Аввал айтганимдек, динда фақиҳ ким эканини билиб олишимиз жуда муҳимдир. Мулла Али Қори раҳимаҳуллоҳ "Мирқот шарҳ Мишкот" китобида Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг бир сўзини келтиради:
"Фақиҳ - дунёдан зуҳд қилувчи, охиратга рағбатли, диний масалаларда эътиборли ва Аллоҳнинг ибодатида бардавом бўлган кишидир".
Фақиҳнинг биринчи аломати
Фақиҳнинг биринчи аломати - дунёга боғлиқ бўлган барча нарсадан зуҳд қилишдир. Ҳазрати Умар розияллоҳу анху динда фақиҳ, раббоний олим ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақиқий вориси эдилар. Шунинг учун дунёдан зуҳд қилардилар. Мўминлар амири бўлишларига қарамай, ямоқ кийим киярдилар. Ўтган салафи солиҳлар бу дунёнинг муҳаббатидан узилган эдилар. Уммат ҳакими Ашраф Али Таҳонавий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётларини ўқиб чиқсангиз, гўёки бу дунёда яшамагандек, бошқа бир оламда истиқомат қилгандек кўринади.
Фақиҳнинг иккинчи адомати
Фақиҳнинг иккинчи аломати охиратга рағбатли бўлишидир. Бу икки сифат унинг қалбига шундай кумилган бўладики, бунинг таъсири баданларида кўринади. Агар кимда-ким уларнинг ҳалқасида ўтирса, охиратга бўлган қизиқиши ортиб, дунёга бўлган истаги камаяди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай инсонлар ҳалқасида ўтиришимизни таьсия қилганлар.
Саҳобалар сўрашган экан: "Кимнинг ҳалқасида ўтирайлик?" Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб берибдилар: "Сўзи илмингни зиёда қиладиган, амали қалбингда охиратга муҳаббат уйғотадиган ва дунёдан зуҳд ҳилишга ундайдиган инсоннинг ҳалқасида ўтир". Аллоҳ таоло шундай сифатларни бизда ҳам жамлашни насиб қилсин!
Диндаги фақиҳнинг бу дунёга нисбатан ҳеч қандай хоҳиши бўлмайди. У ҳар бир лаҳзасини охират ташвиши билан ўтказади. Нима амал қилса ҳам, охиратдаги фойдасини ўйлаб қилади. Масалан, у бир ишга киришишдан олдин: "Агар икки ракат намоз ўқисам, унга ажр берилади. Кимгадир яхши маслаҳат берсам, фойдага эришаман. Яна кимгадир ниманидир ўргатсам, охиратда бу менга фойдадир. Агар кимгадир илм улашсам, Аллоҳга яқинлик ҳосил қилган бўламан", деб ўйлайди.
Аслида, у дунёвий масалаларда ҳам охиратдаги фойдасини ўйлайди. "Улар орқали қандай қилиб Аллоҳга яқин бўла оламан", дея фикр қилади. Агар инсонда бундай ҳолат топилса, у ҳеч қачон ножўя ишлар қилмайди. Унинг ташвиши фақатгина мақсад сари интилиш бўлади.
Шайх Муҳаммад Салимнинг
"Раббоний олим ким?" китобидан