loader
Foto

Мақом севгисининг давоси

Эй солиҳ банда! Мақом ва мартаба севгиси бир хасталикдир. У риё, нифоқ, ёлғон, ҳийла, айбларни бекитиш ва хасислик каби ўнлаб гуноҳларга васила бўлади. Мансабпарастлик - дунёпарастликдан ҳам ёмон иллат. Мол-дунё ва мавқени ози дин ишларига ёрдам беради, лекин фақат ўз нафси учун топилган бундай бойлик инсонга зарарлидир. “Одамлар мени нима деб гапиряпти экан? Мен ҳақимда қандай гаплар юрибди?” деб ўйлайверган одам ҳирс ва нафс бандасидир.

Ушбу касалликнинг шифоси яна илм ва амал уйғунлигидадир.

Илм шифоси. Инсон, энг аввало, динини саломат сақлаш учун ҳаракат қилмоғи жоиз. Агар дунё бойликлари унинг учун хавф-хатар туғдирса, ундан воз кеча билиш керак. Одамларнинг кўнглиги ёқиш учун ҳаракат қилган инсон охир-оқибат хор ва ҳақир бўлади. Ҳийла-найранглар ва азоб-уқубатлар ичида қолади. Агар душманларидан енгилса, залолатга ботади. Душманларига устун келиши ҳам таҳликалидир. Одамларнинг кўнгли денгиз тўлқинларидек шиддатли ва айни пайтда тез ўзгарувчандир. Бундай мақом ва иззат заифдир. Бошлиқларнинг кўнглига ёқаман, деб уринган кимса тезда уларнинг кўнглидан қолади. Киши ҳеч қачон бир амалда бардавом ўтирмайди. Мансабидан айрилиб қолмаслик туйғуси уни бир лаҳза бўлсин, тарк этмайди. Тунлари тинч ухлай олмайди. Юраги доим сиқилиш ва азобда қийналади. Бугунги кунда ақли паст кишилар ҳам бу масалани ойдек равшан тушунадилар. Ақлли инсон бутун мамлакат унга бошдан-оёқ таслим бўлганда ҳам, халққа бош бўлишга розилик бермайди. Бир неча кун учун абадий саодатни қўлдан бой беришни танламайди. Чунки бир кимса кўнглини мансаб ва мартабага боғладими, бас, ундан Ҳақ таолонинг дўстлиги маҳв бўлади. Кўнгли Аллоҳ азза ва жалладан бошқа нарсага боғланган кишининг охират азоби узоқ давом этади.

Амалий шифо икки турга бўлинади: кимники бирор юқори мансаб курсисига ўтқизишмоқчи бўлса, у ердан қочиб кетиши керак. Қатъий чора шудир. Агар у одам таркидунё қилса, “Фалон киши бир бурчакка суқилиб олди”, дейишдан ҳам тойишмайди. Бу ҳам ёмон. Чунки гап-сўз ҳам инсонни қайғу ичига солади.

Агар уни бирор гуноҳ билан айбласалар, одамлардан уялганидан ҳам узр сўрайди. Бу ҳам мансабпарастликнинг бир кўринишидир.

Амалий шифонинг иккинчи тури - одамларнинг кўзидан қочиш, лекин бу ҳаром ейиш дегани эмас. Вақтики, бир шаҳарнинг бойи бир зоҳидни зиёрат қилиш, дуоларидан баҳраманд бўлиш учун уни кўргани келди. Зоҳид бунинг хабарини эшитиб, нонни катта тишлаб сариёғ билан паққос тушира бошлади. Бой бу ҳолатни кўриб, зоҳидга бўлган ихлоси сўниб ортига қайтди.

Яна бир бошқа одам шаҳарда ном чиқарди. Халқ уни мақтай бошлади. Бир куни у ҳаром ишга қўл урди. Ҳаммомдан бировнинг кийимини ўғирлаб кетди. Уни қувлаб етдилар ва роса дўппосладилар. Бироз аввал энг ҳурматли кишиларини “Ўғри” деган тамға билан четлатдилар. Бошқа бир киши эса одамлар шароб деб ўйлашсин, дея бир қадаҳни олиб, унга сариқ рангли сувни қуйдида, ичди. Мақом ва улуғликни кетказиш учун қилинган бундай саъй-ҳаракатларга мисоллар тарихда жуда кўплаб топилади.

Имом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг

"Қалбнинг давоси" китобидан