Мўминга гуноҳлари зарар қилмайди, мўмин дўзахга кирмайди, демаймиз. Гуноҳкор мўмин фосиқ бўлса ҳам, дунёдан имон билан ўтгандан сўнг дўзахда абадий қолади, демаймиз.
Биз, муржиа тоифасидагилар каби, яхшиликларимиз қабул (мақбул), гуноҳларимиз мағфур (кечирилган), демаймиз. Балки ким бир яхши, солиҳ амални шартларига мувофиқ, бузувчи айблардан, (савобини) йўқ қилувчи маънолардан холи қилса ва дунёдан ўтганича уни (ширк, куфр билан) зое қилмаса, Аллоҳ таоло албатта қабул қилади ва унга савоб беради, деймиз. Ширк ва куфрдан бошқа гуноҳларни қилиб, тавба қилмай дунёдан имон билан ўтган киши Аллоҳ таолонинг машиатида бўлади. Аллоҳ таоло хоҳласа уни азоблайди, хоҳласа уни кечиради. Оташ (дўзах) билан уни абадий азобламайди.
Шарҳ: Биз, аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги мусулмонлар, мўминга гуноҳлари зарар қилмайди, гуноҳкор мўмин дўзахга кирмайди, демаймиз. Муржиа, мулҳидлар ва ибохиялар (барча нарсани ҳалол дейдиганлар) гуноҳкор мўмин жаҳаннамга кирмайди, дейишади.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур” (Нисо сураси, 48-оят). Шу ояти каримага асосан биз аҳли сунна вал жамоа эътиқодида бўлган мусулмонлар гуноҳкор мўмин Аллоҳ таолонинг машиатида бўлади, тавба қилмай дунёдан ўтган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечиради, деймиз. Агар, банда тавба қилса, Аллоҳ таоло унинг ширк ва бошқа бошқа гуноҳларини ҳам мағфират этади.
“Шарҳул мақосид”да бундай дейилган: Уламолар тавба қилган кишининг азобланмаслигига иттифоқ қилишган. Чунки ҳадиси шарифда бундай дейилган: ‘Туноҳидан тавба қилган гуноҳсиз кабидир” (Ибн Можа, ж.11, с.1420, К.Зуҳд, Ҳ. № 4250).АЛЛОХ, таоло бундай марҳамат этади:
“У (Аллоҳ) бандалари тавбасини қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир” (Шўро сураси, 25-оят).
Баъзилар имон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқ этиш экан, тили билан иқрор бўлиб, қалби билан тасдиқлаган киши куфр ишлар ва куфр сўзлар билан Аллоҳ таолони очиқ инкор қилмаса ё Унинг борлигида шубҳаланмаса кофир бўлмаслиги керак, деб эътиқод қилишади. Уларнинг эътиқоди ботилдир. Чунки Аллоҳ таоло баъзи гуноҳларни (куфр, кофирлик) белгиси қилгани хусусида ихтилоф йўқ. Шунингдек, баъзи амаллар, масалан, бутларга сажда қилиш, Мусҳафни ифлос жойларга ташлаш, куфр калимасини талаффуз қилиш каби амаллар қатъий шаръий далиллар билан куфр эканлиги ҳам маълумдир.
Мўътазилалар бундай дейишган: “Уммати Муҳаммадий катта гуноҳ қилган киши фосиқ эканлигига иттифоқ қилишгач, у (катта гуноҳ қилган) мўминми ё кофирми ёхуд мунофиқми? (бўлиши) хусусида ихтилоф қилишган. Аҳли сунна наздида у мўминдир, хорижийлар наздида у кофирдир. Ҳасан Басрий наздида эса у мунофиқдир. Мўътазилалар бундай дейишади: “Ихтилоф қилинганни олмай, катта гуноҳ қилган киши на мўмин бўлади, на кофир бўлади дедик”. Мўътазилаларнинг у сўзлари ботилдир, асоссиздир. Чунки салафи солиҳ уламолар имон ва куфр ўртасида ҳеч қандай мақом йўқлигига иттифоқ этишган. “Ал-Бидоя”да Ҳасан Басрийнинг: “Катта гуноҳ қилган мунофиқдир”, деган сўзларидан қайтгани ривоят этилган. Мўътазила билан хорижийлар мусулмонлар ижмосидан хориждир, ташқаридадир. Шунинг учун уларнинг сўзлари эътиборга олинмайди.
Биз, аҳли сунна ва жамоа эътиқодидаги мусулмонлар муржиа тоифаси каби қилган яхши амалларимиз мақбул, гуноҳларимиз албатта афв этилади, демаймиз. Балки бундай эътиқод қиламиз: ким бирор яхши, солиҳ амални шартларига мувофиқ, бузувчи айблардан ва йўққа чиқарувчи (куфр, ширк) маънолардан холи қилса ва дунёни тарк этгунга қадар уни куфр ё ширк билан зое қилмаса, Аллоҳ таоло унинг у амалини бекор қилмайди, фазлу карами билан қабул қилади ва унга савоб беради. Аллоҳ таолога ширк келтирмай, гуноҳларига тавба қилмасдан мўмин ҳолда ўлган киши Аллоҳ таолонинг машиатида бўлади, хоҳласа уни афв этади, истаса унга азоб беради, лекин уни жаҳаннам оловида абадий қолдирмайди.
Имом Абу Ҳанифанинг
"Ал-Фиқҳ ул-акбар ва унинг шарҳи" китобидан