loader
Foto

Қазо ва қадарга имон

Қазо ва қадар яратиш маъносидадир. Яхшини ҳам, ёмонни ҳам Аллоҳ таоло яратади. Яхшининг яхшилиги, ёмоннинг ёмонлиги, аччиқнинг аччиқлиги, шириннинг ширинлиги Аллоҳдан (унинг халқ этиши билан) бўлади. Нарсаларни қачон, қаерда, гўзал, хунук, фойдали ё зарарли, савоб ё гуноҳ бўлишини Аллоҳтаоло тақдир қилади, белгилайди. Қазо ва қадарга имон келтириш, рози бўлиш фарздир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) Жаброил алайҳиссаломнинг имон ҳақидаги саволларига ана шу (Имом Аъзам китобларининг аввалида келтирганлари) қадар жавоб бергандилар.

Лекин, Имом Аъзам Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг жавобларидаги “охират кунига” жумласи ўрнига “ўлгандан сўнг тирилишга” ифодасини қўллаганлар. Чунки бу ифода барзах ҳолатини, қабрдаги ҳолатни ҳам қамрайди. Алиййул Қори айтади: китобнинг (“Ал-Фиқҳул-акбар”нинг) бошқа бир нусхасида “Охират кунига” ва “ўлгандан сўнг тирилишига” шаклида келган. Имом Аъзам бу ифодадан, яъни ўлгандан сўнг тирилишдан, маййитга қабрда (савол-жавоб учун) жон киргизилишини “охират кунидан” Қиёматда бўладиган барча ҳолатларни, берилажак савоб ва азобларни қасд қилиб, қайта тирилишдан эса маҳшаргоҳда йиғилиш учун қайта тирилишни зикр қилган бўлсалар керак.

Имом Аъзам китобларининг аввалида имон асосларини қисқача баён қилиб, сўнг улар ҳақида батафсил тўхтаганлар. Масалан, “ўлгандан сўнг тирилишга” деб қисқача айтиб, сўнг амалларни ҳисоб қилиш, тарозу, жаннат ва дўзах, қиёматда бўлиши хабар қилинганларнинг ҳаммаси (пулсирот, ҳавз в.б.) ҳақдир, деб баён этганлар.

Имом Абу Ҳанифанинг

"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан