loader
Foto

Инсон доим раббоний ҳидоятга муҳтож

Аллоҳ таолонинг инсонга берган улкан неъматларидан бири – уни яратиб, ўз ҳолига қўйиб қўймаганидир. Балки яратиш билан бирга, уни икки дунёда саодатманд қилишни ҳам Ўз зиммасига олди. Чунки ақли қанчалик ўткир бўлса ҳам, илми қанчалик ривожланса ҳам, инсон доимий равишда раббоний ҳидоятга муҳтож бўлиб туради. Шунинг учун Аллоҳ таоло раҳмат ва лутфу карам кўрсатиб, инсонларга башорат ва огоҳлантириш берувчи пайғамбарларни юбориб туришни ирода қилган.

Одамлар ёлғончига чиқаришлари эҳтимоли катталигидан Аллоҳ таоло Ўз расулларини мўъжизалар билан қўллаб туришни ирода қилган. Қуръони Карим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизалари бўлган. Ушбу илоҳий Китобнинг мўъжизакорлигини ўрганиш улуми Қуръон илмининг мавзуларидан бирига айланган.

«Мўъжиза» сўзи араб тилида «ожиз қолдирувчи» деган маънони билдиради. Уламолар истилоҳида эса қуйидагича: «Пайғамбарлик даъвосини қилаётган шахснинг Аллоҳ таоло томонидан тасдиқланишига далолат қилувчи ғайриоддий иш мўъжизадир».

Аллоҳ таоло ўтган пайғамбарларга ҳам уларнинг ҳақ эканликларини тасдиқловчи мўъжизалар берди. Баъзиларига қавмларининг талабларига биноан ҳам мўъжиза кўрсатди. Ҳар бир пайғамбар ўзига берилган бош мўъжиза билан бошқаларидан ажралиб турадиган бўлди. Уларнинг ҳаммаси моддий ва ҳиссий мўъжизалар бўлиб, замонларига, шароитларига мос эди. Шу билан бирга, у мўъжизалар пайғамбарлар алайҳимуссаломнинг шахслари ва ҳаётлари билан ҳам боғлиқ эди. Ўша пайғамбарларнинг ҳаёти тугаса, шахси бу дунёдан кетса, мўъжиза ҳам тамом бўлар эди.

Ҳар бир пайғамбарнинг ўз уммати яхши биладиган бирор ҳунар ёки шунга ўхшаш нарсадан мўъжизаси бўлган.

Фиръавн қавми математика, табиат илмлари, айниқса сеҳрга жуда уста эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга юборган пайғамбари Мусо алайҳиссаломга берган мўъжизасини шуларга мос қилиб бердики, аввало уламо ва сеҳргарлар Мусо алайҳиссалом кўрсатаётган нарса Аллоҳ тарафидан берилган эканига иймон келтирдилар. У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарларнинг сеҳр қилган нарсаларини ютиб юборди.

Ийсо алайҳиссалом келганда эса кишилар орасида табиат илми ва тиб ривожланган бўлиб, улар руҳий нарсаларни инкор қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга кўр бўлиб туғилганларнинг кўзини очиш, тузалмайдиган касалларни тузатиш ва ўликларни тирилтириш мўъжизасини берди.

Ҳақиқатни айтганда, аввалги пайғамбарларнинг мўъжизалари вақтинчалик мўъжизалар эди. Чунки бу мўъжизалар пайғамбарлар тириклик вақтида ўз таъсирини ўтказиб туриб, улар вафот этганларидан сўнг йўққа чиқар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги шариати учун боқий мўъжизани ихтиёр этди. Бутун оламлар учун сўнгги ва умумий Пайғамбар қилиб танлаган ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзининг Каломини бош мўъжиза сифатида нозил қилди.

Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари охирги шариат бўлгани, у зотнинг рисолатлари қиёматгача туриши лозимлиги учун Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларини моддий эмас, маънавий қилди, муваққат эмас, абадий қилди. Қуръони Карим Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош мўъжизаларидир. Бу мўъжиза у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларига ва шахсларига боғлиқ эмас. У зотдан кейин ҳам қиёматгача абадий мўъжиза бўлиб тураверади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Анбиёлар ичида бирорта набий йўқки, унга одамлар иймон келтирганлари мислича (мўъжизалар) ато этилмаган бўлса. Менга берилгани эса Аллоҳ менга ваҳий қилган ваҳийдир. Умид қиламанки, мен қиёмат куни уларнинг ичида тобеси энг кўпи бўламан».

Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Насоийлар ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан олдин ўтган барча набийларга Аллоҳ таоло ўзига яраша мўжизалар берганини ва ўша мўжизаларни кўриб, одамлар уларга иймон келтирганини таъкидламоқдалар. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари кўп бўлган. Аммо асосий ва бош мўъжиза Аллоҳ таоло у зот алайҳиссаломга юборган ваҳий – Қуръони Карим бўлган. Бошқа набий алайҳимуссаломнинг шариатлари вақтинчалик бўлгани учун мўъжизалари ҳам вақтинчалик бўлган. Ўзлари бу дунёдан ўтишлари билан мўъжизалари ҳам йўқолган. Аммо Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари қиёматгача давом этиши бор ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло У Зотнинг бош мўъжизалари ваҳий – Қуръони Карим бўлишини ирода қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари бу дунёдан ўтиб кетсалар ҳам, бош мўъжизалари – Қуръони Карим қиёматгача боқий тураверади. Одамлар Қуръони Карим мўъжизасидан таъсирланиб, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтираверадилар. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашувчилар қиёмат куни ҳамма набийларнинг эргашувчиларидан кўра кўп бўлади.

Лекин бу Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан бошқа мўъжиза бермаган, дегани эмас. Аллоҳ таоло Ўзининг анбиёларининг хотами Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтган набий алайҳимуссаломга берган мўъжизаларининг кўпини берган. Лекин бу мўъжизаларга у зотнинг пайғамбарликларини тасдиқловчи аломатлар сифатида қаралган эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган мўъжизалар ҳақида алоҳида китоблар ҳам битилган. Мисол учун, Исро ва Меърож ҳодисалари аввалги пайғамбарларга берилган мўъжизалардан кам эмас. Аммо бунга пайғамбарликни тасдиқловчи алоҳида мўъжиза деб эмас, балки ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолога яқинликларининг оддий мисоли сифатида қаралган.



Қуръон мўъжизаси – ожиз қолдириши деганда одамларнинг унга ўхшаш нарса келтиришдан ожиз қолишлари кўзда тутилади.



Қуръони Карим ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан башариятни ожиз қолдирган, қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки Қуръон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мос равишда нозил бўлди. Ҳар қандай соғлом фикрли киши Қуръонни турли бузғунчи фикрлардан холи бўлган ҳолда ўрганса, унинг илоҳий мўъжизакор китоб эканини тан олиши турган гап. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдан ўтганларидан кейин ҳам Қуръон мўъжизакор ҳолида турибди ва қиёматгача тураверади.



Қуръон нозил бўлишидан олдин ва хусусан, Қуръон нозил бўлаётган пайтда арабларда сўз усталиги, адабиёт, шеър ва ваъзхонлик ниҳоятда юқори даражада эди. Йил давомида улар бир неча сайл ва маросимлар ўтказиб туришар эди. Хусусан, Укоз деган жойда шеър айтиш ва ваъзхонлик қилишда катта-катта мусобақалар ўтказилиб, машҳур ва етук шоирлар мусобақа қатнашчиларига баҳо қўяр эдилар.



Арабларнинг бундай сўз усталигига сабаб шуки, улар қабила-қабила бўлиб яшар эдилар. Бундай ҳаёт эса ўзаро тортишув, уруш ва фахрланишларга сабаб бўлади. Ҳар бир қабила бошқа қабилалар олдида устунлигини кўрсатиш учун ўзининг уста шоирига эга бўлишга интилар эди. Шу билан бирга, бу шоир бошқа қабилаларни ҳажв қилиши ҳам керак эди. Шунинг учун ҳам улар шоирлик ва сўз усталигига катта аҳамият берар, шоирларни ва сўз усталарини ниҳоятда қадрлар эдилар.



Шундай бир пайтда Қуръони Карим ўзининг ажойиб услуби, шифобахш ҳикматли сўзлари билан пайдо бўлиб, изтиробда ва тартибсиз ҳаёт кечираётган Арабистон яриморолидаги халқларнинг қалбига йўл топди.



Албатта, Қуръон ўша пайтдаги шоирлар ва сўз усталарининг асарларидан жуда ҳам устун турганлигидан шундай муваффақиятга сазовор бўлди. Араблар ҳам Қуръон уларни ожиз қолдирганидан сўнг ҳеч нарса дея олмай қолдилар. Қуръонни эшитган пайтда араб сўз усталарининг энг катталари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди.



Мушрикларнинг катта раҳбарларидан бўлмиш Валид ибн Муғийра ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон тиловатини эшитганидан кейин кўнгли эриб, ўз қавми – Бану Махзум қабиласига бориб: «Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас. Унда бир ҳаловат бор, унда бир лаззат бор. Унинг усти серҳосил, ости сербарака. Албатта, у олий бўлади, ҳеч нарса ундан олий бўла олмайди», деган эди.

«Қуръон ва суннатдаги илмий мўъжизалар» китобидан