Билгилки, толиби илм ҳам, толиби касб-ҳунар ҳам фақатгина илм ва илм аҳлини ҳурматини ўз ўрнига келтира олиши - уни ҳурматлаб, таъзимини адо эта олиши билангина илмга, касбга эришиб, улардан муваффақият ила манфааат топади. Устозни ҳурматига эътибор ва уни қатъиян улуғлаш, салобатли тутиш эса алоҳида аҳамият касб этади. Донишмандларимиз:
Ҳурмат сақлаш тоат-ибодатдан кўра афзалроқдир, - деганлар. Яна бир улуғ зотдан:
- Илм афзалми ёки одоб? - деб сўраганларида, ул зот:
- Одоб афзал, - деб жавоб берганлар.
Ҳақиқатда ҳам, гўзал хулқ, одоб ҳар қандай илму ҳу-нар эгасининг беназир зийнатидир. Яна шундай мўътабар инсонлардан:
- Ким нимага эришган, фазилат ва даража топган бўлса фақат ҳурмат, одоб сақлаш билан эришибди. Кимки ўз обрў-эътиборидан, эришган фазилатидан айрилган бўлса, билсинки, у фақатгина бу айрилиқни одоб сақлашни лойиқ кўрмагани, ҳурмат ва эъзозни тарк қилгани сабабидандир, - деб огоҳ қиладилар. Яна:
- Огоҳлик, зийрак фаҳм билан бироз фикр қилгин, инсон гуноҳу маъсият билан имондан ажралмайди. Балки иззат-икромни ва одобни тарк этгани учун кофир бўлади.
Фаришталарга дарс ўтаган Иблисни ёдингга ол! У беодоблик ва тарки эҳтиромла Аллоҳ таолонинг раҳмат даргоҳидан қувилди, Унга осий бўлди.
Ваҳҳобийларни кўр! Катталарга ҳурматлари, кичикка иззатлари юзакиликка, ёҳуд йўқликка юз тутгани сабаб устознинг улуғлигини эътироф этмадилар. Барча устозларининг норизолик дасторларини бошларига қўйиб, устларига дуоибаддан иборат либослар кийдилар. «Илму тақволари» билан муборак, пок динимизга қанча зарар келтирдилар. Ушбу ҳаракатлари натижасида тўғри йўлдан чиқдилар, Аллоҳнинг розилигига муяссар бўладиган йўлдан адашиб, дунёга, шайтон ризолиги томонига ўтдилар.
Мусанниф (раҳимаҳуллоҳ) ҳазратлари, муаллим ва таълим-тарбия берувчи инсонни ҳурматини қоим қилиш, улар ҳузурида одобу аҳлоқ сулукотларига риоя қилиш бевосита илмни ҳурмати, таъзимидан саналади, - деб қайд этадилар. Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу)нинг ушбу сўзларини гапимизнинг тасдиғи десак, муболаға қилмаган бўламиз. Ҳазрат Али айтдилар:
- Менга бир дона ҳарф ўргатган кишининг қулиман. Хоҳласа сотсин, хоҳласа кулликдан озод қилсин, хоҳласа кул қилиб ишлатсин.
Ақли расо инсонга бундан эҳтиром қилинишга энг ҳақдор ва лойиқ зот муаллим, устоз экани маълум бўлади. Киши иймонининг белгиси шубҳасиз, устознинг хурматига ва дуои хайрига сазовор бўлишидир.
Устозни иззат-икромини ўз ўрнига қўйиш мақсадида ҳадя ва хайру эҳсонлар қилиш афзал ишлардан ҳисобланади. Масалан, бир ҳарф ўргатса, устозга минг дирҳам ҳадя қилмоқ ниҳоятда хайрли амалдир. Борди-ю, динингда, имон-эътиқодингда муҳтож бўлган масалада бир ҳарф таълим берса, у инсон сенинг диндаги отанг, падари бузрукворингдир.
Шайхул Ислом буюк имом, муҳтарам устозимиз Садидуддин Шерозий ҳазратлари:
- Бир киши ўғлини олим, фозил бўлишини орзу қилса, олиму фақиҳларнинг, илм йўлида юрганларнинг ҳақларини, яъни ҳурматларини риоя қилмоғи лозимдир. Бу таъзимларини ўрнига келтириш ва ҳадялар бериш ила бўлади. Агар ўғли олим бўлиб етишмаса, унда албатта невараси олим бўлади, - деганлар.
Устознинг меҳру муҳаббатига, эътиборига лойиқ бўлишни истаган шогирд аввало қуйидагиларга амал қилмоғи лозим:
• Устознинг олдига тушиб юрмаслик;
• Устознинг ўрнига ўтирмаслик;
• Ҳузурларида рухсатсиз гапирмаслик;
• Малол келадиган бўлса, дарс вақтида кўп савол бермаслик;
• Дарсдан ташқари саволни вақтида сўраш қоидаларига риоя қилиш;
• Дарсга кеч ёки барвақт келиш;
• Устозни безовта қилмаслик;
• Устознинг эшикларини тақиллатмаслик, балки ўзлари келишларини ёки чиқишларини сабр қилиб кутиш.
Мазкур амалларнинг самараси - устознинг розилигини топиш, кўнглида муҳаббат пайдо қилишдан иборат. Шунингдек, норози қилиб қўйишдан, ғазабидан сақланиш ҳам ҳосил бўлади.
Устоз гуноҳ ва маъсиятга буюрмаса, барча фармонларига итоат қилмоқ, сўзсиз бажармоқ шартдир. Шогирд устозига ўзини доим бўйсунган ҳолда кўриши илм ҳосил этишининг омилидир. Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):
- Холиққа, яъни Аллоҳ таолога осий ва гуноҳкор
бўладиган ишда маҳлуққа, яъни бирор кимсага итоат йўқ, - деб огоҳлантирадилар. Демак, бундан бошқа барча буйруқ ва кўрсатмаларини сидқидил билан адо этиш билан устозининг ризолигини топади.
Зеро, илм Аллоҳнинг мулки ва улуғ неъмати бўлиб, ўзи саралаб олган бандаларига инъом қилади. Шундай экан, Жаноб Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак ҳадислари маъносига кўра, толибга уч турли кишиларнинг дуолари билан илм ҳосил бўлади: устози, ота-онаси ва ўзининг кечалари шикасталик билан қилган ибодатлари, дуолари натижасида унга илм ҳосил бўлади.
Китоб ўқиш, дарс тайёрлаш, сабоқ олиш, муколама қилиш кабилар билан ҳам, илм ҳосил қилиш мумкин, лекин у ёдда қолмайдиган, ёки зарур вақтда фойда бермайдиган илм бўлади.
Огоҳ бўл! Устознинг розилиги, дуоси сенга сув ва ҳаводек зарур, шунингдек, келажагингда асосий саодат пойдеворидир.
Устозни ҳурматини ўзида касб этган амаллардан яна бири устознинг фарзандларини, яқин бўлганларини ҳурмат қилиш, одоб сақлаш ҳисобланади. Шайхул ислом «Ҳидоя» китобининг соҳиблари, устоз Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари ҳикоя қиладилар:
- Бухорои шарифнинг катта алломаи киромларидан бири дарс ҳалқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўярдилар. Зийрак толиблари бунинг сабабини сўрадилар. У зот камоли эҳтиром билан:
- Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳ ўйнаб эшик олдига келсалар, дарҳол устозимни ҳурматлари учун ўрнимдан туряпман, - деб жавоб бердилар.
Яна ҳикоя қиладиларки, Имом Бухорий ҳазратлари (раҳимахуллоҳ) бир муддат Маккаи Мукаррамада дарс ўтаганлар. Бир зиёратчи Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб олиб келадилар. Шунда, устозларининг юртидан келганларини билиб, қучоқ очиб кўришиб, ҳурмат изҳор қилганлар. Сўнг, салом хабарини эшитганларида, Бухорои шариф томонига юзланиб, саломга алик олиб ҳурмат бажо келтирганлар. Кейин мактубни икки қўллаб олиб, табаррук қилиб, эҳтиром билан хатни ўқиганлари айтилади.
