loader
Foto

56. Ал-Валиййу

У яхши кўрувчи, ёрдам берувчидир. Дўстлиги ва муҳаббатининг маъноси олдин ўтди, ёрдамнинг маъноси эса очиқ-ойдиндир. Чунки у дин душманларига қаҳр қилиб, Уз дўстларига ёрдам беради.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

Аллоҳ иймон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлар (бутлар)дир. Уларни (кофирларни) нурдан зулмат сари чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах аҳлидирлар ва улар унда мангу қолувчилардир («Бақара» сураси, 257-оят).

«Ахир, улар ер юзида кезиб, сайр (саёҳат) қилиб, ўзларидан аввалги (имонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Аллоҳ уларни яксон этди-ку. Кофирлар учун ҳам худди ўша (оқибат)ларнинг ўхшаши бўлур. Бунга сабаб иймон келтирганлар Аллоҳнинг дўсти (ҳомийси) экани ва кофирларга эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканидир» («Муҳаммад» сураси, 10— 11-оятлар).

Яъни улар учун бирор ёрдамчи йўқ. Бошка бир оятда бундай дейилган:

Албатта, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига мухолифлик қилганлар, айнан ўшалар энг хор кимсалар ичида бўлурлар. Аллоҳ (Лавҳ ул-Маҳфузда): «Албатта, Мен ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», - деб ёзиб ^ўйган. Албатта, Аллоҳ (ҳар нарсани қилишга) кучли ва қудратлидир («Мужодала» сураси, 20 — 21-оятлар).

Танбиҳ. Бандалардан Валий исмини олувчи киши Аллоҳни севувчи, унинг дўстларига ёрдам берадиган, Унинг душманларини душман тутадиган кишидир. Нафс ва шайтон Аллоҳнинг душманларидир. Бас, кимки нафсу шайтонни енгса ва Аллоҳнинг буйруфтари жорий бўлишига ёрдамчи бўлса, Аллоҳнинг авлиёларини дўст тутса, душманларини душман тутса, демак, у бандалар орасидаги валийдур.

Имом Муҳаммад Ғаззолийнинг

"Аллоҳнинг гўзал исмлари" китобидан