loader
Foto

Зино қилгувчи зино қилаётган вақтда...

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино қилгувчи зино қилаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди. Хамр ичувчи уни ичаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди. Ўғри ўғрилик қилаётган вақтида мўмин ҳолида ўғрилик қилмайди. Талончи молни одамларнинг кўзини бақрайтириб талаётганда мўмин ҳолида бўлмайди. Хиёнат қилгувчи хиёнат қилаётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди. Шундай экан, бу ишлардан сақланинглар, сақланинглар», дедилар (Муттафакун алайҳ).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ривоятларида «Қотил бир одамни ўлдираётган вақтда мўмин ҳолида бўлмайди», дейдилар. Икрима розияллоҳу анҳу айтади: «Мен Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога дедим: «Қандай қилиб иймон ундан тортиб олинади?» «Мана бундай», дея бармоқларини бир-бирига киргиздилар ва сўнгра чиқардилар. Агар тавба қилса унга иймон қайтади, дея бармоқларини яна бир-бирига киритдилар». Абу Абдуллоҳ айтади: «Лекин бу банда комил мўмин бўлмайди ва унда иймон нури ҳам бўлмайди» (Бу ривоят Имом Бухорийнинг лафзи).

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган олти гуноҳи кабира, яъни зино, ўғрилик, хамр ичиш, талончилик, хиёнат қилиш ва қотилликларни мўмин киши қилса, унда иймон қолмаслигига далолат килади. Шу ўринда икки савол туғилади.

Биринчи савол: Бу ҳадиси шарифнинг зоҳири аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодига хилоф, айни вақтда мўътазилийларнинг фойдасига далил бўляпти. Чунки аҳли суннанинг наздида гуноҳи кабира килган мўмин киши иймондан ажрамайди. Ҳолбуки, ҳадиси шарифда мазкур гуноҳлар билан инсон мўмин бўлмаслиги айтилмокда. Мўътазилаларда эса, мўмин кабира гуноҳларни касб қилиш билан иймондан чиқади. Шунинг учун бу ҳадис уларнинг далили бўлмаяптими?

Иккинчи савол: Бу ҳадиси шариф билан юқорида ўтган Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривояти келган ҳадиси шариф ўртасида таориз бўлмоқда. У ҳадиси шарифда зино ва ўғрилик қилган бўлса ҳам, банда жаннатга кириши мумкинлиги айтилганди. Бу хадиси шарифда эса зино ва ўғрилик қилган кишининг иймони боқий қолмаслиги айтилмоқда. Бу таоруз қандай ҳал қилинади?

Биринчи жавоб: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадиси шарифда кабира гуноҳ қилган кишидан иймон нафий килинмаяпти, балки иймоннинг камолоти нафий қилиняпти. Бу ҳадиси шарифда қачонки кабира гуноҳни қилган кишидан иймоннинг асли нафий бўлган чоғдагина мўътазилийларнинг фойдасига ҳужжат бўлиши мумкин эди. Ахди сунна вал жамоанинг тавжиҳига кўра, ҳадиснинг маъноси «Бу олти гуноҳни қилган киши комил мўмин бўлмайди», деган маънода бўлади. Шу туфайли мўътазилийлар бу ҳадис билан ҳужжатлана олмайдилар. Шунингдек, биз баён қилган маънога кўра, бу ҳадиси шариф Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ҳадисига таоруз ҳам бўлмайди. Чунки ҳадиси шарифдан кабира гуноҳ қилгувчидан иймонни нафий қилиш маъноси чиқса, таоруз ҳосил бўлади.

Иккинчи жавоб: Бир инсон калимаи шаҳодатни айтса, мўмин бўлади. Сўнгра у мўмин бўлгани учун Аллоҳ таоло унинг қалбида бир нурни пайдо қилади. Шу нур билан банда ҳақ ва ботилнинг орасини ажрата олиш қобилиятига эга бўлади. Демак, калимаи шаҳодатни айтган инсонда аввал иймон ҳосил бўлади, сўнгра бу иймоннинг натижасида иймоннинг нури пайдо бўлади. Бу ҳадиси шарифда гуноҳи кабира қилган инсондан иймоннинг ўзи эмас, иймоннинг нури боқий қолмаслиги ҳақида сўз юритилмокда. Шунда ҳадиси шарифдан «Агар мўмин инсон кабира гуноҳлардан бир гуноҳни қилса, ундан иймон нури чиқади. Агар тавба қилса сўнг яна ўз ўрнига қайтади», деган маъно ҳосил бўлади. Бу маънодан сўнг мўътазилалар бу ҳадисни ўзлари учун ҳужжат қилолмайди. Шу билан бирга юқорида айтилганидек, бу маънодан сўнг бу ҳадис билан Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ҳадисига таоруз ҳам бўлмайди.

«Мишкот» соҳиблари ривоятнинг охирида Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг: яъни Абу Абдуллоҳ айтади: «Лекин бу банда комил мўмин бўлмайди ва унда иймон нури ҳам бўлмайди», деган сўзини келтириш билан мазкур икки жавобни имом тамонидан келтирдилар. Демак, Имом Бухорийнинг наздларида ҳам солиҳ амаллар иймоннинг бир жузи эмас экан.

