Етим-есир ва беваларга ёрдам кўрсатиш жуда фазилатли амалдир. Бу ҳақида Қуръони каримда шундай дейилган: “Сиздан, шунингдек, етимлар (ҳақлари) тўғрисида сўрайдилар. Айтинг: “Уларни ислоҳ қилиш яхшидир...”. (Бақара, 220-оят)
Хазрати Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ва етимни асраб олувчи жаннатда шундайдир” деб, кўрсатгич ва ўрта бармоқлари орасини озгина очиб ишора қилдилар. (Имом Бухорий ривояти)
Ҳадисда етимнинг бошини силашнинг фазилати тасаввур қилиб бўлмайдиган даражада хайру баракага сабаб бўлиши айтилмокда. Яъни, бундай киши жаннатда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга, У зотга жуда яқин бўлар экан. Бунинг қандай бўлишини ойдинлаштириб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич ва ўрта бармоқлар яқин бўлгани каби, деб айтдилар.
Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Узининг ёки бошқасининг етимини асраб олувчи билан мен жаннатда (мана) бу иккиси кабидирмиз”, дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқ билан ишора қилдилар. (Имом Муслим ривояти)
Етимни асраб олувчи унинг қариндош-уруғи (масалан, она, бобо, ака-ука ва бошқалар) ёки бегона бўлишидан қатъи назар савобга эга бўлаверади.
Бевалар борасида эса, қуйидаги ҳадис ривоят қилинган:
Абу Хурайра розияллоҳу ан.ҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бева ва мискин учун елиб-югурган киши Аллоҳ йўлидаги мужоҳид ёки кечаси қоим, кундузи соим (рўзадор) кабидир”, дедилар”. (Имом Бухорий ривояти)
Хазрати Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят цилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонлар хонадонининг энг яхшиси яхши муомала қилинадиган етими бор уйдир ва мусулмонлар хонадонининг энг ёмони ёмонлик қилинадиган етими бор уйдир”. (Ибн Можа ривояти)
Қуръони карим ҳам, ҳадислар ҳам етим ва беваларга ёрдам беришнинг фазилати ҳақидаги маълумотлар билан тўлиб тошган. Бу амал Аллоҳ таолога қанчалар маҳбуб эканини бир неча оятларни ўрганиш орқали билиб олиш мумкин. Шу боис бирор етим ёки бевага яхшилик қилиш имкони туғилганида, буни ҳаргиз қўлдан бермаслик, бу яхшиликни Аллоҳ таоло дилга солса, уни ғанимат билиш лозим. Шунда, ин ша Аллоҳ, у фазилатлардан улушга эришилади. Шарти шуки, бу ишни риёкорлик ёки кўз-кўз қилиш каби фикрлардан йироқ бўлиб, Аллоҳ таолонинг ро-зилиги учун қилиш шартдир. Киши етим ёки бева томонидан раҳмат айтилмаса ҳам, қилган ишини самарасиз, деб билмаслиги, мазкур ишни Аллоҳ таоло ризолиги учун қилганининг белгисидир. Қолаверса, амалларни холис Аллоҳ учун қилувчи киши ажру савоб бандадан эмас, Аллоҳ таоло томонидан ҳосил бўлишини билади.
Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
"Енгил амаллар"китобидан