Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг Telegram каналида Германия Россия билан урушга тайёрланаётганини ёзди.
“Сиёсий раҳбарият ва канцлер шахсан хабардорми ёки йўқми, ҳеч ким билмайди. Аммо улар хабардор бўлмаса ҳам ва шунга ўхшаш буйруқ бермаган бўлсалар ҳам, тарих фуқаролик қўмондонлари ўрнига ҳарбийлар уруш бошланиши тўғрисида қарор қабул қилиш ёки уни рағбатлантиришга қодир кўплаб мисолларни билади.
Шольцга келиб: “Канцлер, Украинада ракета уриб туширилди. Тури ва траекториясига кўра, у Берлинга учаётган эди”, дейишса, Шольц нима деб жавоб беради-а? Кундек равшан. Бундесвер зобитлари суҳбатини ракеталар ва танклар ўйини сифатида кўрсатишга уринишлар ёлғондир. Германия Россия билан урушга тайёрланмоқда”, — деб ёзган Медведев.
Германия Украинага қўшин юборадими?
Германия канцлери Олаф Шольц Римда бўлиб ўтган Европа социалистлари партиясининг (ПЕС) қурултойида сўзлаган нутқида Украинага ҳарбийларни юборишга қарши чиққан.
“Биз Украинага европалик аскарларни жўнатмаймиз. Биз Россия ва НАТО ўртасида уруш бўлишини истамаймиз ва унинг олдини олиш учун ҳамма нарсани қиламиз”, — деган у.
Германия канцлерининг таъкидлашича, НАТО аъзолари урушаётган томонлардан бирига айланмаслиги керак.
Маълумот ўрнида, 26 февраль куни Франция президенти Эммануэл Макрон Парижда бўлиб ўтган йиғилишда 20 га яқин Ғарб давлатлари вакиллари Украинани қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш учун қўшинлар юбориш имкониятини муҳокама қилганини билдирди. Макронга кўра, иштирокчилар бу масала бўйича консенсусга эриша олмаган. Аммо келажакда бундай сценарийни ҳам истисно қилиб бўлмайди.
Конференциядан сўнг иштирокчи давлатларнинг аксарияти Украинага қўшин жўнатишни режалаштирмаганини маълум қилган. Европа давлатлари Россияга қарши урушга аралашиш ниятида эмаслиги маълум қилинган.