Қаранг, қандай ибратли воқеа бўлган экан, устоз ҳазратлари узоқда, ғойиб бўлсаларда, хузурларида тургандек хурмат бажо келтирдилар. Балки улуғ алломаи замонларнинг ўз даврида етишган баланд илмий даражаларининг омиллардан бири шу бўлган бўлса, ажаб эмас.
Ҳозирги толиби илмларимиз ҳам шундай омиллардан баҳра олиб, яна диёримиз шуҳратини илму тараққиёт соҳасида кўкларга сарафроз этадиган уламои замонлар бўлиб етишсалар эди, Жанобимиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг:
«Дунёга таълим берувчилар бу томондан чиқади», - деган башоратлари яна исботини топган бўлур эди.
Ҳазрат қози Имом Фахриддин ал-Арсобандий Марв вилоятида барча имомларнинг раиси эдилар. Марвнинг султони бу зотни ғоятда хурматлар эдилар ва:
- Фақатгина устозимнинг дуолари шарофати билан бу мансабга эришдим. Ҳурматларини ўринлатишга ҳаракат қилдим. Ҳазрат устозим қози Имом Абу Язид ад-Даббусий (раҳимаҳуллоҳ)нинг хизматларида қуш мисоли учар эдим. Кийимларини ювиб, пойабзалларини тозалаб, таомларини ҳозирлар, устозим овқатланиб бўлгунларича, ўзим тановул қилмас эдим, - деб ёд этадилар.
Яна бир улуғ зот ушбу воқеани айтиб берганлар. Шайхул Ислом буюк имом, шамсул аимма ҳазрат Халво-ний маълум бир сабаб туфайли, Бухорои шариф атрофидаги қишлоқларнинг бирида бир неча кун яшаганлар. Шогирдларидан Шайхул Ислом, Қози Абу Бакр аз-Заранжий ҳазратларидан бошқа барчалари келиб, устозларини зиёрат этдилар. Кунларнинг бирида устоз бу шогирдни учратиб қолиб:
- Нега мени зиёратимга келмадинг? - деб, маломат билан кўнгилларидаги муҳаббатнинг дарз кетганига ишора қилдилар.
- Мен мунис онажонимнинг хизматлари билан машғул бўлиб, зиёратингизга кела олмадим, - деб узр сўрадилар.
- Умрингизнинг узоқ бўлишига насиба олибсиз, аммо илмингиз равнақи, дарсингиз ривожини ризқлантира олмабсиз, бу насибадан бебаҳра қолибсиз, - деган эканлар. Худди мана шу сўзларнинг исботи юз бериб, бу зот кўп вақтларини қишлоқларни кезиш, шу ерларда яшаб, дарс бериш ва дарс олиш имкониятларидан маҳрум бўлган эканлар.
Қиссадан ҳисса, ким устозини норози қилса, унга озор берса, илм баракотларидан маҳрум бўлади ва илм-дан фойда топмайди. Агар топса ҳам, йўқ ҳисобида фойдаланиши мумкин.
Иззатталаб бўлмас муаллим, табиб,
Шу ишдан элда бўлдилар ҳабиб.
Иззату ҳурматинг ҳайтар бўлиб саодат,
Андишасиз ҳадаминг ўзингга ҳабохат.
Огоҳ бўлки, муаллим ва табиб,
Ҳеч ҳилмаслар талаби иззат,
Қилмаслар буни панду насиҳат,
Қадринг билгил, эҳтиромлар кўрсатиб,
Устоздан ноил бўл икки олам саодатин,
Табибдан ол дардинг давосин.
Гар жоҳиллик ва кибр ила жафолар берсанг, эй, азизим Бахтинг қаролигига ва дардинг аламига сабр косасин ол.
