loader
Foto

Тўқима ҳадис ривоят қилиш – гуноҳи кабира!

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш улкан гуноҳ. Шунинг учун ҳам уламолар «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ёлғон тўқишни ҳалол санаган одам кофир бўлади», деганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбат берилиб, у кишига оид бўлмаган ва у зотнниг номларидан уйдирилган сўзларга мавзуъ ҳадис ёки мавзуъ хабар (уйдирма) дейилади.

Ҳозирги кунда энг кўп тарқалган ачинарли одатлардан бири маъруза ва суҳбатларда заиф ва уйдирма ҳадислар келтирилмоқда. Мақола ё китобларда ҳам шундай ҳадислардан фойдаланиляпти. Бу эса жиддий хатодир.

Мавжуд уйдирма ҳадисларга назар ташласак, уларнинг бир қисми Ислом динига зид, мантиқсиз, кулгили ифодалар, бир қисми эса, исломий тамойилларга мос, фойдали сўзлар эканига гувоҳ бўламиз. Лекин маъноси қандай бўлишидан қатъи назар, бундай уйдирма сўзларга ҳадис дея амал қилиш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга боғлаш жоиз эмас ва ҳаромдир. Уйдирма ҳадисларга мисоллар:

«Шубҳасиз, гул пайғамбарнинг теридан яратилган» (Саховий, 159).

«Гўзал юзга боқиш ибодатдир» (Али ал-Қорий, «Асрорул-марфуа», 355).

«Қийин аҳволга тушиб қолсангиз, қабристондагилардан ёрдам сўрангиз» (Абдураҳмон Абдуллоҳ, «Мавзуъ ва заиф ҳадисларнинг ақидага таъсири», 42).

Бугунги кунда баҳс ва мунозараларга сабаб бўлаётган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан боғлиқ сумалак тўғрисидаги воқеа ҳам тўқима-мавзуъ ривоятдир.

Бу каби уйдирма маълумотларни Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам номларидан баён этиш Ислом динида катта гуноҳ ҳисобланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадис тўқишни қатъийян ман этиб, бу борадаги ўз муносабатларини очиқ айтганлар:

«Мен ҳақимда қасддан ёлғон сўзлаган киши жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!» (Имом Бухорий).

«Кимки бир сўз ёлғон эканини билатуриб менинг ҳадисим сифатида ривоят қилса, унинг ўзи ёлғончилардан биридир» (Ибн Можжа, «Муқаддима»).

«Менинг номимдан уйдирилган ёлғон сўз бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан билиб туриб ёлғон сўз уйдирса, жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!» (Имом Бухорий).

Саҳоба ва тобеъинларнинг баъзилари бу ҳадислардаги огоҳлантиришлардан қўрққанлари учун ҳам, хато қилиб қўймайлик, камайтириб ёки қўшимча қилиб юбормайлик, деган андишада жуда кам ҳадис ривоят қилишган.

Шунинг учун Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари бўйича аниқ билимга эга бўлгандан сўнггина гапириш лозим. Гумон ва тахмин билан гапириш мутлақо мумкин эмас. Мусулмон одам гумон ва ишончсиз нарсаларни гапирмайди, уйдирма хабарлардан сақланиши эса шарт. Айниқса, дину диёнатга, имон-эътиқодга, ҳалол-ҳаромга, шариат аҳкомларига ва оят-ҳадисга тегишли мавзуда сўз юритганда жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак.

Баён этилганлардан келиб чиқиб, диний мазмунга эга бўлган маълумотларни нашр этиш ва тарқатишда, албатта, мутахассис мусулмон уламоларининг хулосасини олиш жуда ҳам зарурлигини маълум қиламиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси