loader
Foto

Москвадаги терактларни ким қилди?

Москвадаги терактларга бир сутка бўлди. Барча томонларни кузатиш, бошлангич таҳлил ва хулосалар қилиш учун етарлича вақт бўлди. Демак,

• 19-мартда, сайловдан 2 кун ўтиб, Путин ФСБ коллегияси йиғилишида нутқ сўзлади. Сайловдан кейин бирини бўлиб ФСБ билан йиғилиш ўтказиши “хавфсизликчилар – менинг асосий таянчим” дейишни англатарди. Ўша йиғилишда Путин “ғарб бизда терактлар бўлади деб шантаж қилаяпти” деганди. Яъни, гарчи терактларни ИШИД каби ташкилотлар қўли билан қилсада, бу ташкилотлар ғарб томонидан билвосита, ўта яширинча, лёкин тўлиқ бошқарилади деган қараш – ҳумкрон қараш ҳисобланади.

• Баъзи экспертларнинг фикрига кўра, бу терактларни ИШИД амалга оширган бўлиши мумкин. Лёкин, ИШИДга ким томонидан “заказ” тушганлигини исботлаб бериш қийин. ИШИДни ўзига шу теракт керакми, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Бугун Россия Исроилга қарши позицияда. Хамас, Хусийлар ва бошқа жангари гуруҳлар Россияни Исроил ва АҚШга қарши фронт байроқдори деб билади ва ҳурмат қилади. Мана шу фонда, ИШИДнинг Москвада теракт қилиши – ғалати.

• Муаммо шундаки, “ИШИД” брендини ишлатиш жуда онсон. Ўта маргинал бўлганлиги учун, ҳар қандай терактни уларни бўйнига қўйса, улар “биз қудратлимиз” дейиш учун индамай тураверади ёки бўйнига олади. Бу ташкилотнинг расмий ва оммавий сиёсий лидерлари йўқ, йўқотадиган худудлари ёки ресурслари йўқ. Уларда исломий, сиёсий онг кузатилмаган. Бу ташкилот виртуал каллакесарлар гуруҳини эслатади. Бошқаруви ҳам мавҳум. Шунинг учун, ИШИД брендини ишлатиш, анча қулай.

• АҚШ ва ғарб давлатлари бу терактларни имкон қадар Украинадан соқит қилишга ҳаракат қилишди ва қилишмоқда. Чунки, терактлар манъ қилинган кураши усули ҳисобланиб. Агар бу терактларда Украинанинг қўли борлиги исботланса, бу Россияга кўп ишларни баралла қилишга маънавий имкон беради. Украинанинг эса замонавий қуроллар, ракеталар олишини қийинлаштиради. Шунинг учун, Украина расман бу терактларда қўли борлигини инкор қилди. АҚШ ва ғарб давлатлари ҳам “Ким бўлса ҳам, Украина эмас”  деган позицияда.

• ИШИД намоёндалари сифатида Тожикистон ватандошлари ушланибди. Бу – МО, Тожикистон ва Ўзбёкистон учун ёмон хабар. Шу пайтгача РФда тожик ва ўзбек мигрантлари ҳимоясиз ахволда эди. Энди янада ёмонлашади. Энди РФ биздан борган мигрантларга ашаддий ов бошлайди. Уларни провокация қилиш оммавийлашади. Россия куч ишлатар тизимлари мигрантларни шантаж қилиб “танла, ёки қамаласан, қамоқда ўлиб кетасан, ёки урушга борасан” дейди.

• Россия ҳам бу терактларни ўз манфаатларидан келиб чиқиб талқин қилмоқда. Пропаганда “Бу ИШИД эмас, бу Украина ва ғарб” деган қарашда. Лёкин, бу терактлар вақтида Россия хавфсизлик кучлари қаерда эди, нега улар бу қадар катта "провал" қилди деган савол, борган сари кучайиб боради. Шундан келиб чиқиб, ёки бу терактларни РФ хавфсизликчиларининг ўзлари уюштирган, ёки терактларни Москва манфаатларига тўғри келадиган жиҳатлари кўп бўлганлиги учун ҳам, имконият берилган деган версия, сақланиб қолаверади.

Камолиддин Раббимов