- Эй, шогирд! Эй, бемор! Мени ҳурмат қил, одоб-ахлоқингни тузат, - деб насиҳат қилмайдилар.
- Эй инсон, ахир ҳаётинг, дунё ишларинг, охиратинг, келажагинг менинг қўлимда, унга мен туфайли эришасан, ишларингни оқибатини ўйлаб қилгин, - деб ва шу каби кўрсатмаларни бермайдилар. Беодоблик қилиб, уларни ранжитдингми, қўполлигинг билан уларга азият етказдингми, ўз дардингга, касалингга сабр қил, оғриқларига чида! Ёки, ўзингни жоҳиллигингга қаноат қил!
Ҳикоя қилибдурларки, ҳазрат Ҳорун ар-Рашид ўғилларини имом Асмоъий (раҳимаҳуллоҳ) ҳузурларига илм ва одоб ўрганмоғи учун юбордилар. Бир куни устоз ҳазратларининг таҳорат олаётганларини кўриб қоладилар. Ўғиллари эса оёқларига сув қуяр эди. Шунда халифа ҳазратлари имом Асмоъийни итоб (уришиб) ва маломат қилдилар.
- Мен сизнинг ҳузурингизга ўғлимни илм ва одоб ўргансин деб жўнатган эдим, шундай экан нима учун бир қўли билан сув қуйиб, бошқаси билан оёғингизни ювишни буюрмайсиз?! - дедилар.
Демак, устоз ҳурматига риоя қилмоқ, хизматларига қоим бўлмоқ, унинг кўнглида муҳаббат ва ризолигини топиш ҳар бир талабанинг ҳаётий вазифасига айлан-моғи керак экан. Бу эса, илмидан ўзи ҳам, бошқалар ҳам манфаат топишига асосий омиллардан биридир. Толиб бу юксак бурчни ихлос ва самимият билан ёндошгандагина, самарасидан баҳра олишга эришади.
Энди илмни эъзозлаш, уни улуғлаш ҳақида фикр юритсак. Илмнинг булоғи ҳисобланган устоз, муаллим ҳазратларини ва уларнинг мақомларида бўлган ҳар бир кишини ҳурмат қилиш ҳам илмнинг таъзими бўлади. Албатта, илм булоғи ва манбаи китобдир. Демак, китобга аҳамият бериш, уни озода ва кўркам тутиш, фахр билан кўтариб юриш, покиза ва баланд жойларга қўйиш нафақат унинг ҳурмати, балки илмни улуғлаш ҳисобланади.
Шунингдек, китобни аста варақлаш, имкон қадар бир очишда керакли саҳифани очиш ва зарур бўлганда китобни варақлаш ҳам илмни улуғлаш жумласига киради.
Китобни варақлашда китоб варақларини ғижимлаб, буклаб, бармоғига туфлаб варақлаш ношоиста ишдир. Китоб ва дафтар устига жилд ва ғилоф тутиш мўътабар амалдир. Зеро, китобни улуғлаш илмни улуғлаш экан, талаба китобни ҳар вақт таҳорат билан ушламоғи керак бўлади. Бу ишга одатланиши ўзига фойдадир.
Шайхул Ислом, имом Халвоний ҳазратларидан ҳикоя қиладиларки, ул зот:
- Мен бу илмга фақат уни ҳурмат қилиб эришганман! Қоғозни доим таҳорат билан олар, бетаҳорат китобга яқин келмас эдим», - деганлар.
Шайхул Ислом, Шамсул аимма, имом Сарахсий ҳазратлари кунларнинг бирида қорин оғриғи касаллиги билан оғридилар. Ўша кечаси таҳоратларини такрор-такрор янгилаганлар. Хуллас, ўн етти бора таҳорат ол-ган эканлар. Чунки бу зот илмларини фақат таҳоратда қайтарар эдилар. Зеро, илм нурдир, таҳорат эса поклик ва нурдир. Икки нур бир-бирига қўшилиб, нурлар янада зиёда бўлади. Таҳоратнинг нури илм нурининг зиёсини кўпайтиради.
