loader
Foto

Ошиқлар изидан

Ахир у бизга ҳақиқатни етказиш учун ўзини аямаган ва мўминларга нисбатан марҳаматли бўлган. Ҳаттоки пайғамбарлар ҳам ўзини қутқаришни сўраб дуо қиладиган кун учун Аллоҳ инкор этмайдиган шафоатини бизларни ҳимоя қилиш мақсадида асраб қўйганку. Аллоҳ унга мамнун бўлишини ваъда қилган, у эса унинг самимий издошлари жаҳаннамда азобланар экан ҳеч ҳам мамнун бўлмайди. У содиқ дўст, ишончли ўртоқ ва меҳрибон муаллим бўлган. У ўз сафдошларига ўта самимият билан муносабатда бўлар ва ҳаттоки улар орасидаги кўримсизларига ҳам эътибор қаратар эди. У ўзида бор бўлган барча нарсаларни улар билан бўлишар ва сафдошлари ҳам унга худди шундай жавоб қайтаришарди.

Улар ўзларининг авлодларига қанчадан – қанча хайратланарли садоқат ва ўзини қурбон қилиш намуналарини қолдиришган! Мана Абу Бакр Сиддиқ розиллоҳу анҳу мушриклар уни ўлдирар даражада уриб ташлагач, ҳушига келиб биринчи навбатда “Аллоҳнинг росули қандай?” дея сўраган. Мана Али ибн Абу Толиб розиллоҳу анҳу мушриклар бу кеча уни ўлдиришни аҳд қилишганини билган ҳолда унинг тўшагига ётган. Мана Талха ибн Убайдуллоҳ розиллоҳу анҳу Уҳуд жангида уни ҳимоя қилиш учун кўкрак тутган ва яраланиб, қўли фалаж бўлиб қолган. Мана Абу Убайда ибн Жаррох розиллоҳу анҳу юзларига ёпишиб қолган халқани суғуриб олар экан икки олдинги тишларини йўқотган. Мана Сумайро бинт Қайс розиллоҳу анҳо икки ўғлидан жангда жудо бўлиб, росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ярадорлар орасидан топиб: “Сиз тирик экансиз, ё Аллоҳнинг росули, ҳеч қандай бошқа мусибат мусибат эмас” дея хайқирган. Мана Билол ибн Рабох розиллоҳу анҳу унинг исмини тилга олишдан базўр кўз ёшларини тия олган ва у зотнинг вафотларидан кейин намозга азон чақиришдан бош тортган. Улар Аллоҳнинг росули соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳаётлик даврларида ҳамрохлик қилишган ва қайта тириладиган кунда ҳам бирга бўладилар.

Биз у кун учун нима ҳозирлаб қўйдик? Биз росулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузларидан сув ичиш ва бошқа чанқоқ нима эканлигини ҳис қилмаслик учун нимани қурбон қилаяпмиз? Биз Аллоҳга ибодат қилганимизда, меҳнат қилганимизда ёки дам олганимизда унга эргашаяпмизми? Қариндошларимиз ва қўшниларимиз билан улар муомала қилгандай муносабатда бўла олаяпмизми? У яхши кўрганларни ва яхши кўришга буюрганларни биз ҳам яхши кўраяпмизми?

Саҳобалар орасида яшашни хоҳлашини айтиб юрадиган бир яхши акахоним кунларнинг бирида ажабланарли туш кўрибди. У росулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу аълайҳи васаллам ва бир нечта саҳобалар билан бир машинада кетиб борар экан. Машина тоғга қараб илгарилаётганда мотор ўчиб қалибди ва у пастга қайтиб туша бошлабди. Бизнинг акамиз тош топиш ва машина ғилдираклари остига қўйиш учун машинадан ирғиб тушибди. Тош олиб қайтганда эса саҳобалар машина ғилдираклари остига ўз бошларини қўйганлигига гувоҳ бўлибди.

Бир укахоним, росулуллоҳга бўлган муҳаббати жуда чексиз, ҳеч кимга билдирмай доим саловат айтиб юради. Тушларида ҳам росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўриб турарканлар. Яқинда укахоним росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламга 300 минг саловат айтишни ният қилганини билиб қолдим. Бу ҳам муҳаббатдан бўлса керак...

Сиз халиям саҳобалар орасида яшашни ҳохлайсизми? Аллоҳга қасамки, ҳар биримизда Жаннатда уларнинг ёнидан жой олиш имкони мавжуд! Лекин биз таъминотимизнинг атиги бир қисмини пайғамбаримиз ишига кўмаклашиш учун қурбон қилишга тайёрмизми? Унинг буйруқларини сўзсиз бажариш ва унинг сўзлари учун ўз нафсимизга қарши боришга тайёрмизми?



Хайр – эҳсон, садақа қилиш ҳақида оят нозил бўлганда, баъзи саҳобаларнинг бу буйруқни бажариш учун ҳеч вақолари бўлмаган. Абу Масъуд Ансорийнинг баён қилишича, шунда улар ҳеч бўлмаганда бир ҳовуч буғдой эҳсон қилиш учун бозорга бориб ҳаммоллик қилишган. Биз Аллоҳ ва унинг росули соллаллоҳу аълайҳи васалламнинг буйруғини эшитганда қандай йўл тутаяпмиз? Уларни бажаришга шошиляпмизми ёки ўз нафсимизга қулоқ солиб ҳар хил баҳоналарни ўйлаб топяпмизми?

Аллоҳнинг марҳамати ва мағфиратига эришиш учун мусулмон деб аталишнинг ўзи кифоя эмас. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас»- дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!»-дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади»-дедилар. (Бухорий ривояти)

Ким Аллоҳнинг ҳисобсиз неъматларидан фойдаланган ҳолда Унга ибодат қилмас экан, у жаннатдан воз кечган бўлади. Ким Аллоҳдан эмас, балки ўлган авлиёлардан шифо сўраб дуо қилар экан, у жаннатдан юз ўгирган бўлади. Ким мунозарали масалаларда Қуръон ва суннатга мурожаат қилмас экан, жаннатдан воз кечган бўлади. Ким инсонларга тили ва амали билан зиён етказар экан, улар ўртасига фитна уруғи экар ва иғво тарқатар экан, жаннатдан воз кечган бўлади. Унга тўғри йўл тушунарли бўлгандан кейин ҳам жаннатдан воз кечадиган инсон ўзини айбласин!