loader
Foto

Путин немис махфий полициясида ишлаган: Bild Россия президентининг таржимаи ҳолига янгилик қўшди

Дрездендаги ташкилот архивида Штази агенти гувоҳномаси топилди

Ўша пайтдаги КГБ майори, ҳозирда Россия президенти Владимир Путин Дрезденда ишлаганида, афтидан ГДР махфий полицияси Штазида ишлаган. Буни Германиянинг Bild таблоиди чоп этган тегишли гувоҳнома сурати тасдиқлайди.

"ГДР қулаганидан 28 йил ўтиб, ҳатто Штази Ҳужжатлар бошқармаси (BStU)  ҳам барча сирларни билади деб ҳисобларди. Аммо ҳозир топилган ҳужжатлар собиқ КГБ зобити ва ҳозирги Кремл бошлиғи Владимир Путин (66 ёш) ҳам Берлин девори қулаши олдидан давлат хавфсизлигини таъминлаш бўйича машҳур хизмат ходими бўлганлигини тасдиқлайди", - дейилади мақолада.

Штази Дрезден бўлими собиқ маъмуриятининг «Кадрлар ва ўқитиш» бўлими архивида майор Владимир Путин номига берилган гувоҳнома топилди. 1985 йил 31 декабрда чиқарилган ва 1989 йил охиригача амал қиладиган B217590-сонли ҳужжатда Путиннинг шахси имзоси бор.

Дрездендаги Штази архивларини назорат қилиш департаменти раҳбари Конрад Фелбер Bild нашрига берган интервьюсида бу ҳужжатнинг борлиги аввал маълум бўлмаганлигини айтди. Унинг тушунтиришича, гувоҳнома Путинга махфий хизмат идораларига эркин кириш ва чиқиш имконини берарди, бу эса агентларни ёллашни осонлаштирарди, чунки Путин КГБда ишлаганини ошкор қилмаслиги керак эди.

1975 йилда Ленинград давлат университетини тугатгандан сўнг, Путин СССР Давлат хавфсизлик қўмитасига (КГБ) ишга юборилди. 1985 йилда у ГДРдаги КГБ идорасига юборилган ва 1990 йилгача Дрезденда ишлаган. У ерда катта комиссар, ёрдамчи, бўлим бошлиғининг катта ёрдамчиси лавозимларида ишлаган.

Мақолада унинг ҳаётининг ушбу саҳифаси ҳақидаги фактлар, шунингдек, у Штази Дрезден бўлими раҳбарлари билан тасвирланган фотосуратлар келтирилган.

Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков нашрни шарҳлар екан, "Совет КГБ ва собиқ ГДР Давлат хавфсизлик вазирлиги (Штази) ҳамкор разведка хизматлари бўлиб, ўз ходимлари учун ҳужжатларни алмашиши мумкин бўлган", деди.

Россия ташқи разведка хизмати давлат раҳбари Владимир Путинда Штази агентининг гувоҳномаси бўлганлиги ҳақидаги маълумотга изоҳ беришдан бош тортди.