Риоя этилмоғи ниҳоят зарур бўлган амаллардан:
- узрсиз қиблага ва китобларга оёқ узатмаслик;
- тафсирга оид китобларни барча китобларнинг устига қўйиш ва уларнинг устига бошқа китоб ва бирон нарса қўймаслик ҳисобланади.
Шайхул ислом, устоз Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари ҳикоя қиладилар:
- Бир фақиҳ, олим киши сиёҳдонини китоб устига кўяр эдилар. Шунда ул зотга форс тилида «Бар на ёбий, яъни ўсмайсан, камол топмайсан», - деган эканлар.
Мазкур масалада Фахри ислом, Қозихон номи билан машхур, устоз Алийюл қори ҳазратлари шундай деганлар:
- Агар бу иш билан китобни хорлашни, менсимасликни ирода қилмаган бўлса, унда зарари йўқ. Лекин бу ишдан ҳам сақланмоқ яхшироқдир.
Илмнинг улуғланишига юз тутадиган амаллардан яна бири - ёзувини озода, кўркам ва хусни хат билан ёзиши саналади. Бундан мақсад, ёзган ёзувларидан келажакда ўзи ҳам, бошқалар ҳам ўқиб фойдаланишларини таъминлайди.
Шунингдек, майда ёзмаслик, қисқартмаслик, фақат ўзига маълум бўлган белги ва ишоралар қўлламаслиги ҳам илмни ҳурматлаш ҳисобланади. Ёзганда эса, баъзи ишора ва аниқликларни киритиш учун ва майда ёзувлар қилиш учун ҳошия қолдиради.
Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимахуллоҳ) ҳазратлари майда ҳарф билан ёзаётган бир котибни кўриб, насиҳат қилган эканлар:
- Эй котиб! Майда хат билан ёзма! Ўзинггина биладиган қисқартмаларни киритма! Агар узоқ яшаб, ўз хатингни қўлингга олсанг, надомат чекасан! Агар вафот этсанг, сендан норози бўладилар, қарғайдилар.
Бу сўзнинг маъноси, агар улуғ ёшга етишни Аллоҳ насиб этса, қарилик неъмати ўз ҳикмати билан кўзингнинг нурини заифлаштиради ва ўзинг билган қисқартмаларингни ҳам ёдингдан кўтаради. Шунда ёзганла-рингни ўқий олмай, ўзингни маломат ва мазаммат қиласан. Бу ишингга надомат чекасан. Вафотингдан кейин, хатингни ўқий олмаган кишилар сени сўкадилар ва мазаммат қиладилар.
Шайхул ислом, Мажидиддин, имом Сарахсий (раҳимаҳуллоҳ) ҳазратлари:
- Нимани майда ва қисқартириб ёзган бўлсак, келажақда унга надомат ва ҳасрат чекдик. Нимани ўзимизга танлаб олган бўлсак, унга ҳам ҳасрат ва надомат чекдик. Ниманинг қадрига етмаган бўлсак, шунингдек, нимани яхши-ёмонлигини фикрламаган бўлсак, шуларга ҳам кўп надомат чекдик, - деган эканлар.
Демак, илм толиби ўз хусни хати устида ишламоғи, хатига ҳамма вақт бошқалар ҳам тушуна оладиган бўлишига эришиши керак. Ниҳоят ёзишда турли қисқартмалардан сақланмоғи, илм ва аҳли илмни хурматлаши ва улуғлаши ҳисобланади.
Китобнинг кесими тўртбурчак бўлмоғи керак, чунки тўртбурчак кесим ҳазрат Имом Аъзам Абу Ҳанифа (раҳимахуллоҳ)нинг кесимларидир. Тўртбурчак кесимли китоб кўтаришга, қўйишга, мутолаа қилишга енгил ва қулайдир.
Илм толиб шерикларини ва бошқа талабаларни ҳам ҳурмат қилмоғи, уларга раҳм-шафқат, иззат-икром ва ёрдамини кўрсатиши керак бўлади. Зеро, мазкур ишлар ҳам аслида илмни ва илм ахдини ҳурматлашга киради.
Шерикларининг қатъийликлари билан қилинган дарс ва муколамаларнинг самараси ўлароқ, илм пишийди, уни пухта эгаллайди.
Китобни бекордан-бекорга варақлаш мазмум (ёмон кўрилган) ва макруҳ амалдир. Аммо китобини устозига ёки шерикларига очиб бермоғи, фойдаланиш учун бўлса керак ва лозим бўлади.
Талаба олаётган илмини ва ҳикматларини чуқур эҳтиром билан эшитмоғи лозим. Агар бир масалани минг маротаба эшитишга тўғри келса, ҳар вақт бутун вужудини қулоқ қилиб, жони билан эшитмоғи керак бўлади. Бу ҳақда донишмандлар нақл қиладилар:
- Агар толиб бир масалани минг марта эшитганда ҳам уни биринчи эшитгандек, таъзим билан эшитмаса, у аҳли илм бўла олмайди.
Чунки илм такрор билан пишиқ ва пухта бўлади. Араб мақолларида: «Ҳамма нарса сарфлаш билан завол топади, фақат илм қанча сарфланса шунча зиёда бўлади», - дейилади.
Толиби илмни бирор илм турини ўзи ихтиёр қилмоғи дуруст эмас. Масалан, устоз ҳузурларига келиб: «Менга мана бу китобдан таълим беринг», - дейиши тўғри эмас. Балки, қайси илмни таълим олишини устознинг ўзларига топширмоғи энг афзал йўл бўлади. Чунки устоз бу соҳада анча тажрибали бўлиб, талабага қандай илм, қандай китобни ўқиш лойиқлигини яхши билади. Шунинг учун ҳам толибнинг мақсадлари рўёбга чиқишида фойдаси аниқроқ таълимни амалга ошира билади.
Шайхул ислом, ҳақ таолонинг ва диннинг ҳужжати, устоз Бурҳониддин Марғиноний ҳазратлари (раҳимаҳуллоҳ):
- Аввалги замон толиби илмлари мазкур ишларни устозга топширар эдилар. Шул сабаб ўз мақсаду муродларига эришар, устозларининг илму урфонларидан ўзлари ҳам, ўзгалар ҳам баҳраманд бўлар эдилар. Ҳозир эса, талабалар қайси илмни ўқишни ўзлари ихтиёр қиладилар. Худди танлаган илму китоблари уларга кўпроқ фойда ва наф беришини ўзлари яхшироқ биладигандек, бу соҳани ўргатинг, деб илм навини танлайдилар. Шунинг учун ҳам илм ва фиқҳ соҳасидаги мақсудлари ҳосил бўлмайди. Илмлари фойда берувчи, манфаатли бўлмайди.
Ҳикоя қилишларича, барча муҳаддис олимлар пешвоси, буюк ватандошимиз имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий ҳазратлари машҳур фиқҳ олими имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ҳазратларида фиқҳ илмидан таълим олганлар. Намоз аҳкомлари баён қилинган китобга келганларида, устозлари:
- Сиз ҳадис илмини ўқинг, ҳадисга оид илмларни ўрганинг! - деган эканлар.
Тажрибали, шогирднинг келажагига ёрқин назар сола оладиган устоз сифатида унинг табиатига мос ва иқтидорига лойиқ келадиган илм ҳосил қилишни тавсия қилдилар. Ҳазрат Имом Бухорий (раҳимаҳуллоҳ) шундан сўнг ҳадис илмини талаб қилдилар ва келажакда ҳадис илми олимларининг пешвоси ва амири даражасига етдилар.
Дарс олиш, сабоқ вақтида шогирднинг устозига жуда яқин ўтириши яхши эмас. Балки, устоз ва шогирд ўртасидаги масофа бир камоннинг узунлиги миқдорича бўлиши керак. Бу улуғлашга лойиқроқдир.
