loader
Foto

Ғафлат

Қуръони Карим ғафлатдан қаттиқ қайтарган. Ҳатто ундайлар жаҳаннам ўтини бўлишларини, кўр туялардан ҳам адашганроқ эканини айтган.

“Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).

Қуръон ана шундай илмнинг мағзи-моҳиятини эмас, зоҳирини олувчиларни айблаб ай-тади:

“...Лекин кўп одамлар билмаслар. Улар Охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар”. (Рум сураси, 6-7-оятлар).

Аллоҳ таоло Ўз элчисига хитоб қилади:

“Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, ошкор бўлмаган сўзлар билан (яъни, дилдан) эрта-ю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг!”. (Аъроф сураси, 205-оят).

Бошқа оятда ҳам айтилади:

“...Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!”. (Каҳф сураси, 28-оят).

Бу умматнинг бошидан тоғларни титратгувчи ҳодисалар ўтсада, унга эътибор бермай, бир туки ҳам ўзгармаслиги, у бу воқеларни худди театрда бўлаётгандек ёки ўзи рол ўйнаётгандек қабул қилиши, сокин қолиши ҳақиқий балодир.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу шундай дуо қилганлар:

Аллоҳим, бизларни бало-офат ичида қолдирма, хавф-хатарга ташлама, бизларни ғофиллар-дан қилма.

Юсуф Қарзовийнинг

"Амалларнинг мартабаларини англаш" китобидан

Заҳириддин Мансур таржимаси