loader
Foto

Ғурур ва унинг давоси

Эй солиҳ банда! Билгилки, мағрур кимсалар алданган кимсалардир. Улар ўзларининг савоб ишларига қувонадилар. Бирор фалокат келишидан қўрқмайдилар. Қалбаки ва ҳақиқий иймоннинг фарқига бормайдилар. Кўринишдаги нарсаларга ишониб қўядилар.

Илм ва амали тенг бўлган кимсаларнинг юздан тўқсон тўққиз фоизи мағрур кимсалардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Қиёмат куни Ҳазрати Одамга: “Зурриётларингдан жаҳаннамга кирадиганларини ташқарига чиқар!” дейилади. Одам алайҳиссалом: “Қайсиларини чиқарай?” деб сўрайди. Унга: “Мингдан биттасини қолдир. Тўққиз юз тўқсон тўққизтасини чиқар. Ана ўшалар жаҳаннам аҳлидандирлар”.

Жаҳаннам аҳли деганда у ерда абадий қолувчиларни тушунилмайди. У ерга кирганлар ва чиққанлар жаҳаннам аҳли дейилади. Улардан бир тоифа ғурур аҳлидир. Улар ўз камчиликларини билсаларда, тўғрилашга ҳаракат қилмайдилар. Нафсларининг қулларига айланадилар. Ғурур аҳлининг тоифаси кўп, асосан, тўрт табақадир. Улар: олимлар, обидлар, сўфийлар ва бойлар.



Биринчи табақа:

Олимлар табақаси. Булар бутун умрларини илмга бағишлайдилар. Зоҳиран барча илмларни эгаллаганлар, аммо ҳақиқатда эса кўзларини ва тилларини гуноҳдан тиймаганлар. Улар ўзларининг даражаларини жуда баландлигидан илоҳий азоб кўрмаймиз, деб ҳисоблайдилар. Бу тоифа кимсаларни касал табибга ўхшатиш мумкин. Яъни касаллик тарихини, келиб чиқишини ва шифосини жуда яхши билади. У ҳақида китоблар ёзади. Лекин ўзи ичмайди. Бундай илмдан унга не фойда? Ҳақ таоло бундай марҳамат қилади:

“Дарҳақиқат, ким покланса, нажот топади” (Аъло сураси, 14-оят).

“Уларнинг кўзлари қўрқувчидир” (Нозиъот сураси, 9-оят)

Ҳақ таоло марҳамат қилади:

“Ким уни (нафсни) покласа, нажот топди” (Шамс сураси, 9-оят).

Покланишнинг йўлини топган қутулади. Жаннатга ўз орзу-ҳавасига берилмаган кимсалар киради, дейилди. Бунинг ҳам ўзига яраша илми ва йўли бор.

Илмига амал қилмаган кимса устига китоб ортилган эшакка ўхшатилди. Баъзи ерда итга ўхшатилган.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қилади: “Ёмон олимни жаҳаннамга шундай отадиларки, унинг кифти ва бўйни майдаланиб кетади. Оташ уни тегирмонда айлантиргандек айлантиради. Бутун жаҳаннам аҳли унинг атрофига тўпланиб: “Сен кимсан? Нега бунчалик азобланяпсан?” деб сўрайди. У эса бундай жавоб беради: “Мен халққа амр қилиб туриб, ўзим амал қилмаган олимман”.

Абу Дардо розияллоҳу анҳу бундай дейди: “Ҳеч нарсани ўрганмаган кимсага бир марта надомат бўлсин. Билиб туриб, амал қилмаган кимсага етти марта афсуслар бўлсин”.

Илм Қиёмат куни ўз эгасига гувоҳлик беради. Бир гуруҳ инсонлар борки, илм ва амалда ҳеч камчилиги йўқ. Барча амаллар-ни ўз жойига қўяди, лекин қалби тоза эмас. Кибр, ҳасад, риё ва мансаб севгиси, ўртоқларига ёмонлик тилаш, ғамларига қувонмоқ ва шодликларини кўра олмаслик каби ёмон иллатларни қалбидан қувиб чиқармаган кимсалардир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эдиларки: “Риёнинг озгинаси ҳам ширкдир”.

Яна марҳамат қиладиларки: “Бир кимсанинг қалбида зарра қадар кибр бўлса, у жаннатга кира олмайди”.

Бошқа бир ҳадиси шарифда айтиладики: “Оташ (олов) ўтинни қандай еб ёнса, ҳасад ҳам иймонни шундай еб битиради”.

Яна Расулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладиларки: “Аллоҳ таоло сизнинг суратингиз, шаклингиз, кўринишингизга қараб эмас, кўнглингизга қараб баҳо беради”.

Бундай кимсаларнинг мисоли шундай: Бир деҳқон даласига экин экди. У ўсиб келаётган экинини бегона ва зарарли ўт-ўланлардан тозалайди. Токи, экини ердан яхшигина озуқа олсин. Агар у ўтларни илдизи билан олиб ташламаса, бегона ўт яна ўсиб чиқаверади. Энди у кенгроқ ёйилиб ўса бошлайди. Ёмон иллатлар ҳам худди шунга ўхшайди. Аслида, ёмон иллатни таг-томири билан суғуриб ташлаш лозим.

Исо алайҳиссалом бундай деган эди: “Ёмон олим элакка ўхшайди. Элак унни элайди, аммо кепаги ўзида қолади”. Яъни ҳикматли сўзларни сўзлайди, ёмон иллатлар олимнинг ўзида қолади.

Ёмон хулқдан инсон ўзини покламоғи лозим. Кибрнинг ёмон иллат эканини одамларга айтаётганда ҳам ўзларининг қалбларида бу иллат зиғирчалик бўлса-да, илдиз отмаслиги учун ҳаракат қилмоқликлари жоиз. “Мен диндорман. Ўзимни улуғ тутишим керак. Ислом ҳам ўзини улуғ тутишни буюради”, деб ўзларини хотиржам қиладилар. Бирор чиройли улов минсалар, гўзал ва қимматбаҳо либослар кийсалар, “Дин душманларим ва бидъат аҳли кўриб қўйсин”, дейдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Абу Бакр, Усмон, Умар ва Али розияллоҳу анҳумларнинг сийратлари ва эски кийимлар кийганликларини ҳеч ёддан чиқармаслик керак. Улар Исломни хор қилиш учун шундай қилганмидилар? Энди Ислом динини азиз қилиш учун чиройли яшаш керак бўлиб қолдими?

Бундай инсонларнинг қалбида ҳасад ўти ёнади. Халққа кўрсатиб ва кўнгилларида риё қилиб ибодат қиладилар. Улар подшоҳлардан бирор нарса тама қилиб кирсалар ҳам, буни подшоҳга мулозамат эмас, балки омма - халқ учун, мусулмонлар учун шафоат сўраб кирдик, дейдилар. Ҳаром нарсани оладилар ва бунга ҳам йўл топиб: “Бу молнинг эгаси йўқ, олса бўлаверади. Буни биз савобли ишларга сарфлаймиз”, дейдилар. Лекин аслида буларнинг қилаётган ишлари халқ юзини диндан буришдир. Зеро, Ислом динининг ғояси инсонларнинг ўткинчи дунёга алданиб қолмаслиги ва абадий саодат йўлига йўллаб қўйишдир. Ҳолбуки, бу дунёнинг қулига айланганлар маккор дунё ёлғонларига алданмаганлардан кўп. Исломнинг шарафи нафсига қул кимсалардан холи бўлишликдадир.

Илмдаги энг муҳим саналган тафсир, ҳадис, савдо, ният, ахлоқ илми, таркидунё ва дин йўлининг муомалаларидаги зарарларни ва ундан сақланиш илмини ўрганиш фарзи айндир. Олимлар бундай илмларнинг барчасини мукаммал ўрганиш ўрнига “Жадал” илмини, “Мунозара”ни, “Калом” илмини ёки халқни йўлдан оздирадиган фатволарни ўрганишга вақтларини сарфлайдилар. Охиратни қўйиб дунёни, қаноатни қўйиб - ҳирсни, ихлосни қўйиб - риёни, қўрқув ва тақвони қўйиб - ғафлатни танлайдилар.

Тақво илмини ўрганмоқчи бўлганларни илмдан узоқлашганлар деб ҳисоблайдилар.“Иҳё” китобимизнинг “Ғурур” бўлимида булар ҳақида кенг маълумот берилган. Баъзи воизлар насиҳат илмини ўрганганлар. Қофияли ва таъсирли сўзларни айтиб, одамларни ўзларига жалб қиладилар. Эшитганлар “Оҳ” чекиб юборадилар. Аслида, воизлар кўнгилдаги мусибат оташини аланга олдиришлари керак. Ҳақиқий мусибат охират учун қайғу чекиб, нола қилишда кўринади.

Баъзи олимлар вақтларини фиқҳ илмига бағишлайдилар. Фиқҳ илмини фақатгина ҳукумат ва давлат идоралари учун тегишли деб ўйлайдилар. Бу илмни юзаки ўрганган олим фиқҳнинг охиратдаги фойдасини топа олмайди. Масалан: Бир кимса закотини йилнинг охирида хотинига бағишласа, хотини уни яна эрига бағишласа, фатвога кўра ҳалолдир. Закот олувчи масъуллар зоҳиран буни ҳалол деб биладилар. Лекин закот эгаси буни ҳирс билан ўзига қолишини қасддан амалга оширса, бу закот қабул қилинмайди. Гўёки закот бермаган билан тенг бўлади.

Хасисликда хатар бор. Аслида, закот йиғилган мол-дунёни худди танани таҳорат поклаганидек, ҳирсдан тозалайди. Эрнинг атай аёлига бағишлаши ҳийла ҳам бўлиши мумкин. Бу йўл инсонни ҳалокат ёқасига олиб боради. Агар эркак никоҳ пулини, яъни маҳрни беришга қийналса, келишиш билан никоҳ буюрилади. Қози тарафларнинг сўзига қараб ҳукм чиқаради. Кўнгил йўлини билмайди. Аммо у дунёда бундан сўроқ қилинади.

Одамларнинг ўртасида биров бошқа кишидан нарса сўраса, у одам уялганидан берса, бу ҳам зоҳирий фатвода мумкин иш. Аслида бу ерда зўракилик ҳам бор. Худди уят қамчисидан фойдаланиб, бир кишини уриб, қўлидагини олган билан тенг. Бундай ҳодисаларни ҳаётда жуда кўплаб учратишимиз мумкин. Фатво илмини енгил ўрганган олим фиқҳнинг мана шундай нозик жиҳатларини ҳам яхши ўрганмоғи даркор.



Иккинчи табақа:

Зоҳид ва обидларнинг гурурларидир. Баъзи бир зоҳидлар нафл намозларни деб фарзларни кечиктирадилар. Таҳоратни обдон қилиб, масжидларга кеч борадилар. Таҳорат сувини тоза сақланганлиги ҳақида шубҳа ва гумонларга бориб, уйдагиларни танқид қиладилар. Аммо ўзлари таом ейишга келганда суриштириб ўтирмайдилар. Ялангоёқ ерни босмайдилар-у, ҳаром луқмани тортинмай ейдилар. Асҳоби киром сийратини унутадилар.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу бундай деган эди: “Бир ҳаромга тушиб қолмай деб етмиш йўлда ҳаромдан сақландим”. Умар розияллоҳу анҳу бир насроний аёлнинг тоғорасида таҳорат олди. Луқманинг поклиги билан тананинг поклигини алмаштириб юбормаслик керак. Бошқа бировнинг ювган кийимини киймайдиган “Тақводорлар” бор.

Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирлар ҳадя қилган хирқаларни кийган эдилар-ку! Асҳоби киром ҳам шундай бўлганлар. Ўртага тўпланган ғанимат молдан олиб кияр эдилар. Бирор кимса уларни ўша кийимларни ювиб кийганларини кўрган эмас. Кофирларнинг қиличларини белларига боғлаб олиб, намоз ўқиганлар. Қилич ювилганми, териси нимадан қилинган, қини ҳалолми ёки ифлосми, демаганлар. Бу қадар майдалашган, муболаға қилган кимса шайтонга эрмак ва халққа масхара бўлади.

Орасталикни жойига қўяман, деб сувни исроф қилган, намоз вақтини қазо қилган кимса билсинки, у алданибди. Айрим кимсалар борки, намознинг ният қисмида васвасага бериладилар, ниятда овозларини кўтариб қўядилар, қўлларини силкитадилар. Нияти бузилиб яна янгидан ният боғлагунча, имом биринчи ракатни тамомлаб бўлади. Лекин ибодатда энг асосийси ниятнинг соғломлигидир.

Закотни ҳам, қарзни адо қилиш ҳам ниятга боғлиқ. Баъзилар Фотиҳа сурасини тил учида ўқийдилар. Аслида намозда калима-лар кўнгилдан ўқилиши керак. Маъносини яхши англаб, юракдан ибодат қилмоқ жоиз. “Алҳамдулиллаҳи Роббил ъаламийн”, деганда оламлар Роббига ҳамду сано айтаётганини, “Иййака наъбуду ва иййака настаъин”, деганда ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилиш кераклигини ва Унга суяниш кераклигини ҳис қилиши лозим. “Иҳдинас сиротол мустақим”, деганда Сирот кўпригида бизнинг оёқларимизни тойдирмагин деб ялиниб-ёлвориш керак. Буларнинг маъносини яхшилаб англаб, ибодат қилмоқ лозим.

Фуқаро шоҳидан бирор нарса тиламоқчи бўлса, қандай ялиниб-ёлборади? “Эй шоҳим!” деган сўзнинг ҳарфларини биттама-битта ёдлаб чиқади, подшоҳнинг мендан жаҳли чиқмасин, мени калтакламасин, деб минг кўйга тушади.

Яна баъзилар борки, зоҳидлардек махсус кийимлар киядилар. Одамларнинг кўзига чиройли кўриниш учун, мақом ва мартабага эришиш учун уринадилар. Лекин билмайдиларки, мақом севгиси мол-дунё севгисидан ҳам хавфлидир. Мақомни тарк этиш жуда қийин. Зоҳид, аслида, мақом ва рутба севгисидан маҳрум киши демакдир. Унга бирор нарса ҳадя қилсалар, “Олсам, мени зоҳид ҳисобламай қўядилар” демаслиги керак. Унга: “Сен бу ҳадяни олиб, бирор муҳтож кишига бер”, дейишлари унга ўлим билан баробардир.

Яна шундай тоифа инсонлар бор: кунига минг ракат намоз ўқийдилар, минг-минг тасбеҳ ўгирадилар, кечалари бедор, кундузлари рўзадордирлар. Лекин кўнгиллари ёмон ахлоқ ва ёмонлик тилашдан нарига ўтмайди. Уларнинг қалблари риё ва ҳасад билан тўла. Одамлардан ғазабланаверадилар. Гўё ҳамма у кишига душман. Аммо билмайдиларки, ёмон ахлоқ барча ибодатларни бекор - ботил қилади.

Бутун ибодатларнинг асоси гўзал хулқдир. Ёмон хулқли одамлар доим халққа миннат қиладилар. Ўзларини одамлардан тортадилар, уларга ҳақорат кўзи билан қарайдилар. Барча зоҳид ва обидларнинг султони Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамики инсонлардан ҳам гўзал ахлоқли ва кулар юзли эдилар. Либослари жуда эски ва юпун, ўзи хор ва ҳақир кимсалардан жирканмас, улар билан ёнма-ён ўтирар эдилар. Қўлни қўлга берар эдилар. Аҳмоқ зоҳидлар Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатига юрмайдилар ва сийратига боқмайдилар.



