Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников Россия Бош прокуратурасининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнг журналистларга баёнот берди.
Москва яқинидаги "Krokus Siti Holl"даги теракт ортида АҚШ, Буюк Британия ва Украина турибди.
Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников Россия Бош прокуратурасининг кенгайтирилган йиғилишидан сўнг журналистларга баёнот берди.
“Биз "Крокус" иши бўйича тергов қилаётганлардан олган маълумотлар буни тасдиқлайди. Айни пайтда хавфсизлик хизмати Украинанинг иштироки ҳақиқат ёки йўқлигини яна бир бор текширади. Лекин, ҳозирча Украинани айблашга асосимиз бор", деган Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, жангарилар ташқи ёрдамсиз бунга жазм этолмасди.
"Албатта, исломчиларнинг ўзи бундай терактни тайёрлай олишмасди. Уларга ёрдам берилди. Ва биз ушбу фожиада Украина изларини кўряпмиз. Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин ҳам буни айтиб ўтди", дейди у.
Унинг таъкидлашича, терактни содир этганлар Украина ҳудудига боришни режалаштирган. Бу шахсларнинг Украина ҳудудида кутилаётгани ҳақида маълумотлар бор. Улар Украина ҳудудида "қаҳрамонлар каби кутиб олинишни" хоҳлашган.
Бортников Украина Яқин Шарқда жангариларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказганини иддао қилиб, Россияга қарши фронтда турли миллатлардан жангчилар борлиги бундан далолат эканини таъкидлади.
“Бизнингча шундай. Мен мавжуд фактларга таяниб гапиряпман. Тўғри, бу умумий маълумотдай кўриниши мумкин. Бироқ вазиятни силкитиб, Россияда ваҳима қўзғаш Ғарб разведка хизматлари ва Украинага керак эди”, деган Александр Бортников.
Унинг айтишича, Россиянинг тегишли органлари шу билан тўхтаб қолмайди, айбланувчилар сони ҳали яна кўпаяди.
“Мамлакатда ҳам, хорижда ҳам ушбу қирғиннинг барча иштирокчиларини аниқлаш бўйича кўп ишлар қилинмоқда. Бизнинг барча тезкор бўлинмаларимиз айни пайтда "дўст" давлатлар разведка хизматлари билан ҳамкорликда ишлаяпти”, деган Бортников.
Унинг қўшимча қилишича, "Крокус"даги теракт Ғарб томонидан тайёрланган радикал мусулмонлар томонидан амалга оширилган ва бунга Украина махсус хизматлари кўмаклашган.
"Фронтдаги йўқотишлардан сўнг Украина ва Ғарб ўз қадр-қимматини тиклаши учун нима қилиш керак? Албатта улар орқа томонда туриб, қўпорувчилик ва террорчилик ҳаракатларини амалга оширишади. Украина разведка хизматларининг раҳбарияти ҳамда АҚШ ва Британия жосуслик хизматларининг ҳам тили бир. Уларнинг ўзлари ҳам бу ҳақда кўп гапиришган”, деган у.