loader
Foto

Рўзани бузадиган вa бузмайдиган нapcaлap ҳақида

Қуйидаги ишларни ўз хоҳиши билан қасддан қилган кишининг рўзаси бузилади, унга ҳам қазо, ҳам каффорат, яъни қул озод қилиш, бунга қодир бўлмаса, кетма-кет, орасини узмай олтмиш кун рўза тутиш, бунга ҳам қодир бўлмаса, олтмиш мискинга таом бериш вожиб бўлади.

1. Жинсий алоқа қилиш ёки хоҳ аёл, хоҳ эркакнинг орқа йўлидан қўшилиш. Бунда иккисига ҳам қазо ва каффорат вожиб бўлади. Бу ҳолатда манийнинг нозил бўлиши шарт эмас. Эркаклик олатининг бош қисми иккинчи тарафнинг олди ёки орқа йўлига кирса бўлди(Аёлнинг ёки эркакнинг орқа йўлига яқинлик қилиш ҳаром ва катта гуноҳдир. Бу ерда фақат фиқҳий жиҳатдан ҳукм баён қилиняпти.)

2. Хоҳ овқат, хоҳ дори бўлсин деб бирор нима ейиш.

3. Хоҳ овқат, хоҳ дори бўлсин деб бирор нима ичиш.

Бир киши бир неча куннинг рўзасини қасддан бузса, уларнинг ҳаммаси учун битта каффорат етарлидир. Лекин бир кунни қасддан бузса, сўнгра унинг каффоратини адо қилса, сўнгра яна бир кунни рўзасини қасддан бузса, унга яна каффорат вожиб бўлади.

Каффорат фақат Рамазоннинг хурматини қасддан оёқости қилганлик учун вожиб бўлади. Бошқа рўзаларда каффорат йўқ.

Агар қуёш ботди деб ўйлаб оғиз очиб юбориш каби, хато туфайли ёки бировнинг мажбурлаши туфайли, шунингдек, «Ҳали саҳарлик вақти тугагани йўқ» деб ўйлаб, еб-ичганда, қорнига ёки димоғига тери тешикларидан бошқа тарафдан дори етганда, майда тошни ютганда, ўзини ўзи зўрлаб оғзи тўлиб қусганда фақат қазосини тутади.

Агар рўза тутганини унутиб оғзини очиб юборса, беихтиёр қусса, томоғига чанг, тутун ёки пашша кирса, эркак ёки аёлнинг шаҳват қўзғайдиган жойига тикилиб қолиб, шаҳват суви чиқса, шунингдек, эрталаб эҳтилом бўлиб уйғонса, рўза бузилмайди.

Агар жирканч иш бўлса-да ҳайвонга, ўликка ёки аёлнинг олди ва орқа томонидан бошқа жойига, масалан, сонига жинсий яқинлик қилганда ёхуд ўпганда ва ушлаганида шаҳват суви келса, рўзаси бузилгани учун, қазосини тутиб беради, лекин каффорат бермайди. Тиш орасига кириб қолган нўхатдан кичик нарсани ейиш билан рўза бузилмайди. Аммо ўша нарсани оғзидан чиқариб туриб кейин еса, рўзаси бузилади.

Бир дона кунжутни чайнаб ейиш билан рўза очилмайди. Чунки у чайнаганда майдаланиб тишларига ёпишиб қолади ва қорнига ҳеч нарса етиб бормайди. Аммо кун-жутни бутунича ютса, рўзаси очилади.

Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ наздида қусиқ оғизга келиб, яна қасддан қайтиб ютилса, кўп бўлса ҳам, оз бўлса ҳам, рўза бузилади. Агар ўзи қайтса, рўза бузилмайди. Мана шу гaп амал учун қабул қилинган. Имом Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг наздларида қусиқнинг ичга қайтиб кетиши, агар у кўп бўлса, рўзани бузади, оз бўлса бузмайди.

Бирор нарсанинг мазасини татиб кўриш ёки чайнаш рўзадор учун макруҳдир. Фақат зарурат юзасидан ёш болага овқат чайнаб бериш мумкин.

Ўзини тутолмасликдан қўрқса, ўпиш макруҳ.

Мисвок қилиш ва сурма қўйиш макруҳ эмас.