Учинчи жавоб: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу ҳадиси шарифдаги жумласидагидан мурод истилоҳий мўмин эмас, балки луғавий мўмин ирода қилинади. Шунда ҳадиси шарифнинг маъноси, «Мўмин инсон гуноҳи кабира қилаётган вақтда Аллоҳ таолонинг азобидан омонда бўлмайди, қилаётган гуноҳи сабабидан Аллоҳ таолонинг азобига дучор бўлиш хавфи бор», деган маънода бўлади. Бу маънодан кейин бу ҳадиси шариф мўътазилийлар учун ҳужжат бўлмайди. Бу ҳадиси шарифдан истилоҳий иймон ирода қилингандагина мўътазилаларга далил бўлар эди. Шунингдек, бу луғавий маъно билан икки ҳадис ўртасидага таоруз ҳам бўлмайди.

Тўртинчи жавоб: Бу ҳадиси шарифдаги «мўмин» калимасидан «ҳаё қилгувчи» деган маъно ирода қилинади. Чунки ҳаё иймоннинг бир шўбаси бўлгани учун «ҳаё қилгувчи» деган маънони «мўмин» калимасида ифода қилинган. Иймон зикр қилиниб унинг шўбаси назарда тутилмоқда. Шунда ҳадиси шарифнинг маъноси «Мўмин инсон гуноҳи кабира қилаётган вақтда ҳаёли бўлмайди», деган маънода бўлади. Шу билан бу ҳадиси шариф мўътазилийлар учун далил бўлмайди. Натижада, бу маъно билан яна Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ҳадисига ҳам таоруз бўлмайди.

Бешинчи жавоб: Бу ҳадиси шарифнинг маъноси шуки, гуноҳи кабираларни қилган инсон «мўмин» деган мақталадиган сифатга нолойиқ. Балки у «фосиқ», «фожир» ва «зоний» каби мазамматли сафатларга муносиб деган маънодадир. Бу маъно билан бу ҳадиси шариф мўътазилийлар учун далил бўлмайди ва яна Абу Зарр роияллоҳу анҳунинг ҳадисига ҳам таоруз бўлмайди.

Олтинчи жавоб: Бу ҳадиси шарифдаги «мўмин»дан киноя тарзда «мутеъ» яъни итоаткор маъноси ирода қилинади. Шунда ҳадиси шарифнинг маъноси «Мўмин инсон гуноҳи кабира қилаётган вақтда, мўииндан итоат топилмаяпти», деган маънода бўлади. Шу билан бу ҳадиси шариф мўътазилаларга далил бўлолмайди ва Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ҳадисларига таоруз ҳам бўлмайди.

Еттинчи жавоб: Бу ҳадиси шарифдан муболаға тарзда зажр маъноси ирода қилинади. Бу ўриндаги зажр У яъни «омонати бўлмаган кишининг иймони йўқ ва аҳди бўлмаган кишини дини йўқ» ҳадисидаги зажрга ўхшаш бўлади. Бу маънода ҳам мазкур ҳадиси шариф мўътазилаларга далил бўлолмайди за Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ҳадисларига таоруз ҳам бўлмайди.

Ҳадиси шарифнинг жумласидан «Одамлар тортиб олувчига кўзларини қаратиб туради. Қараб турганлар талончини тортиб олишдан тўхтатишга қодир бўлмайдилар», деган маъно чиқади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ривоятида ақлий нарсани ҳиссий нарсага ўхшатилмокди. Бу ўхшатишда инсон иймон келтириши билан худди қўлларнинг бармоқлари бир-бирига киришганидек, инсон ва иймон бир-бири билан ўзаро боғланиши баён қилинаяпти. Инсон гуноҳи кабира қилган вақтда қўлларнинг бармоқлари бир-биридан ажраганидек, иймоннинг камолати ва иймоннинг нури ҳам ундан ажралиши баён қилинди. Сўнгра инсон қилган гуноҳидан тавба килган вақтда, иймон нури яна қайтиб келиши бармокдар яна бир-бирига киришишига ўхшатилмоқда. Инсоннинг иймони ақлий нарса, қўлларнинг бармоқларини бир-бирига киритиш ҳиссий нарса. Бу икки нарсани ўртасидаги ўхшатишни «ташбеҳ» дейилади. Юқорида айтилганидек бу ақлий нарсани ҳиссий нарсага ўхшатишдир.

Бу ривоятда Икрима розияллоҳу анҳу мен Ибн Аббос розиялло-ҳумодан: «Қандай қилиб иймон ундан тортиб олинади?» деб сўрадим дейди. Шунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо саволга жавоб беришда икки марта қўлларининг бамоқларини бир-бирига кириштирган ҳолда ўхшатиш билан жавоб бердилар. Биринчи марта бармоқларини бир-бирига кириштирганда гуноҳи кабирадан олдинги ҳолатни тушунтирдилар. Гуноҳ қилган вақтда бармоқларни бир-биридан ажратди. Сўнгра тавба қилган вақтда иймон нури қайтишини яна бармоқларни бир-бирига киритган ҳолда тушунтирдилар. Шу ўхшатишда мазкур икки ҳолатни бири иккичисидан фарқ қилишини ҳам баён қилдилар. Демак, комил иймоннинг аҳамияти кўрсатилди ва гуноҳ ишлардан узоқ бўлишга чақирилди.

Валиюддин Хатиб ат-Табризийнинг

"Мишкот ал-Масобих шарҳи"китобидан