loader
Foto

Риё васвасасини йўқ қилиш

Риё истакларини бажармаган тақдирингизда ҳам унинг васвасасидан қутулиш қийин. Чунки у инсон табиатида бор нарса. Инсонга ҳеч ким “Табиатингни, яъни хулқ-атворингни буз”, деб айтмайди. Балки мана бундай буюрилади: “Васвасани енг, унга қарши кураш, уни қалбингдан қувиб йўқ қил. Токи у сени жаҳаннамга солмасин”. Бу амр васвасага бўйин эгмаслик учун қилинган. Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга бундай савол беришди: “Ё Расулуллоҳ! Бизнинг ақлимизга баъзан шундай тушунчалар келадики, ундан кўра бизни осмондан ташлаб юборган осонроқ. Биз ундай тушунчаларни ёмон кўрамиз ва уни макруҳ деб биламиз”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса бундай жавоб бердилар: “Агар ростдан сиз шундай ҳолга тушаётган бўлсангиз, билингки, сиз чин мўминдирсиз”.

Киши нафс ва шайтонга қарши курашаётганида шайтон унга ҳасад қилади. У инсонни шундай чалғитадики, гўё ўзини тўғри йўлда деб ўйлайди. Иблис инсонни алдайди. Буни кўнгилдан чиқаришнинг тўрт йўли мавжуд:

Биринчи йўл: шайтон билан курашиш. Лекин бунга жуда кўп вақт керак бўлади.

Иккинчи йўл: қалбан Аллоҳга ёлвориш.

Учинчи йўл: шайтонга эътибор бермаслик. Чунки у билан қанча кўп курашилса, шунча кўп вақт йўқотилади. Унга эътибор бермай, қалбан Аллоҳдан нажот сўраш керак.

Тўртинчи йўл: инсон ибодатга қанча кўп берилса, шайтон ҳам шунча кўп чалғитишга ҳаракат қилади. Шунинг учун шайтоннинг илтифотига ҳеч эътибор қилмаслик лозим. Бу ҳолатни кўрган Иблис ўша одамдан умидини узади.

Бу илм ўрганиш учун йўлга чиққан тўрт кишига ўхшайди. Ҳасадгўй одам уларни йўлдан қайтармоқчи бўлади. Лекин илм ўрганиш учун йўлга чиққан биринчи одам унинг гапига қулоқ солмайди. Натижада, ўртада келишмовчилик келиб чиқади. Вақтни кетказиб тортишадилар. Ҳасадгўй киши иккинчи биродарига ҳамла қилади. У ҳам бунинг йўлига юрмай, уни қувади. Учинчи киши эса ҳасадгўйни ёнидан қувмайди, уни ўз ҳолига қўяди. Тўртинчи илми толиб йўлдан қолдирувчи кимсага парво ҳам қилмайди, тортишиб ҳам ўтирмайди. У фақат ўз йўлида шошилиб давом этаверади.

Ҳасадгўй одам тўрт кишидан иккитасини йўлдан қўйиб, кўзлаган мақсадига етди. Учинчиси ҳам бироз бунга ютқазди. Тўртинчи одам эса ҳасадгўйга алданмади, балки кўплаб ютуқларга эришди. У тўрт кишидан охирги одамни йўлдан қолдиргани учун, албатта, пушаймон бўлади. Кошки эди, уни йўлдан қўймаганимда, чунки менинг тақиқларим унинг хоҳишини орттирди, дейди. Шундай экан, тортишиш ва васваса Аллоҳ суймаган ишлардир.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан