loader
Foto

Жума намозидан аввал тўрт ракат суннат ҳақида

Маълумки, мўмин-мусулмонлар беш маҳал фарз намозлари билан бирга суннат намозларини ҳам ўқишади. Суннат намозлар муаккада ва ғойри муаккадага бўлинади, яъни таъкидланган ва таъкидланмаган суннатлар. Муаккада суннатлар ҳукм жиҳатдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бардавом бажарганлари учун вожибга яқин мақомда туради. Уларга бепарволик қилиш мумкин эмас.

Ҳанафий мазҳабимиз фиқҳий матнларида ёзилишига кўра, фарз намозлари билан ўқиладиган таъкидланган суннатлардан бири.

- Жума намозидан аввал тўрт ва кейин тўрт ракатли суннатлардир.

Демак, бизнинг Ҳанафий мазҳабимизга кўра Жума намозидан аввал ўқиладиган тўрт ракат суннат намози ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар бор. Жумладан:

Яъни: Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда у киши айтади: "Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар жума намозидан аввал тўрт ракат ваундан кейин тўрт ракат намоз ўқир эдилар" (Имом Термизий ривоят қилган).

Шунингдек, худди шу мазмундаги бошқа бир ҳадиси шарифда ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинади:

Яъни: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Жума намозидан аввал тўрт ракат ва ундан кейин тўрт ракат намоз ўқир эдилар", дейилган. (Имом Ҳофиз ал-Муновий “Файзул Қадир" китобида ривоят қилган) Шунингдек, Имом Бухорий ривоят қилган бошқа саҳиҳ ҳадисда қуйидагича келади:

Яъни: Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Ким жума куни ғусл қилса, покланишга қодир бўлган нарсалар билан покланса, сўнг сочларини ёғласа ёки атир сепса, сўнг (жумага) бориб (жамоатдаги) икки киши орасини ёрибўтмаса, сўнг унга тақдир қилинган намозни ўқиса, кейин имом хутбага турганда жим турса, бундай кишининг бу жума ва бошқа жума орасидаги гуноҳлари кечирилади" (Имом Бухорий ривоятлари).

Ушбу ҳадисга Имом Ҳофиз ибн Ҳажар "Фатҳул-Борий" номли китобларида шундай шарҳ берадилар: "Ҳадисдаги: "...сўнг унга тақдир қилинган намозни ўқиса" жумласи Жума намозидан аввалги тўрт ракат суннат намоз шариатда жорий қилинганига ишорадир”, деб айтганлар.

Шунингдек, Имом ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Жума кунги заволдан сўнг имом то хутбага чиққунига қадар нафл намозлар ўқилиши борасида мустаҳаб вақт эканига барча аввалги ва кейинги олимлар иттифоқ қилишган. Аммо Жума намозидан аввалги тўрт ракат суннат худди пешиндан аввалги тўрт ракат намози каби равотиб суннатларданми ёки йўқлиги ҳақида олдинги имомларимиз турли фикрдалар. Жумладан, аксар олимларимиз унинг равотиб суннат эканига келишишган. Улардан Имом Абу Ҳанифа ва у зотнинг шогирдлари, Имом Авзоъий, Имом Саврий, Имом Аҳмаднинг машҳур сўзлари, Қози Абу Яъло, Имом Ибн Уқайл, Имом Шофеий ва бу мазҳабнинг олимлари наздида ҳам саҳиҳ гап пешиндан аввалги суннат равотиб суннат эканидир".

Қуйидаги машҳур ҳадисга Ҳанафий мазҳаб имомларимиз шарҳ ёзишганда хулосаларига жума намозидан аввалги тўрт ракат суннатни ҳам қўшишган:

Яъни: Умму Ҳабиба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у айтади: "Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитдим: "Ким бир кеча кундузда ўн икки ракат намоз ўқиса, жаннатда ушбу намозлари учун бир уй бино қилинади". Имом Термизий бу ҳадисга зиёда қилиб: "Пешиндан аввал тўрт ракат, ундан кейин икки ракат, шомдан кейин икки ракат, хуфтондан кейин икки ракат ва бомдоддан аввалги икки ракат (суннат) налюзларидир", деб айтганлар. (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Ушбу ҳадисга суяниб Имом Ибн Нужайм раҳимаҳуллоҳ ҳам бир кеча-кундузда ўн икки ракат равотиб (давомий қилинадиган) суннат бор: "Улар бомдоднинг икки ракати, пешиндан олдинги тўрт ракат, пешиндан кейинги икки ракат, шомдан кейинги икки ракатҳамда хуфтондан кейинги икки ракат. Шунингдек, Жумадан олдин ва кейин тўрт ракат, Рамазонда хуфтондан кейин ўн салом билан ўқиладиган йигирма ракатли таровиҳ намозлари”, - деб санаб ўтганлар ("Ал-ашбаҳ ван-назоир” китоби).

Демак, юқорида келтирилган Ҳанафий мазҳабимизнинг машҳур фиқҳий китоблари ва келтирилган баъзи саҳиҳ ҳадислардан хулоса қилиб, мазҳаб олимларимиз наздида жума намозидан аввалги тўрт ракатли суннат, муаккада суннат намозлар қаторига киради. Гоҳида масжидларимизда мана шу суннатни қасддан тарк қилаётган кишиларни кўрамиз. Ваҳоланки, улар нотўғри тушунча сабабли суннати муаккадани тарк қилмоқдалар. Бу даражадаги суннатларни узрсиз тарк қилинмайди. Акс ҳолда дунё ва охиратда маломатга қоладилар. Валлоҳу аълам.

Шайх Нуриддин Холиқназар ҳафизаҳуллоҳ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий,

Фатво маркази директорининг

"Фиқҳ ва ақидага оид ихтилофли масалалар ечими" китобидан