Учинчи табақа:

Такаббур сўфийлардир. Бирор-бир жамият ичида сўфийлар каби такаббури бўлмайди. Чунки йўл қанчалик тор ва мақсад нақадар азиз ва улуғ бўлса, шубҳа ва ғурур ҳам шунчалик кўп бўлади.

Тасаввуфнинг мақсади уч даража, мақомга эришишдир.



Биринчи даража:

Нафсини тўла енгган, на шаҳват ва на ғазаб ҳоли қолмаган шариатдан чиқиб кетмаган кимсалардир. Бу фатҳ қилинган қалъанинг асирга олинган қулларига ўхшайди. Унинг қалби ҳам шариат султони томонидан фатҳ қилинган.



Иккинчи даража:

У дунё ҳам, бу дунё ҳам унга бирдек бўлиб, ҳис ва хаёл оламидан ўтган кимсанинг ҳолидир. У бир қарасанг, ҳайвонлар билан ҳам тил топишиб кетаверади, жаннат унинг хаёл оламидан узоқ эмас. Хаёли қайси тарафга кетса, унга йўл топа олади. Унинг учун гўшт ҳам, ҳолва ҳам бир бегона ўт кабидир. Хаёлига келган нарсани ейиш аҳмоқларнинг, хасис ва нодонларнинг насибасидир. Жаҳаннам аҳлининг кўпчилиги аҳмоқ кимсалардир, дейишлари шунгадир.



Учинчи даража:

Қалбини ва бор вужудини Ҳақ таолонинг зоти тажаллийси, жалол ва жамоли қамраб олган. Бу олам билан, жисм, макон ва ҳиссий ҳаёт билан ҳеч иши йўқ. Хаёл, ҳисга алоқадор илмнинг бу олам билан боғлиқлиги кўзнинг овоз ва қулоқнинг ранг билан муносабати кабидир. Яъни ундайлар на хаёл қилади ва на ҳис қилади. Сўфий бу мақомда тасаввуфнинг бошида турган ҳисобланади. Бундан тепада яна бир неча мақомлар бор. Ҳақ таоло билан шундай боғланадиларки, уларни таърифлаш, шарҳлаш жуда мушкул иш. Бу муносабатни баъзилар “ваҳда-тул вужуд” дейдилар. Баъзилар эса “ҳулул” деганлар.

Диндан хабари кўп бўлган кучли олим ҳам уларнинг ҳасби ҳолини таърифлаб бера олмайди. Ҳатто бирор куфр сўз ишлатиб юбориши мумкин. Ундай рутбага эришганлар ҳақида фикр юритиш хато. Уларнинг ҳоли ва мақомини ёлғиз Аллоҳ билади.

Тасаввуфнинг асоси будир. Баъзилар тасаввуф хирқа ва жойнамоздан иборат деб ўйлайдилар. Айтганлари ғариб сўзлардир. Тасаввуф фақат тариқатчиларнинг васвасаси холос. Улар бошларини силкитиб туришдан бошқа нарсага ярамайдилар. Зоҳиран ҳам шундай. Булар бир ожиза аёлга ўхшайдики, бошига кулоҳ кийиб, белига қурол тақиб олади. Жангчилар сафида туриб, баҳодирлар ҳақида шеър ўқийди. Подшоҳнинг ҳузурига кириб, исмини жангчи йигитлардан деб ёздирмоқчи бўлади. Подшоҳ бу ишдан хабар топгач, хизматкорларига уни филнинг оёғида янчишларини буюради.

Ҳеч кимса бу киши каби подшоҳни эрмак қила олмайди. Баъзи сўфийлар борки, парҳезда ва риёзатда нафсларини тамомила енга олганлар. Ўзларини Аллоҳ таолога тўла топширганлар. Зикр ҳалқаларида ўтирадилар. Уларда баъзи ҳоллар зоҳир бўла бошлайди. Келгусида юз берадиган воқеалар ҳақида каромат қиладилар. Бирор гуноҳ иш қилсалар, ғойибдан уларга танбеҳ келади. Гўё ғафлатдан ёки нотўғри қилганликларидан огоҳлантириладилар. Сўнгра уларнинг кўзларига пайғамбарлар ва малоикалар жуда гўзал ҳолатларда кўрина бошлайди. Улар осмонга кўтарилиб чиқиб кетадилар. Ҳақиқатан улар авлиёларга айланган бўлишлари мумкин. Лекин буларнинг ҳоли ёлғон аралашган тушга ўхшайди. Уйқуда туш ва хаёл сурадилар. Уйғоқ бўлсалар, эс-ҳушларидан тоядилар. “Етти қават ерда ва етти қават кўкда нима бор бўлса, менга кўрсатилди”, дейдилар. Булар ҳам алданган кимсалардир. Аслида, бундай авлиёларда Жаноби Ҳақнинг сифатидан қилча ҳам йўқ. Аслида, улар ҳеч нарсанинг ҳақиқатини билмаслар.

Кароматлар зоҳир бўлишини авлиёликнинг охирги нуқтаси, деб биладилар. Ундан ҳам юқоридаги мақомга чиқишга тоқат қилмайдилар. Мағлуб бўлган нафслари ҳаракат қилмай, секин-аста яна пастга туша бошлайди. Ўзларини камолга етдим, энди авлиёман, бу менга етади, деб ишониб қоладилар. Бу эса ғурурнинг энг каттасидир. Ҳақиқий авлиё кароматларига ишониб қолмайди. Шариатга бўйин эгишда ва ҳақиқатни излаш йўлида давом этади.

Шайх Абул Қосим Журжоний бундай деган эди: “Сув устида юриш, ҳавода учиш, ғайбдан хабар бериш - булар каромат эмас. Каромат кишининг ҳар бир сонияда шариат амрларига бўйсунишидир. Яъни ёлғиз Аллоҳ розилиги учун менлигини итоатга ўргатишдир”.

Кибр ва ғурур аралашган кароматлар шайтон ҳийлаларидир. Шайтоннинг ғайб оламидан хабари борлиги учун коҳин ва фолбинларда ҳам ғайриоддий ҳолатлар учрайди. Сен шариат илмига риоя қил. Агарда сен катта авлиё бўлиб етишган бўлсангда, Аллоҳга итоатда бардавом бўлсанг, сен қалбингдаги нафс итини ўлдирган ёки каттакон арслонни минган билан тенг бўласан. Ғайбдан хабар келмаётган бўлса, хафа бўлма! Ўз хато ва камчиликларингдан хабардор эканлигинг, ўз айбинг ва гуноҳларингни тушуниб етганинг сенинг ғайбингдир.

Сув устида юра олмайман, ҳавода учолмайман, деб сира ўкинма! Сен улардан ҳам юқори бўлган мартабадасан. Бир кечада саҳрони айланиб чиқмаган бўлишинг мумкин, аммо дунё хавф-хатарларидан қутулганинг ундан ҳам мушкулроқ вазифадир. Тоғларнинг тепасидан учиб ўтмаган бўлишинг мумкин, аммо шубҳа ва ҳаром тангадан тақво қилганинг ундан ҳам баландроқ мартабадир. Ҳақ таоло марҳамат қилади:

“Довон не эканини сенга нима биддирди? (У) қул озод қилишдир” (Балад сураси, 12-13-оятлар).