Рўза тутолмайдиган даражада қари, қувватсиз бўлган чол ва кампирлар рўза тутмасликлари мумкин. Бироқ улар ҳар бир тутмаган куни учун фитр садақаси миқдорида бир камбағалга таом берадилар. Мабодо кейин рўза тутишга кучлари етиб қолса, қазосини тутадилар. Даволашнинг имкони йўқ касалликка чалинганлар ҳам чол ва кампир ҳукмидадир.

Ҳомиладор ва эмизикли аёл ўзи билан боласига зарар етишидан қўрқса, бемор одам касаллиги кучайиб кетишидан қўрқса, шунингдек, сафардаги одам ҳам рўза тутмасликлари мумкин. Бироқ имкон бўлганда қазосини тутиб берадилар. Зарар қилмаса, сафарда рўза тутган афзал.

Бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин ўтиб кетган кунларнинг рўзасини тутиши керак. Аммо «Кейинроқ тутарман» деган хаёл билан юриб, уни тутишдан олдин ўлиб қолса, бу ҳолда қуйидагига эътибор берилади: агар унинг касалликдан соғайган ёки муқим бўлган кунлари рўзани қазо қилган кунларича ёки ундан кўп бўлса, унинг меросхўри қазо бўлган кунлар миқдорича фидя беради. Аммо унинг соғлом юрган ёки муқим бўлган кунлари қазо бўлган кунлардан оз бўлса, меросхўри унинг соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради.

Меросхўр мазкур фидяни бериши учун марҳум вафотидан олдин бу ҳақда васият қилган бўлиши керак. Васиятга марҳум қолдирган мол-мулкнинг учдан бири доирасида амал қилинади. Агар фидянинг миқдори мероснинг учдан биридан кўп бўлса, ундан ортганини меросхўрлар бермасликка ҳақлидир.

Киши ўлимидан олдинги беморлигида баъзи намозларни ўқий олмаган бўлса, ўша қазо қилинган намозларнинг ҳар бири учун меросхўрлар бир кунлик рўзанинг фидяси миқдорича фидя беришлари мумкин.

Вафот этган кишининг қазо намоз ва рўзалари ўрнига унинг меросхўрлари намоз ўқиб беришлари ёки рўза тутиб беришлари асло мумкин эмас.

Нафл рўзани бошлагандан кейин охиригача тутиш лозим. Агар нафл рўзани бирор сабаб билан очиб юборса, унинг қазосини тутиб бериш вожиб бўлади. Аммо рўза тутиш ман қилинган кунлари, яъни рўза ҳайити, қурбон ҳайити ва ундан кейинги уч кунда тутилган рўзани очиб юбориш керак. Ўша кунларда очиб юборилган нафл рўзанинг қазоси тутилмайди.

Рўза тутиш ман қилинган кунларда назр қилиб қўйилган рўзани тутса бўлади. Лекин яхшиси уни очиб юбориб, кейин қазосини тутишдир. Агар тутса назр бажарилади, аммо рўза тутган гуноҳкор бўлади. Нафл рўза тутаётган одам меҳмон келиши ёки меҳмонга бориши туфайли рўзасини очиши мумкин. Кейин қазосини тутади.

Мусофир муқим бўлган, ҳайзли аёл тоза бўлган, ёш бола балоғатга етган ва кофир мусулмон бўлган куни куннинг қолган қисмида худди рўзадордек емай-ичмай юради. Балоғатга етган ёш бола ва янги мусулмон бўлган одамга ўша куннинг қазосини тутиб бериши лозим эмас.

Ўз шаҳрида яшаб турган киши рўза тутса ва куннинг маълум қисми ўтганидан кейин сафарга чиқса, рўзасини сафарда бўлса ҳам охирига етказади. Мабодо ўша куннинг рўзасини очиб юборса, қазосини тутади. Аммо каффорат бермайди.

Бир одам Рамазон ойи тўлиқ жинни бўлса, ундан шу ойнинг рўзаси соқит бўлади. Аммо Рамазон ойининг баъзи кунлари жинни бўлиб, баъзи кунлари соғайиб қолса, соғ кунларининг рўзасини, жинни бўлган кунларининг қазосини тутади.

Бир одам Рамазон ойида бир неча кун хушидан кетиб ётган бўлса, ўша кунларнинг қазосини тутади. Аммо ниятини қилган кунни тутмайди. Чунки ўша кунги рўзаси ўз ўрнида адо бўлган ҳисобланади.

Музаффар Комилов ва Акмал Миравазларнинг

"Ҳанафий фиқҳидан зарур масалалар" китобидан