Барча аҳлоқи замималардан, ёмон хулқу ҳаракатлардан толиби илм сақланмоги керак. Безбетлик, бадфеъллик, фаросатсизлик, дангасалик, кибр, манманлик, қўпол муомала, нопоклик ва бошқа барча ношоисталиклар, киши кўнглида нафрат, ёмон таассурот қолдирадиган хислатлардир. Чунки бундай кишиларда фаришта, юзида нури бўлмайди. Ваҳоланки, жаноб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳазратлари:
- Аллоҳнинг раҳмат фаришталари сурат ва ити бор хонадонга кирмаслар, - деб огоҳлантирадилар.
Ит ва сурат туфайли уйга фаришта кирмаса, ахлоқсиз кишиларни маънавий қашшоқ, ички дунёси тубанлашган, ўзлигини билмаган итларга ўхшатишлари бежиз эмас экан.
Айтишларича, илм ҳам, касбу ҳунар ҳам толибига фариштанинг воситасида ҳосил бўлар экан. Бу нуроний зотлар эса, инсон ҳар жиҳатдан - моддий ва маънавий покиза бўлсагина, унга қўнадилар. Инсоннинг муродига етказишда ўз файзу футуҳлари билан ривож берадилар.
Ахлоқи замималарни ахлоқ-одобга оид китоблари-дан билиб олиш мумкин. Улардан сўз очсак, китобимиз чўзилиб кетади. Аммо, кибру ҳавога, манманлик, гердайишу кеккайиш тўғрисида тўхталамиз.
Маълум бўлсинки, кибр билан илм зинҳор ҳосил бўлмайди. Донишмандлар бу ҳикматни шундай баён қилганлар:
- Илм олийликка интилувчи учун гўё жанг қуролидир. Жанггоҳда эса, қуролни моҳирона ишлата олмасанг, ҳалок бўласан. Яъни мақсадинг ҳам ҳосил бўлмайди.
Сел баланд жойларни хароб қилиб, текислаб юборганига ўхшайди. Илм ҳам инсондаги кибрни сел баландликни бўйсундириб, текислаб юборгани каби йўқотиб юбориши керак.
Ҳар шону шараф, шавкатга жидду жаҳд, меҳнат билан эришилади. Унга ота-боболарнинг хизмати билан ҳеч қачон эришиб бўлмайди. Шон-шарафга, улуғликка жиддийликла эътибор бермаса бахт бўлурми?! Қанча бахт-саодат топган қуллар борки, улар ҳур инсонлар даражасида, яна қанча бахтини топмаган, омади чопмаган озод кишилар борки, ўзларини қулдек тутадилар ва улар қулнинг даражасидадирлар.
Талаба илму ҳунарга ноил бўлишида турли кишиларнинг муносабатини аҳамияти бор. Аввало ота, сўнг онанинг ризолиги, дуолари ва албатта, фарзандини қўллаб, қизиқтириб боришлари билан, учинчидан устознинг меҳру муҳаббати, самимий таълими ва ўзининг шогирддан ҳам, берган билимидан ҳам рози бўлишида келажак учун зарур асос бор. Қолаверса, шогирд ҳаққига қилган хайрли дуоси шарофати билан мақсад-муродлари ҳосил бўлади. Тўртинчи, толибнинг ўзидан бўладиган жидду жаҳд, астойдил ҳаракати, юксак савиядаги одоби билан ният қилган манзилига бардам қадам ташлайди.
Ҳаёт тажрибалари кўрсатадики, ҳар бир илму ҳунар изловчи мана шу фойдали кўрсатмаларга амал қилиб, орзу ва умидларига етиши шубҳага қолмайди. Шунинг учун уларни ўз аҳамияти, мақоми бор ва буларга жиддийлик изҳор қилиш қиймати беназирдир. Кейинги фаслда бу ҳақда кенгроқ сўз юритамиз, иншааллоҳ!
Имом Зарнужийнинг
"Илм олиш сирлари" китобидан