Тўртинчи табақа: бойлар ва мулк эгалари. Буларнинг ичида ҳам алданганлари жуда кўп. Баъзи бойлар масжид қурадилар, йўл, кўприк соладилар. Пулларини иморат қуришга сарфлайдилар, аммо унга ҳаром аралаштириб қўядилар. Улар бировнинг ҳақини эгасига қайтармагунча, қарзлари бўйинларида туради. Ўзларини савоб иш қиляпман, деб ҳисоблашлари гуноҳ устига гуноҳ қўшаверади. Айримлар эса ҳалол касб қилиб топиб, савобли ишларга сарфлайдилар, лекин мақсадларига риё аралашиб қолади. Олтин танга сарфласалар, устига исмларини ёзилишини истайдилар. Ёзишингиз шарт эмас, барча ишларни Аллоҳнинг Ўзи кўриб-билиб туради, десангиз ҳам рози бўлмаслар.

Яна риёкорнинг белгиси шуки, ўзининг фақир қул ва ишчиларига эҳсон қилмайди-ю, бошқаларга инъом-эҳсон қиладилар. Сабаби, эҳсонни ҳамма кўриши ва билиши керак, унинг ҳаққига дуо қилишлари керак.

Айрим кимсалар борки, ҳалол пул касб қиладилар, доимо ишлайдилар, ихлос билан, тоза ният билан савобли ишларни амалга оширадилар. Аммо масжидларнинг нақшига, зеб-зийнатига ва дизайнига кўп пул сарфлаб юборадилар. Бундан икки ёмон иш майдонга келади:

Намоз ўқиётган кишининг кўзи, нигоҳи нақшга тушиб, фикри бўлинади.

Баъзилар эса уйларини ҳам шундай безашни хаёл қилиб қоладилар. Дунё кўзларига чиройли кўриниб кетади. Пул топишга ҳаракат қилиб қоладилар.

Масжидни безаган киши савобли иш қилдим, деб ўйлайди, аммо Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларни безаш ҳақида бундай деганлар: “Қачонки, масжидни безасангиз ва Мусҳафни нақшласангиз, ўша замон ҳалок бўласиз”.

Яна шундай кимсалар борки, садақани эшиклари олдида тарқатадилар ёки бирор маддоҳга берадиларки, у ҳамма жойда фалон киши садақа қилди, дейиши учун. Агар унга бирор етим-есирга эҳсон қилсанг, Каъбатуллоҳни Ҳаж қилган билан тенг бўлади, десангиз, бу шартга рози бўлмайди. Чунки унинг мақсади эл олдида обрў-эътибор қозонишдир. Яна шундай бойлар борки, фақат закотни берадилар. Яъни зиммаларидаги мажбурий эҳсонни қилишдан у ёғига ўтмайдилар. Закотни ҳам қўллари остидаги ишчиларга, қариндошларига берадилар.

Мударрислар ҳам дарсимга келсин, деган мақсадда ўзларининг талабаларига эҳсон қиладилар. Бир ўқ билан икки қуённи овламоқни режа қиладилар. Айрим кимсалар эса закотни улуғ кишиларга мақталиш учун берадилар. Ҳам тама, ҳам мақтовни қасд қиладилар.

Яна шундай кимсалар борки, қилчалик бўлсин, молларидан закот бермайдилар. Пулларини сақлайдилар. Эртаю кеч ибодатда бўладилар, лекин хасислик қиладилар. Боши оғриган одам дорини оёғига сургани аҳмоқлик саналганидек, хасислик ҳам аҳмоқликдир. Бунинг давоси кўпроқ эҳсон қилмоқдир.

Кимки ушбу китоб билан илмини оширган бўлса, ибодат ва нафснинг алдовларини-ю зарарларини ўрганган бўлади. Аллоҳнинг дўстига айланиб, дунё севгисидан воз кечади. Дунё унинг зарурат ашёси бўлиб хизмат қилади. Охират ва ҳисоб-китоб Кунига ҳозирлик кўради. Бу эса Аллоҳ осон қилган кимсаларгагина осондир. Ҳақ таоло севган ва рози бўлган ишларда бизларга қулайлик ва имкон беради.

Улуғ Аллоҳнинг инояти ва марҳамати ила “Кимёи саодат” китобимизнинг учинчи рукни бўлган “Муҳликот” бўлими шу ерда ниҳоясига етди.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан