Мотуридия аталмиш ақидавий йўналишнинг асос ва қоидаларини Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи кашф қилган эмас. Чунки ақоиднинг асослари, арконлари ва бандлари унгача ҳам муайян даражада шаклланган эди. Ақида илми тобеинлар давридан бошлаб, яъни II ҳижрий асрда мустақил фан сифатида кўзга ташлана бошлаган.
Машҳур тобеинлардан Ҳасан Басрий (21/642-110/729 й.) ақида масалалари бўйича толиби илмларга сабоқ берган. Мўътазила оқимининг бошланиши ҳам ўша пайтда рўй бергани тарихий манбалардан маълум. Абу Ҳанифа (Имоми Аъзам) яшаган даврда эса ислом ниқоби остида турли оқим ва фирқалар юзага кела бошлаган. Мазкур оғиб кетган гуруҳлар билан курашиш учун энг аввало ақида мустаҳкам бўлиши зарур эди. Шунга кўра мазкур долзарб масалага Абу Ҳанифа бефарқ қараб тура олмаганлар. Улар ақида фанига оид биринчи асар - «Фиқҳи акбар», Усмон Баттий (Бустий)га ёзган раддия, ўзларининг бешта васиятномаларини ёзиб қолдирганлар. Демак, мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (раҳматуллоҳи алайҳ) нафақат фуқаҳолар пешвоси, шунингдек, ақида ва илми каломда ҳам камол топган буюк сиймолардан биридир.
Шайх Абу Мансур ҳазратлари диний таълимни ўз даврининг етук ҳанафий уламоларидан олганлари, диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга бўлганларини уларнинг ёзиб колдирган асарларидан билиб олса бўлади.
Шуни ҳам қайд этиш лозимки, Абу Мансур ҳазратлари яшаган даврда ақида уламолари икки асосий манбага суянганлар. Биринчиси - оят ва ҳадислар ҳамда саҳоба ва тобеинларнинг ижмоъ(Ижмоъ - [араб. - иттифоқ бўлиш, азму қарор қилиш] муҳокама этиладиган масала юзасидан мужтаҳидларнинг бир фикрга келишуви; фиқҳ манбаларидан бири. Барча мужтаҳидларнинг Пайғамбар (с.а.в.)дан кейинги даврларда бирор шаръий ишга яқдиллик билан иттифоқ қилишлари ижмоъдир.) ва ижтиҳодлари(Ижтиҳод - [араб. - ғайрат қилиш, интилиш] фақиҳ томонидан шаръий ҳукмни ҳосил қилиш учун барча билим ва тоқатини ишга солиш. Ижтиҳод шаръий ҳукми келмаган ишнинг махсус қоидаларни ишга солиб шаръий ҳукмини аниқлаш учун қилинади.), яъни нақлий далиллар. Иккинчиси - ақлий далиллар. Шайх Абу Мансур эса бошқаларга тақлид қилмасдан, нақлий далиллар билан ақлий далилларни уйғунлаштириб, ундан сўнг хулоса чиқарганлар.
Ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади. Ваҳоланки, салаф(Салаф - [араб. - аждодлар, аввал яшаб ўтганлар]. Пайғамбар (а.с.) замони ҳамда ундан кейинги даврда яшаган саҳобий, тобеий ва табаа тобеийлар «салафи солиҳ», яъни «солиҳ аждодлар» дейилади. Мазкур истилоҳ улардан кейинги даврларда яшаган мусулмонларга нисбатан ишлатилмаган.) уламоларининг кўпчилиги ушбу далилларни тан олмас, балки нақлий далилларнинг ўзи билан кифояланар эдилар. Шайх Абу Мансур эса, бу иккисидан ҳам муносиб равишда фойдаланиб, ўртаҳолликни ихтиёр қилганлар.
Дарҳақиқат, нақлий далилларни тўғри англаш учун ақлий далилларни пухта билиш шарт бўлган. Ақлнинг ҳам имконият даражаси чекланганини эътиборга олиб, Абу Мансур ҳазратлари инсоний ақл-тафаккур кўп ўринларда маълум ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқтириб ўтадилар. Шу билан бирга, ақлнинг Аллоҳ томонидан ато этилган энг улуғ неъмат экани, ундан оқилона фойдаланиш зарурлигини ҳам таъкидлаб ўтадилар.
Мотуридия ақидасининг хусусиятлари
Юқорида айтиб ўтганимиздек, мотуридия ақидасига тааллуқли барча масалаларни шайх Абу Мансур Мотуридийнинг бир ўзи тузиб, тартибга солган эмас, балки ул зотга қадар ҳам Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси маълум даражада шаклланиб улгурган эди.
Маълумки, Аҳли Сунна вал-Жамоа ақидаси ўша даврда уч буюк шахс томонидан ҳимоя қилинган, унинг асосий рукнлари ишлаб чиқилиб мусулмонларга тақдим этилган. Улардан биринчиси - Бағдодда Абул Ҳасан Ашъарий (260/873-337/935 й.), иккинчиси, Мисрда Абу Жаъфар Таҳовий (туғ. 230/845 й.) ва учинчиси Мовароуннаҳрда Абу Мансур Мотуридий (256/870-333/944 й.) сунний ақиданинг ҳимоячилари сифатида ислом тарихида чуқур из қолдирганлар.
Абу Мансур Мотуридий ҳазратларининг хизматлари шундан иборат бўлганки, ўша даврдаги ақидавий оқимларнинг салбий таъсирини кесиш, улар иддаолари, яъни мақсадларига раддия бериш, кучли ва асосли далиллар келтириш орқали ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилиш, илми калом, мантиқ ва мунозара қоидаларига суянган ҳолда хасмлар (даъвогарлар) жаҳолатига илму маърифат билан жавоб қайтариб, чин ихлосли мусулмонларни ақида соҳасида асос бўлувчи қўлланмалар билан куроллантиришни ният қилган эдилар.
Замондошларимиз ва ҳаммамиз учун ақида борасида ҳар доим ёдда тутиб, эътибор қаратиш зарур бўлган бир неча муҳим масалалар мавжуд. Улар қуйидагилардан иборат:
1. Мотуридия билан Ашъария ақидалари ўртасидаги айрим қарама-қаршиликлар:
Мотуридия ақидаси билан Ашъария ақидаси ўртасида айрим масалаларда қарама-қаршиликлар ҳар доим мавжуд бўлган ҳамда улар ҳозирги кунда ҳам бор. Бу масалаларни баъзи олимлар 15та, бошқалари 40 та ҳисоблаган, баъзилари ҳатто 50 тагача санаб етказганлар. Ихтилофга сабаб бўлган масалалардан асосийлари:
- Аллоҳнинг сифатларини зотий ва феълий сифатларга бўлиш;
- Аллоҳнинг сифатлари айни зотми ёки ғайри зотлиги;
- Мусо (а.с.) Аллоҳнинг каломини бевосита эшитганми ёки билвоситами;
- ирода билан ризо бирми ёки тафовутлими;
- Аллоҳни кўриш жоизлигига Ашъарий ақлий далил келтирганлиги;
- ёмон амалнинг содир этилиши бандаданми ёки у ҳам Аллоҳданми эканлиги, бунга Мотуридий ҳусну қубҳ ҳаммаси Аллоҳдан, фақат беҳикмат эмас, дейдилар;
- Ашъарий инсонга ўз тоқатидан ташқари ишга таклиф этилиши мумкин, Мотуридий эса мумкин эмас, деб айтади.
Шунингдек, Аллоҳни ақл билан таниш вожибми ёки нақл биланми, деган масалада Мотуридий ақл билан таниш вожиб деганлар.
- Имон билан Ислом бир нарса экани;
- бахтли ва бахтсиз инсонлар охир-оқибатда ўзгариб-алмашиб қолишлари мумкинлиги;
- яхши ва ёмон амаллар банданинг хоҳиш-истаги ва Аллоҳнинг яратиши билан ҳосил бўлиши;
- муқаллиднинг имони мақбул бўлиши;
- имоннинг ўзи эмас, балки унинг нури, қуввати ортиб ёки камайиб туриши;
- имоннинг рукнлари иккита, яъни иқрор ва тасдиқдан иборат экани;
- амаллар имон таркибига кирмаслиги;
- савоблар ва гуноҳлар алоҳида ҳисобга олиниши.
2. Мотуридиянинг мўътазила ақидасидан фарқлари:
Шуни таъкидлаб ўтмоқ лозимки, диний фанлар қаторига калом илмининг киришига мўътазила тоифасининг ақлий мунозаралари ва қаршиликлари асосий сабаб бўлган. Улар ашъария ёки мотуридия каби ақлни нақлий далиллардан кейинги ўринга эмас, балки биринчи ўринга қўйганлар. Ақл ва фикрни асосий манба сифатида олиб, унга тўғри келмаса, ҳатто оят ва ҳадисларни инобатга олмаганлар. Шу билан нусусни(Нусус - оят ва ҳадислар.) ақлга бўйсундирмоқчи бўлганлар. Бинобарин, шайх Мотуридий ҳазратлари бошқа оқимларга қараганда кўпроқ мўътазила фирқасининг қарашларига қарши раддиялар билан чиққанлар. Мўътазила фирқасининг ақлий ва фикрий далиллари нотўғри эканини исботлаш мақсадида калом илми билан шуғулланишга тўғри келган, буюк ҳамюртимиз кейинчалик мана шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур услуб билан Аҳли Сунна ақидасини ҳимоя қилишга муяссар бўлган.
3. Мўътазила фирқаларининг мотуридия ақидасига зид қарашлари. Мўътазила ақидасига кўра:
- Аллоҳнинг исми ва сифатлари азалий эмас, улар ҳеч қандай маъно ва мазмунга эга эмас. Аллоҳнинг исми билан сифатлари бир нарса.
- Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам Аллоҳни кўриш мумкин эмас.
- Қуръон - махлуқ. У азалий эмас.
- Банданинг фойдасини кўзлаб иш қилиш Аллохдинг зиммасига вожиб.
- Банданинг қудрати ва тоқати Аллоҳга боғлиқ эмас. Феълларни банданинг ўзи яратади.
- Қатл этилган киши ажалидан олдин ўлган бўлади.
- Ҳалол - ризқ, лекин ҳаром - ризқ эмас.
- Аллоҳнинг иродаси ҳодисдир, қадим эмас.
- Аллоҳ фақат яхшиликни ирода қилади. Ёмонлик унинг иродасидан ташқаридир.
- Амаллар имоннингтаркибига киради. Амал имоннинг асосий рукнидир.
- Имон озайиб, кўпайиб турувчи нарсадир.
- Гуноҳи кабира қилган мусулмон имон билан куфр (Куфр - [араб. - camp, тўсмоқ; инкор этмоқ] имонсизлик. Куфр уч хил бўлади: 1. Ҳақиқий куфр. Дилида ҳам, тилида ҳам ўзининг кофирлигини иқрор этувчи кофирлар куфри. Бундай одамлар ҳақиқий кофирлардир. 2. Инодий куфр. Аллоҳнинг ҳақлигини, Муҳаммад алайҳис-саломнинг ҳақиқий пайғамбар эканликларини яхши била туриб, қайсарлик ва арзимаган сабабларни кўрсатиб имон келтирмайдиганларнинг куфри. 3. Ҳукмий куфр. Яъни ҳақиқий эмас, балки баъзи бир шариатга хилоф ишларни қилиш ёки куфр сўзларини билиб-билмай гапириб қўйиш сабабли куфрга хукм қилинувчи ҳолат.) ўртасида қолади.
- Гуноҳи кабира эгалари дўзахда абадий қоладилар.
- Фақат яхши одамларни шафоат қилинади. Гуноҳкорларни ҳеч ким шафоат қилмайди.
- Жаннат билан дўзах ҳануз яратилмаган.
- Қабрдаги азоб ёки роҳат, қиёмат тарозуси, Пулсирот(Пулсирот - [форс., араб. - йўл кўприги] - қиёмат куни дўзах узра тортилган қилкўприк. Ҳар бир банда ундан ўтишга мажбур, кимдир яшиндек тез ўтади, кимдир секин ўтади, кимдир тубсизликка қулайди.), Ҳавзи Кавсар(Ҳавзи Кавсар - ислом динида жаннатдаги, сувлари тиниқ ва ширин деб таъриф қилинадиган Кавсар номли чашма.) кабиларнинг ҳаммаси йўқ нарса.
- Авлиёларда ҳеч қандай каромат бўлмайди.
- Муқаллиднинг(Муқаллид - имонига далил келтира олмайдиган, лекин мусулмонман деб юрувчи одам.) имони қабул қилинмайди.
Мазкур нуқталардан кўриниб турибдики, мўътазила фирқаси бизнинг мотуридия ақидамизга тўғри келмаган алоҳида назарияга эга бўлган. Нозик ва қалтис жиҳати шундаки, юқорида айтиб ўтилган қарашлардан онгли зиёлилар, ҳатто уламолар ҳам чалғиб кетишлари ҳеч гaп эмас. Шунинг учун ҳам сунний, ҳанафий, мотуридий ақидамизга оид китобларни кўпроқ мутолаа қилиш ва дилга жо этиш зарур эканлиги шак-шубҳасиздир.
Айдарбек Тулеповнинг
"Ислом ва ақидапараст оқимлар" китобидан