loader
Foto

Мусулмон шахс ғийбат ва чақимчиликдан узоқ бўлади

Чунки у Аллоҳнинг Китоби, Расулининг суннатидан иборат олий кўрсатмага бўйинсунади - у буюрган нарсани қилади, қайтаргандан қайтади. У Аллоҳ таолонинг ушбу оятини тиловат қилади:

“..ва айримларингиз айримларни гийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни Қабул қилгувчи, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 12-оят).

Изоҳ: Мазкур ояти Каримада мўминлар жамиятдаги тартиб-интизомни издан чиқарадиган ва меҳр-оқибат йўқолиб кетишига сабаб бўладиган уч иллатдан қайтарилдилар. Булардан биринчиси, ўзгалар ҳақида ёмон гумон қилиш, иккинчиси, бировларнинг айбларини ахтариб топиш учун орқаларидан жосуслик-айғоқчилик қилиб юришдир. Шариати Исломияда шахснинг зоҳирда қилаётган иш-амали ва айтган сўзи мўътабардир. Яъни, масалан, бир кишининг муайян бир айб ё жиноятга дахлдор эканлигига аниқ ҳужжат бўлмас экан, унинг ўша айб ё жиноятда гумон қилиниши ҳаромдир. Фақат унинг мунофиқлиги ёки хоинлиги аниқ бўлиб қолган тақдирдагина у ҳақда ёмон гумон қилиш ва ундан ҳазар килиш вожибдир.

Чунки Пайғамбар алайҳиссалом айтганларидек: “Мўмин киши бир тешикдан (яъни, унда яшириниб ётган илон ё чаёндан) икки марта чақилмайди.”

Юқоридаги оятда яна ғийбатдан қайтарилди. Ғий-бат ўзи нима? Бу тўғрида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Ғийбат - биродарингнинг ортидан ўзи эшитиб қолса хафа бўладиган айб-нуқсонини айтишингдир”. Демак, бир мўминнинг ортидан унда бўлмаган айбларни унга нисбат бериш, айрим билимсиз кишилар ўйлаганидек ғийбат эмас, балки унинг ҳақида бўҳтон ва туҳмат бўлар экан, унда бўлган айбларни ортидан айтиш эса уни сифатлаш эмас, балки ғийбат қилиш бўлар экан. Энди ғийбатнинг нақадар оғир гуноҳ эканлиги хусусида мазкур оятда Аллоҳ таоло томонидан келтирилган мисол ибратлидир. Чунки ақл-ҳуши жойида бўлган бирон инсон бошқа бир инсоннинг гўштини ейишни истамайди. Энди, агар ўша инсон ўзининг биродари бўлса-чи, яна камига ўлган ҳолда бўлсачи?! Унинг гўштини ейиш - дунёдаги энг ваҳший ҳайвон ҳам ҳазар қиладиган бир жиноятдир! Бир мўминнинг ортидан ғийбат қилиш ана ўшандан-да оғирроқ жиноятдир! Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом: “Ғийбат қилиш - (бировни ноҳақ) ўлдиришданда ёмонроқдир”, деганлар.

Бас, у ғийбатчи биродарининг гўштини еяётган ҳолатини тасаввур қилиб, нафси ғийбатдан қочади, ғийбатга тушиб қолган инсон тавбага шошилиши кераклигига ундаган Зотга - Аллоҳ таолога тавба қилишга шошилади. Улуғ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмасига бўйинсунади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўралди: “Қандай мусулмонлар афзал, ё Расулуллоҳ?” У зот жавоб бердилар: “Мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган инсон энг афзал мусулмондир” (Муслим ривояти).

Тақводор мусулмон ғийбатга тушиб қолмайди, бировга қўлини чўзиб озор бермайди, балки у булардан узоқ бўлади. Ғийбат бор жойни тарк этади, Мусулмон биродарининг йўқлигида бирорта золим у ҳакда гапирса биродарини ҳимоя қилади, ундан ёмон сўзларни даф қилади. Бу борада у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига амал қилади: “Ким биродарини йўқлигида обрўсини сақласа, уни дўзахдан озод қилиш Аллоҳнинг ҳақи бўлиб қолади” (Аҳмад ривояти).

Тақводор инсон мусулмон жамият орасида чақимчилик қилмайди, чунки чақимчилик ўз эгасини одамлар орасини бузиш, дўстлар орасидаги муҳаббатни кетказишдан бошқа ғами бўлмаган ёмонлар тўдасига қўмиб қўяди. Асмо бинти Язиддан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Сизларнинг энг яхшиларингизнинг хабарини берайми?” - Саҳобалар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачон қарасанглар Аллоҳ азза ва жаллани зикр қиладиган инсондир. Сизларга энг ёмонингизнинг хабарини берайми? Чақимчилик қилиб юрадиганлар, дўстлар орасини бузадиганлар, поклардан айб истайдиганлардир” (Аҳмад ривояти).

Бузғунчи, чақимчи кимсаларнинг дунёдаги шармандалик, Охиратдаги ёмон оқибатларига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Чақимчи жаннатга кирмайди”, деган муборак ҳадислари кифоядир (Бухорий ва Муслим ривояти).

Нафсни чақимчиликнинг оқибатларидан қўрқув ва даҳшатга тўлдирадиган нарсалардан бири, Аллоҳ таолонинг қаттиқ азоби - ўша чақимчи қабрга қўйилган кунидан бошланишидир. Бу ҳақда икки шайх Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қиладилар, айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр олдидан ўтар эканлар: “Ҳар икки қабр эгалари азобланмоқда. Улар катта гуноҳ қилмаганлар, лекин бирлари чақимчилик қилиб юрар, иккинчиси бавлидан покланмас эди”, дедилар, сўнг у зот ҳўл новда сўрадилар ва уни иккига бўлиб бирини бу қабрга, иккинчисини иккинчи қабрга санчдилар ва: “Шояд шу икки шох қуригунча азоблари енгиллашса”, дедилар.

Муҳаммад Али Ҳошимийнинг

"Мусулмон ахлоқи" китобидан